Саҳифа (битим)нинг бекор қилиниши ҳақида

1 ўн йил аввал 2038 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Бани Ҳошим ва Бани Абдулмутталиб қурайшликлар уларга қарши бир саҳифа (битим) ёзиб, келишиб олгач, қийин вази­ятда қолган эди. Кейин Қурайшдан бир гуруҳи қурайшлик мушри­кларнинг Бани Ҳошим ва Бани Абдулмутталибга қарши ёзган мазкур саҳифаларини бекор қилишга уринди. Бу ишда ҳеч ким Ҳишом ибн Амр ибн Рабиъа ибн ал-Ҳорис ибн Ҳабиб ибн Наср ибн Жазима ибн Молик ибн Ҳисл ибн Омир ибн Луайчалик жон куйдирмади. Чунки у она томонидан Надла ибн Ҳошим ибн Абдуманофнинг жияни бўлиб, Ҳишомнинг шу орқали Бани Ҳошимга қариндошлиги бор эди. У ўз қавми ичида ҳам алоҳида обрў-эътиборга сазовор кишилардан эди. Менга етиб келган маълумотларга кўра, икки тоғ орасида қамалда қолган Бани Ҳошим ва Бани Абдулмутталибга кечаси озуқа юклан­ган туялар билан келар, тоғ орасидаги мавзедан чиқиш жойига кел­ганда туялар жиловини ечиб олиб, уларни ён тарафга ҳайдаб мавзега яқинлаштирарди. Худди шундай туяларга матолар юклаб келар ва бу ишни шу тарзда амалга оширарди.

Ибн Исҳоқ: сўнгра Ҳишом Зуҳайр ибн Абу Умайя ибн ал-Муғира ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Махзумнинг олдига борди. Зуҳайрнинг онаси Отика бинт Абдулмутталиб эди. Ҳишом унга қарата: «тоғаларинг сен билган жойда (қамалда) бўла туриб қандай қилиб овқат ейиш, кийим кийиш ва аёлларга уйланиш кўнглингга сиғди? Ҳолбуки улар­нинг бирон нарса сотиш ёки сотиб олишга имконлари йўқ, на уйла­на оладилар ва на никоҳга бера оладилар? Огоҳ бўл, Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, агар улар Абулҳакам ибн Ҳишомнинг тоғалари бўлганларида ва кейин уни қурайшликлар қилган ишга чақирган бўлганингда, Абулҳакам сенга асло қулоқ тутмаган бўларди», – деди. Шунда Зуҳайр: «Вой бечора Ҳишом, нима қилай ундай бўлса? Мен ёлғизгина одамман. Аллоҳга қасамки, агар мен билан яна бир киши бўлганида у (саҳифадаги келишув)ни бекор қилишга уринар ва буз­магунгача қўймасдим», – деди. Ҳишом унга: «Мен битта одам топ­дим», – деди. Зуҳайр: «Ким экан у?» – деб сўраган эди, Ҳишом: «У менман», – деб жавоб берди. Зуҳайр: «У ҳолда бизга учинчисини ҳам топиб бер», – деди.

Зуҳайрнинг бу сўзидан кейин у ал-Мутъим ибн Адий (ибн Нав­ фал ибн Абдуманоф) олдига бориб унга шундай деди: «Эй Мутъим, Бани Абдуманофдан икки уруғнинг ҳалок бўлишига кўнглинг рози бўлдими? Ҳолбуки, сен Қурайш фойдаси учун бу ишга қўшилгансан. Огоҳ бўл, аллоҳга қасам ичиб айтаманки, агар сизлар бунинг амал­га ошишига имкон берсангиз, қатъиян ва тез орада Қурайшга бир ҳалокат етишини билиб қўйинглар». ал-мутъим: «Вой бечора, нима ҳам қилишим мумкин? ҳолбуки мен бир ўзимман», – деди. ҳишом эса: «мен иккинчисини топдим», – деди. ал-мутъим: «ким экан у?» – деб сўраган эди, ҳишом: «У менман», – деб жавоб берди. ал-мутъим: «У ҳолда бизга учинчисини ҳам топ», – деди. Ҳишом: «Топ­дим», – деди. «Ким экан у?» – деган эди, Ҳишом: «У Зуҳайр ибн Абу Умайя»,– деб жавоб берди. Ал-Мутъим: «Ундай бўлса, бизга тўртинчисини ҳам топ», – деди.

Ҳишом, ал-Мутъимнинг бу сўзидан кейин Ҳишом ибн Абул-Бахтарийнинг олдига борди. Ундан ҳам ал-Мутъим ибн Адийдан сўраган нарсани сўради. Ниҳоят Абул-Бахтарий ҳам: «Бунга ёрдам берадиган бирон кимса борми?» – деди. Ҳишом: «Ҳа, бор», – деган эди, «Ким ўзи у?» – деб сўради. Ҳишом унга: «Зуҳайр ибн Абу Умай­я, ал-Мутъим ибн Адий ва сен билан мен», – деди. Шунда Абул-Бахтарий: «Унда бизга бешинчисини ҳам топ», – деди.

Шундан сўнг Ҳишом, Замъа ибн ал-Асвад ибн ал-Мутталиб ибн Асаднинг олдига бориб, у билан гаплашди. Унга қамалдагилар билан қариндошчилиги борлиги ва шунга оид ҳақларини эслатди. Замъа унга: «Сен чақираётган бу ишда бизга ёрдам берадиган бирон кимса борми?» – деб сўради. Ҳишом: «Ҳа, бор», –  деди ва юқоридагиларнинг исмларини санаб ўтди.

Бу кишилар кечаси Макканинг юқори томонидаги Ал-Ҳажун179

деган жойда кўришадиган бўлдилар. Ўша жойда маслаҳатлашиб, саҳифани бекор қилишга аҳдлашиб олдилар. Зуҳайр: «Бу ишда би­ринчи бўлиб ҳаракатга тушган киши мен бўлганим боис, биринчи бўлиб мен гапираман», – деди. Тонг отгач, Дор ан-Надвага боришди. Зуҳайр ибн Абу Умайя устида чопони билан Каъбани етти марта та­воф қилди, кейин эса халққа юзланиб шундай деди: «Эй Макка аҳли! Бани Ҳошим ҳеч нарса олиб-сотолмасдан ҳалок бўлаётган бир пайтда биз овқат еб, кийим кия оламизми? Аллоҳга қасамки, мана шу золим ва бизларни бир-биримиздан узувчи саҳифа йиртиб ташланмагунгача ўтирмайман», – деди.

Каъбанинг бир четида ўтирган Абу Жаҳл ишга аралашиб: «Ёлғон гапирдинг, Аллоҳга қасамки, бу саҳифа йиртилмайди», – деди. Шун­да Замъа ибн ал-Асвад ҳам бўш келмай: «Аллоҳга қасамки, сен ун­дан ҳам ёлғончироқсан. Биз у ёзилган пайтда ҳам ёзилишига рози бўлмагандик», – деб орага кирди. Абул-Бахтарий эса: «Замъа тўғри айтди. биз ҳозир унда ёзилганларга рози эмасмиз ва тўғри деб бил­маймиз», – деди. Ал-Мутъим ибн Адий сўз олиб: «Сиз иккингиз тўғри айтдингиз. Бундай демаган ёлғон гапирган бўлади, аслида. Биз у келишувдан ва унда ёзилганларнинг Аллоҳ олдидаги масъулияти­дан ўзимизни поклаймиз», – деди. Ҳишом ибн Амр ҳам шунга ўхшаш сўзларни айтгач, Абу Жаҳл: «Бу бир кечада, бу ердан бошқа жойда маслаҳатлашиб, пишитиб олинган ишдир», – деди. Абу Толиб мас­жиднинг бир томонида ўтираркан, Ал-Мутъим саҳифани йиртиб таш­лаш учун олдинга юрди ва ундаги «бисмикаллоҳумма» деган сўздан бошқа ҳамма жойини ҳашоратлар томонидан еб қўйилганини кўрди.

Саҳифани Мансур ибн Икрима180 ёзган эди. Гап-сўзларга кўра, унинг қўли фалаж бўлиб қолган.

Ибн Ҳишом, баъзи илм аҳли бизга шуларни зикр этди, дея ри­воятда давом этади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Толибга: «Эй амакижон, Раббим Қурайш саҳифасини ҳашоратлар ихтиёрига қўйиб берди. Унда Аллоҳнинг исмидан бошқа ҳеч нарса қолмади. Саҳифага би­тилган зулм, тўсқинлик ва бўҳтонни йўқ қилдилар», – дедилар. Шунда Абу Толиб: «Роббинг сенга унинг хабарини бердими?» – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа», деб жавоб бергач, Абу Толиб: «Аллоҳга қасамки, сендан ҳеч ким устун бўла олмайди», – деди.

Кейин қурайшликлар олдига бориб: «Эй Қурайш жамоаси! Бирода­римнинг ўғли менга шундай-шундай деди. Қани, юринглар, саҳифани бориб кўрамиз. Агар ҳақиқатан биродаримнинг ўғли айтгандек бўлса, бизга нисбатан бўлган тўсқинлигингизни тўхтатинг ва саҳифадаги нарсалардан воз кечинг. Агар ёлғон гапирган бўлса, жияним­ни сизга топширдим», – деди. Шунда мушриклар: «Биз бунга рози­миз», – дедилар. Бориб қарасалар, саҳифа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек экан. Бу ҳолат уларни яна ҳам ғазаблантириб юборди. Бу пайтда юқорида зикр этилган қурайшлик гуруҳ саҳифани бузишда келишиб олган ишларини амалга оширдилар181.

Ибн Исҳоқ: саҳифа йиртилиб, ундаги шартлар бекор бўлгач, Абу Толиб уни йўқ қилган кишиларни мақтовчи шу шеърини айтди:

Огоҳ бўлингким, денгиз орқали (Ҳабашистонга ҳижратга) кет­ганларга Роббимиз инояти етди! Аллоҳ инсонларга меҳрибонроқдир,

Аллоҳ инсонларга саҳифанинг йиртилгани ва ўзи рози бўлмаган барча нарсанинг фосид эканини билдирди.

Унда буткул бўҳтон ва бир дунё сеҳр бор эди, лекин охирги пайт­да сеҳрнинг ривож топмагани кўрилди.

Келишувга кучли, жиддий инсонлар эргашдилар, фалокатлар уларнинг бошлари узра айланиб юрганди182,

Гуноҳ иш бир қўл ва бўйиннинг кесилишига етарли эди,

Макка аҳлининг йўлга тушиб қочишларига ёмонлик (гуноҳ)дан мушакларининг титраши етарли бўлди.

Ишлаб юрган ер ҳайдовчи, Тиҳома ёки Нажд ерларида бўлсин, ўз ҳолига ташлаб қўйилади.

Қурол-яроғ сифатида ўқ, ёй, найза ва қилич олиб юрган бир бўлинма ал-Ахшабайн тоғларига чиқар,

Макка маданийларидан куч-қудрати ортиб вояга етган бўлса, бизнинг куч-қудратимиз Макка водийсида қадимийроқдир,

Инсонлар оз экан, биз у ерда вояга етдик, ҳамд бўлсин ҳалиям хайрда ортишда бардавоммиз,

Мўл пул билан қимор ўйновчиларнинг қўллари титрай бошлаган­да, биз инсонларнинг олдидаги ортиб қолгунгача тўйдирамиз,

Халқни қатъият ва тўғри йўлга бошлаш учун ўзаро келишиб ал-Ҳажунга киришда йиғилган гуруҳдан Аллоҳ рози бўлсин,

Гўё улар қироллардек эди, балки қироллардан ҳам кучли ва шарафлироқ эди,

Ёзилган келишув (саҳифа)нинг йиртилишида лочиндек жасур ва оғир қадамлар билан юрган ҳар қаҳрамон ёрдам бердики,

Улар катта ишларнинг барчасида қўлларидан тутганларнинг ҳовучларида гўё ёнувчи машъаладек оташин эдилар,

Улар зиллат олдида чидай олмай юзи қорайган Луай ибн Ғолибдан, энг карамли кишилар уруғидандир,

У (Луай) сахийдир, шу боисдан болдирининг ярми очиқ, (елиб югур­ди) унинг юзига ёмғир тушади ва халқни бахтиёр қилади.

Қули мўл (инсон у), саййид ўғли саййиддир, меҳмонсеварликка ун­дар ва инсонларни атрофига жамлар.

Ўлкада кезганимизда ашират фарзандларига илк тавсияларини беради ва яхшиликлар қилади,

Бу сулҳга келишувни тан олмаган барча обрўли инсонлар тараф­дор бўлиб, сулҳда маҳкам турдилар, уларнинг бу ишлари мақтовга сазовор,

Йиғилган кечаларида мақсадларига қарор қилдилар, сўнгра                 бошқа инсонлар уйқуда экан улар аста-секин тонг оттирдилар,

Улар Саҳл ибн Байзони рози қилиб қайтардилар, Абу Бакр ва Муҳаммад бундан хурсанд бўлишди,

Қабилалар қачон бизнинг ишимизга аралаштирилдилар, ўтмишда ундан ҳам олдин севишарди,

Ўтмишда зулмни тан олмасдик, хоҳлаганимизни қўлга киритиб қўполлик қилмасдик.

Эй Қусай (қайдасан?), қаблингизда айтар сўзингиз борми, эртан­ги кун сизга нималар олиб келишини биласизми,

Кишилардан бири айтганидек мен ва сиз «Асвад тоғи тилга кир­са, далиллари бўлади»183 мақолига ўхшаймиз.

Ҳассон ибн Собит ал-Мутъим ибн Адий вафот этганда унинг саҳифани бекор қилганини ёдга олиб йиғлаган ҳолда шу шеърни ўқиди:

Эй кўз, қавм саййиди учун йиғла, унга кўз ёшлари тўк, агар тугаса қон йиғла,

Инсонлар, то тирик экан, эътироф этишга қарздор бўлган яхши­ликни баён этиб ҳар икки Машъарга азангни тут,

Агар шараф дунёда бир инсонни абадий қолдирадиган бўлганида эди, шу кимса бугун ал-Мутъим бўларди.

Расулуллоҳни сен улардан ҳимояга олдинг, ҳаж ҳукми боқий қолган муддатча улар сенинг қулларинг бўлишади.

Агар барча Маъадд қабиласи, Қаҳтон ва Журҳумдан ортда қолганлардан сўралса,

У ҳимоя аҳдига ва зиммасига кирилган кунда зиммаси ва сўзига вафоли одам эди, дейишади.

Ораларида унингдек кучлироқ ва янада буюкроқ бирининг усти­дан энди порлоқ қуёш нур сочмайди.

Бирон нарсани рад этганда бутунлай рад этар, ахлоқан жуда мулойим ва кечани зулмат босганда (янада кўпроқ ҳимояни ўйлаб) ухларди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ