Жабру жафо

1 ўн йил аввал 2958 siyrat.uz

  Қурайшнинг Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга ва саҳобаларига бўлган адовати кучайиб кетди. У Зотнинг ўзлари Қурайш тарафидан турли азиятлар кўрдилар. Ана шулардан бири Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинди: «Пайғамбар соллоллоҳу алайаҳи васаллам «Ҳижри Исмоил»да Каъба қўйнида намоз ўқиётган эдилар, бирдан Уқба ибн Абу Муайт келиб, тўнини у Зотнинг бўйнига солиб қаттиқ бўға бошлади. Шунда Абу Бакр келиб унинг елкасидан ушлаб, Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломдан ажратиб олдилар ва: «Бир кишини Роббим − Аллоҳ, дегани учун ўлдириб юборасизларми?» дедилар». Яна бошқа ривоятда Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саждада эдилар. Қурайшликлар эса бу ҳолатни атрофда кузатиб ўтиришган эди. Шу пайт Уқба ибн Абу Муайт сўйилган туянинг қорнини олиб келиб, Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг устларига ташлади. У Зот бошларини кўтара олмадилар. Дарҳол қизлари Фотима розияллоҳу анҳо келиб, у нарсани оталарининг устидан олдилар ва бу ишни қилган кимсага дуоибад қилдилар». Бундан ташқари, улар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни йўлларда ёки бирор мажлисда кўриб қолишса, бир-бирларига кўз қисишар, кинояли сўзлар отишар, мазах қилишар эди. Табарий ва Ибни Исҳоқларнинг ривоятига кўра, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом Макка кўчаларидан бирида кетаётган эдилар, мушриклардан бири бир ҳовуч тупроқни олиб, у Зотнинг бошларига сочди. У Зот уйларига бошлари тупроққа беланган ҳолда қайтдилар. Қизларидан бири дарҳол туриб, йиғлаб-йиғлаб оталарининг тупроққа беланган бошларини ювди. Шунда Расулуллоҳ: «Эй қизалоғим, йиғламагин! Зеро, Аллоҳ отангни ҳимоя қилгувчидир», дедилар. Расулуллоҳнинг саҳобаларига келсак, улар ҳам Қурайш тарафидан турли-туман азобларни тотдилар. Ҳатто улардан азоб остида ҳалок бўлганлари ҳам, кўзи ожиз бўлиб қолганлари ҳам бўлди. Лекин бу азобу уқубатлар уларни Аллоҳнинг динидан тирноқчалик ҳам ортга қайтара олмади. У буюк зотлар кўрган ситамлардан намуна, мисоллар келтирсак баҳсимиз доираси жуда ҳам кенгайиб кетади. Лекин биз бу ерда Имом Бухорий Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисни келтирмоқчимиз. У киши айтдилар: «Каъба соясида тўнларини ёстиқ қилиб ёнбошлаган Расулуллоҳнинг олдиларига келдим. Мушриклар тарафидан шафқатсизликлар кўраётган пайтимиз эди. «Биз учун Аллоҳ таолога дуо қилмайсизми, эй Расулуллоҳ», дедим. Шунда дарҳол юзлари қизарган ҳолда ўринларидан туриб, ўтирдилар ва: «Сизлардан илгари ўтганларнинг гўшт, мускуллари темир тароқлар билан таралган-тирналган, лекин бундай қийноқлар уларни ўз динларидан заррача ҳам буриб юборолмаган. «Шубҳасиз, Аллоҳ таоло бу ишни, албатта, комил қилур. Ўшанда бир отлиқ Санъодан Ҳазрамавтгача (шаҳар номи) Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмай бора олади».

Ибратли нукталар

   Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ва у Зотнинг     саҳобалари     мушриклар     томонидан йўлиққан азобу уқубатлар қиссасини ўқиган кишининг хаёлида дастлаб ушбу савол туғилиши мумкин: Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ўз саҳобалари билан ҳақиқат устида бўлган ҳолларида нега бунчалар азоб тортганлар? Нима учун Аллоҳ уларни, Ўзининг Йўлида курашаётганларига, Ўзининг Динига чақираётганларига қарамасдан, ҳимоя қилмади? Жавоб: Бу дунёда инсоний сифатларнинг биринчиси: мукаллафлиги-масъуллигидир. Яъни инсон Парвардигори томонидан барча қийинчиликларни кўтаришга бурчлидир. Исломга даъват қилиш, бу йўлда курашиш ана шу масъулиятларнинг энг муҳимларидандир. Бу масъулият − таклиф Аллоҳ таолога бандалик қилишнинг зарурий вожибларидандир. Мукаллафлигимизни, Аллоҳ таолога қуллигимизни идрок этмасак, келтирган иймонимиздан не маъно?! Демак, бандалик мукаллафликни, мукаллафлик эса машаққатларни кўтаришни, ҳавойи нафсга қарши курашишни тақозо қилар экан. Шу сабабдан бу дунёда бандаларнинг вазифаси икки ишни рўёбга чиқариш бўлади: 1. Ислом динини маҳкам тутиб, соғлом Исломий жамиятни барпо қилиш. 2. Уни рўёбга чиқариш йўлидаги машаққатларни кўтариб, молу жонни фидо қилиш. Агар Аллоҳ хоҳлаганида Исломий жамият барпо қилиш йўлини осон ва оддий қилиб қўйган бўларди. Лекин у ҳолатда иймон келтириш билан бирга молу жонини ҳам бу йўлга тикиб қўйган, барча хоҳишлари   Расулуллоҳ   саллоллоҳу   алайҳи   вавасаллам келтирган Динга тобе бўлган кишини аниқлаш қийин бўлиб, мўмин ҳам, мунофиқ ҳам, ростгўй ҳам, ёлғончи ҳам фарқланмай қолиши мумкин эди. Демак, Ислом йўлидаги инсонлар йўлиқадиган қийинчиликлар тарих тонгидан буён давом этиб келаётган Илоҳий қонун экан. «Алиф, Лом, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта, Аллоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни Ҳам аниқ билур.» (Анкабут сураси, 1,3-оят) (Эй мўминлар,) ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким (Ҳақ Йўлда) курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!» (Оли Имрон сураси, 142-оят) Мусулмон инсон Дин йўлида йўлиқадиган азобу уқубатларнинг табиатини − хусусиятини фаҳмлаган бўлсангиз, мусулмонни ўз ғоясига етишдан тўсадиган ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслигини англаб етасиз. Яъни мусулмонлар Аллоҳ таклиф қилган ғояга етишларининг суръати унинг йўлида тортган азоблари миқдорига қараб бўлади. Шунинг учун киши Роббининг буйруғини амалга ошириш йўлида бошига қийинчилик, машаққат тушганда ноумидликка тушмаслиги, балки аксинча, бундан ғалабага, муваффақиятга жуда оз қолганлиги хушхабарини    олиши    лозим    бўлади.    Бунинг далилини қуйидаги оятдан ҳам топишингиз мумкин. Ёки (эй мўминлар,) сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли — ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир, қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди:)   «Огоҳ    бўлингизким, АЛЛОҲНИНГ ёрдами яқиндир». (Бақара сураси,214-оят) Яна   Хаббоб   ибн   Арат   розияллоҳу   анҳу мушриклар берган азиятлардан баданлари қақшаб, Расулуллоҳ   соллоллоҳу    алайҳи    васалламга арзланиб   ва  мусулмонларга  ғалаба  тилаб  дуо қилишларини сўраб келгани ҳақидаги ривоятдан ҳам далил олишингиз мумкин. Ўшанда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Хаббобга шу маънода жавоб  қилган  эдилар: «Агар  Аллоҳ таолонинг йўлида    ҳам    азоб-уқубат    тортиладими,    деб ажабланаётган бўлсанг, билгинки, Аллоҳ таолога иймон   келтирган   барча   бандалар   устидаги   У Зотнинг қонуни шудир. Ўшандай бандаларидан кўпининг    баданлари    темир    тароқлар    билан тирналиб, титиб ташланган. Лекин бундай ишлар уларни Аллоҳнинг динидан қайтара олмаган. Агар сен азоблар, қийноқлар ғалабадан узоқлаштирувчи, ноумид қилувчи нарсалардир, деб ўйласанг, хато қиласан.   Балки   алам,   ситамлар   йўлида  давом этаётганинг ғалабага яқинлашаётганингдан дарак беради. Яқинда Аллоҳ таоло бу Динни ғолиб қилади. Ўшанда киши Санъодан Ҳазрамавтгача Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қўрқмасдан, бемалол сайр қилиши мумкин».




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ