Каъба қурилишининг Қурайш ўртасида тақсимланиши

3 йил аввал 2125 siyrat.uz

Қурайшликлар Каъба қурилишини ўзаро тақсимлаб олдилар. Жумладан, унинг эшиги жойлашган девори Бани Абдуманоф ва Бани Зуҳра қабилаларига, Қора тош ва Рукни Ямоний оралиғи Бани Махзум ва уларга қўшни қабилаларга, Каъбанинг орқа томони Бани Жумаҳ ва Бани Саҳмга, ал-Ҳижр жойлашган томони Бани Абдуддор ва Бани Асад ҳамда Бани Адийларга бўлиб берилди. Мана шу томон Ҳатим[1] дейилади. Валид ўзи   турган тарафдан бузишни бошлади. Қолганлар унга яқинлашмай, нима бўлишини кутиб турар, «Қани кутамиз, агар унга бу кеча ҳеч нима қилмаса, Аллоҳ бу ишимиздан рози бўлган бўлади, биз ҳам бу­зишда қатнашамиз», дер эдилар. Валид ўша кеча тинч ухлаб, эртаси саҳарда яна ишини давом эттира бошлади. Буни кўрган бошқалар ҳам ишга киришдилар ва Каъбани бузиб, унинг пойдеворига етиб келди­лар. Бу Иброҳим алайҳиссалом ўрнатган пойдевор бўлиб, туянинг ўркачи каби ўрнатилган, бир-бирини маҳкам ушлаб турган кўк тошлардан иборат эди.

Ибн Исҳоқ: менга ҳадис ровийларидан бирининг айтишича, Каъ­ба бузилишида қатнашган кишилардан бири пойдеворга терилган тошлардан бири орасига темир солиб, чиқармоқчи бўлган ва тош қимирлаган вақтда бутун Макка ларзага келган. Шунинг учун улар пойдеворга тегишмаган.

Ибн Исҳоқ: айтишларича, Қурайш аҳли пойдевордан сурёний тилда ёзилган бир мактуб топишган. Мактубни ўқий олмасдан бир яҳудийга кўрсатишган. Унда: «Мен Бакканинг эгаси Аллоҳдирман, бу шаҳарни осмонлар ва ерни яратган, қуёш ва ойга сурат берган ку­нимда яратганман. Уни еттита улуғ фаришталар билан ҳимоя қилиб қўйганман. Бу шаҳар ундаги икки улкан тоғлар йўқ бўлмагунича йўқ бўлмас. Унинг аҳлига сут ва сувларида барака берилган», – деб ёзил­ган экан.

Ибн Исҳоқ: баъзиларнинг айтишларича,     улар Иброҳим алайҳиссалом  мақомларидан ҳам бир мактуб топишган, унда: «Макка шаҳри – Аллоҳнинг уйидир, унинг ризқи уч йўлдан келади ва уни ўз аҳлидан аввал ҳеч ким ҳалол қила олмайди[2]», – деб ёзилган экан.

Ибн Исҳоқ: Лайс ибн Абу Сулаймнинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлишларидан қирқ йил аввал Каъба ичидан бир тош топиб олишган бўлиб, унда: «Ким яхшилик экса, хурсандликни ва ким ёмонлик экса, надоматни ўриб олади. Бу нимаси, сизлар ёмон ишларни қилиб, эвазига яхшилик кутяпсизларми? Ҳа, тикан эккан асло узум олмас», – деб ёзилган экан.


[1] Ҳатим – босиб синдирилган, эзғиланган, пастлатилган ёки девор деган маъноларни ифодалайди. Ҳатим сўзининг этимологияси ва қўлланиши ҳақида манбаларда келтирил­ган маълумотлар хилма-хил. Жумладан, Каъбанинг тарнови жойлашган томонида одам­лар тиқилинч бўлиб, бир-бирларини босиб юборганлари учун Ҳатим деб номланган. Ёки бу хусуматчилар қасам ичадиган жой бўлиб, кимнинг қасами ёлғон бўлса, ҳалок бўлган. Шунинг учун бу жой ҳалок қилувчи деб аталган. Баъзиларга кўра, Ҳатим деб, умуман, Каъба деворига айтилади (Лисон ал-араб. 12-т.137-б. ).

[2] Бу ерда «ҳалол қилмоқ» ибораси Макканинг Аллоҳ таоло томонидан уруш ҳаром қилинган шаҳарлигига нисбатандир. Яъни шаҳар аҳолиси уни ҳалол қилсалар ва у ерда урушсаларгина бошқалар учун ҳам ҳалол бўлади, дейилмоқда.

 
 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ