Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари ҳақида Утба ибн Рабиъанинг сўзи. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Утба ўртасида бўлиб ўтган суҳбат

3 йил аввал 1790 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Язид ибн Зиёд Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразийдан менга етиб келишича, қавмнинг саййидларидан бўлган Утба ибн Рабиъа бир куни Қурайш улуғлари даврасида турган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ёлғиз ўзлари ўтирган пайтда: «Эй Қурайш жамо­аси! Муҳаммаднинг олдига бориб, у билан гаплашайми? Унга бир неча шартларни таклиф қиламан. Қайси бирини қабул қилса, нимани хоҳласа, шуни берамиз, у эса бизни тинч қўяди», – деди. Бу Ҳамза мусулмон бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари кундан-кунга кўпайиб бораётганини кўрганларидан сўнг бўлаётган иш эди. Улар: «Майли, эй Абул-Валид! Боргин-да, у билан гаплаш!» – дей­ишди. Утба бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига ўтирди ва: «Эй биродаримнинг ўғли! Сен бизнинг қандай мавқега: қариндошчиликда ҳурматга, насабда юксакликка эга эканимизни биласан. Бироқ сен қавмингга шундай бир иш олиб келдингки, у билан жамоатларини тарқатиб юбординг, одамларни нодонга чиқардинг, илоҳлари ва дин­ларини айбладинг, ўтиб кетган ота-боболарини кофирга чиқардинг. Менга қулоқ сол! Сенга бир нечта шартларни таклиф қиламан – ўйлаб кўр, балки, бирортасини қабул қиларсан», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Гапир, эй Абул-Валид, эшитаман!» – деди­лар. У: «Эй биродаримнинг ўғли! Агар сен бу келтирган нарсанг би­лан мол-давлат хоҳлаётган бўлсанг, биз сенга молларимиздан тўплаб берайлик, сен энг бойимиз бўлгин; агар саййидликни хоҳласанг, сени бошлиқ қилиб олайлик, бирон бир иш сенсиз ҳал бўлмасин; агар подшоҳликни хоҳласанг, сени ўзимизга подшоҳ кўтарайлик; агар сенга келаётган нарса шарпа бўлиб, ундан қутилишга қодир бўлолмаётган бўлсанг, ўз ҳисобимиздан сенга табиб ёллаб, то соғайгунингча уни таъминлаб турайлик, кўпинча телбалик кишидан ғолиб кела­ди», – ёки шунга ўхшаш сўзларни айтди. Утба сўзини тамомлагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гапириб бўлдингми, эй Абул-Валид?» – де­дилар. У: «Ҳа», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди менга қулоқ сол!» – дедилар. У: «Эшитаман», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман! «Ҳа, мим. (Ушбу Қуръoн) мeҳрибoн вa рaҳмли Aллoҳ тoмoнидaн нoзил қилингaндир. У билaдигaн қaвм учун aрaбий Қуръoн ҳoлидa (нoзил қилиниб), oятлaри муфaссaл бaён қилингaн китoбдир. (У) xушxaбaр бeрувчи вa oгoҳлaнтирувчидир. Бaс, (кoфирлaрнинг) кўплaри юз ўгирдилaр. Дeмaк, улaр «эшитмaслaр». Улaр дедилaр: «Диллaримиз сeн бизлaрни дaъвaт қилaётгaн нaрсaдaн тўсилгaн...»113.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръон ўқиб беришда давом этди­лар. Утба уни эшитгач, жим қолганча қулоқ солди ва икки қўлини орқага қилиб ерга таянгача тинглашда давом этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда оятигача ўқиб, сажда қилдилар ва: «мана, нимани эшитган бўлсанг эшитдинг, эй Абул-Валид! Хўш, танла!» – дедилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ