Қурайш қабиласининг Надр ва Ибн Абу Муъайтни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида сўраш учун яҳудий роҳибларига юбориши

3 йил аввал 2027 siyrat.uz

Надр ибн Ҳорис Қурайш улуғларига тавсия бергач, улар Над­рни ва у билан бирга Уқба ибн Абу Муъайтни Мадинадаги яҳудий роҳибларининг олдига юборишди. У иккаласига: «Роҳиблардан Муҳаммад ҳақида сўранглар. Уларга Муҳаммаднинг сифатларини баён қилиб, айтаётган гапларини сўзлаб беринглар. Улар аҳли китоб­дирлар. Бу роҳиблар пайғамбарлар ҳақида биз билмаган нарсаларни биладилар», – дейишди. Ҳалиги иккиси Мадинага келишди ва яҳудий олимларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида сўрашди. У Зотнинг ишлари­ни тавсифлаб беришди. Баъзи сўзларини айтиб, уларга: «Сизлар тав­рот аҳлисиз, сизнинг олдингизга бу одам ҳақида хабар беришингиз учун келдик», – дейишди. Яҳудий олимлари уларга: «Муҳаммаддан биз ўргатадиган учта нарса ҳақида сўранглар. Агар шу нарсалар ҳақида хабар берса, Аллоҳ тарафидан юборилган Пайғамбардир. Агар хабар бера олмаса, ёлғончидир, унга нимани маъқул кўрсангиз, шуни қилинглар. Биринчиси, аввалги асрларда йўқолган йигитлар (асҳоби каҳф) ҳақида, уларга нима бўлганини сўранглар? Улар биланажойиб воқеа содир бўлган. Иккинчиси, ер юзининг машриқу мағрибига етиб борган дунё кезувчи киши (Зулқарнайн) ҳақида сўранглар. Унга нима бўлган? Яна ундан руҳ ҳақида, унинг нимали­гини сўранглар! Агар шу нарсалар ҳақида хабар бера олса, унга эрга­шинглар, чунки у – Пайғамбардир. Агар хабар бера олмаса, у ёлғончи кишидир. У тўғрида нимани лозим топсангиз, шуни қилинг!» – дейишди.

Надр ибн Ҳорис ва Уқба ибн Абу Муъайт ибн Абу Амр ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусай Маккага қайтиб, қурайшликлар олдига келишди ва: «Эй Қурайш жамоаси! Биз сиз­лар билан Муҳаммаднинг ўртасини ажрим қилиб берадиган нар­сани олиб келдик. Яҳудий олимлари ундан бир нечта нарсалар ҳақида сўрашимизни буюришди. Агар улар ҳақида хабар бера олса, у – Пайғамбар, акс ҳолда ёлғончидир. У билан хоҳлаганингизни қилинг!» – дейишди»,  деб хабар беришди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ