Салама розияллоҳу анҳунинг ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан огоҳлантирган яҳудий ҳақидаги сўзи

1 ўн йил аввал 1894 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: менга Солиҳ ибн Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Афв, Маҳмуд ибн Лабиддан, у бадр аҳлидан бўлган Салама ибн Салома ибн Вақашдан ривоят қилиб деди: «Бизнинг бани Абдул Ашҳал ора­сида яшовчи яҳудий қўшнимиз бўлиб, бир куни уйидан бизникига чиқди. У тик туриб гапира бошлади. Мен ўшанда у ердагиларнинг енг    кичиги бўлиб, устимга тўн кийиб, уйимиз саҳнида ёнбошлаб ёт­гандим. У қиёмат, ўлимдан сўнг қайта тирилиш, ҳисоб, тарозу, жан­нат ва дўзахларни гапириб ўтди. Қўшнимиз бу гапларни ширк аҳли бўлган, ўлимдан сўнг қайта тирилишга ишонмайдиган бутпараст­ларга қарата айтар эди. Қулоқ солиб турганлар: «Фалончи, сен шу ишларни рост деб ўйлайсанми? Одамлар ўлимдан сўнг қайта тири­либ, бу дунёда қилган амалларига қараб жаннат ва дўзахга киради­ларми?» – дедилар. У эса: «Ҳа, шундай, номи билан қасам ичилади­ган Зотга қасамки, дўзахга тушган кимса бунинг ўрнига, бу дунёдаги энг катта, роса қизитилган тандирга солиниб, куйдирилишига рози бўлади», – деди. Улар: «Айтганларингни нима билан исботлайсан?» – деб сўрадилар. У: «Бу сўзларимнинг исботи, яқинда шу томонлардан бир Пайғамбар чиқади», – деб Макка ва Яман томонга ишора қилди. Одамлар: «Бу Пайғамбар қачон чиқади?» – дедилар. У мен­га қараб: «Агар шу бола узоқ умр кўрса, албатта, бу Пайғамбарни кўради», – деди. Салама деди: «Аллоҳга қасамки, шу гапдан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, Аллоҳ ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар қилиб юборди ва биз у Зотга иймон келтирдик. Аммо ҳалиги яҳудий ҳасад қилгани ва ҳаддидан ошгани учун иймон келтирмасдан кофир бўлди. Биз унга: «Шўринг қурғур, бизларга фалон гапларни айтмас­мидинг?» – дердик. У «Ҳа, лекин бу у эмас», – дерди».




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ