Ат-Туфайлнинг отаси ва аёлининг мусулмон бўлиши

1 ўн йил аввал 2066 siyrat.uz

(Ат-Туфайл ҳикоясида давом этди:) Уйга қайтганимда отам олдим­га келди. У кекса одам эди. Унга: «Эй отажон, мендан узоқ туринг, мен сиздан эмас, сиз эса мендан эмассиз», – дедим. У менга: «Нега ундай деяпсан, ўғлим?» – деди. Мен: «мен Исломга кирдим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динига эргашдим», – дедим. У эса: «Эй болажоним-ей, сенинг дининг менинг ҳам динимдир», – деди. Шунда мен унга: «Бо­риб ғусл қилиб, кийимларингизни поклаб, кейин келинг, мен сизга билганларимни ўтгатаман», – дедим. У ҳам ғусл қилиб, кийимларини тозалаб келган эди, унга Исломни арз этдим ва у мусулмон бўлди.

Ат-Туфайл деди: кейин аёлим келди. Унга ҳам: «Мендан узоқ тур, мен сендан эмасман, сен ҳам мендан эмассан», – дедим. У: «Нима учун ахир? ота-онам сенга фидо бўлгур», – деди. Дедимки: «сен би­лан орамизни Ислом ажратди ва мен Муҳаммаднинг динига эргаш­дим», – дедим. У эса: «Сенинг диним менинг ҳам динимдир», – деди. Мен: «У ҳолда «ҳино зуш-шаро» бутига бор ва ундан поклан», – де­дим.

Ибн Ҳишом: бир ривоятда «ҳима зуш-шаро» дейилган.

(ибн Исҳоқ давом этди): Зуш-шаро Давс қабиласининг бути бўлиб, Ҳима эса у ҳимоя этадиган жойлар эди. У ерда тоғдан тушади­ган жуда оз сув бўларди.

Аёлим: «Ота-онам сенга фидо бўлсин, Зуш-шародан болаларга бирон ёмонлик келишидан қўрқмайсанми?» – деб сўради. Мен эса: «Асло, мен бунга кафилман», – дедим. Шундан сўнг у бориб ғусл қилиб, қайтиб келди. Унга Исломни арз этган эдим, қабул қилди.

Сўнгра Давс қабиласини Исломга даъват этдим. даъватимга жавоб беришда сусткашлик қилишди. Кейин маккага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Қалблари ва кўзлари бекорчи нарсаларга чалғиган Давс қабиласи мени енгди. Уларни дуоибад қилинг!» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим, Давсни ҳидоятга бошла!» деб дуо қилдилар. Кейин менга: «Қавминг олдига қайт. Уларни даъват қил ва юмшоқ муомалада бўл», – дедилар. Мен Давс ерларида уларни Исломга даъват этар эканман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилдилар. Бадр, Уҳуд ва Хандақ ғазотлари ҳам бўлиб ўтди. Қавмимдан мусулмон бўлганлар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу пайтда Хайбарда эдилар. Давсдан етмиш ёки саксонта оила билан бирга Мадинага келиб тушдим. Кейин Хайбарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб етишдик. У киши мусулмонлар билан бирга ўлжадан бизга ҳам бир улуш бердилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аллоҳ у Зотга Маккани фатҳ эттиргунга қадар қолдим. У Зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени Амр ибн Ҳумаманинг бути бўлган Зул-Каффайнга юборинг, уни ёқиб юборай!» – дедим.

Ибн Исҳоқ: Ат-Туфайл шу мақсадда йўлга тушди ва ўт қўяркан шундай дерди:

«Эй Зул-Каффайн! Мен сенга ибодат қилувчилардан эмасман, бизнинг таваллудимиз сеникидан олдинроқдир, мен сенинг қалбингга оловни тўлдирдим».

Ибн Исҳоқ: Юқоридаги ишни амалга оширган Ат-Туфайл Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтиб, у Зот вафот этгунларига қадар Ма­динада бирга қолди. Баъзи араб қабилалари Исломдан қайтганида  мусул­монлар билан бирга уларга қарши чиқди. Улар билан бирга тулайҳа ва нажд ерларини назорат остига олгунгача жангда юрди. Кейин ўғли Амр ибн Ат-Туфайл ҳамроҳлигида мусулмонлар билан Ямома­гача борди. Йўлда кетаётиб бир туш кўрди. Дўстларига: «Мен бир туш кўрдим, уни менга таъбир қилиб беринглар: бошимдаги сочим қириб ташланган ҳолда кўрдим ва оғзимдан бир қуш учиб чиқди. Бир хотин олдимдан чиқиб, мени аврат жойига тиқиб юборди. Ўғлимни эса тинимсиз мени излаётганини кўрдим. Сўнгра у менинг кўзимдан йўқолди», – деди. Дўстлари: «Яхшиликкадир», – дедилар. У эса: «Лекин Аллоҳга қасамки, мен бунинг таъвилини қилдим», – деди. Дўстлари: «Қандай экан?» – деб сўрашганида у: «Сочимнинг бутун­лай қириб ташлангани бошимнинг ҳолатини кўрсатади. Оғзимдан чиққан қуш эса руҳимдир. Мени аврат жойига тиқиб юборган аёл эса мен учун кавланадиган ва мен кўмиладиган қабрдир. Ўғлим мени тинимсиз излаб, кўзимдан йўқолиб қолиши эса менинг бошим­га тушганлар унинг ҳам бошига тушишига ҳаракат қилишидир», – деди. Шундай қилиб у Ямомада шаҳид бўлди (Аллоҳ уни раҳматига олсин). Ўғли жуда оғир ярадор бўлиб, кейин ундан соғайиб кетди. Кейинчалик Умар даврига келиб Ярмукда шаҳид бўлди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ