Умму Ҳониънинг Исро ҳақидаги ривояти

3 йил аввал 1877 siyrat.uz

Муҳаммад ибн Исҳоқ: Умму Ҳониъ бинт Абу Толиб розияллоҳу анҳодан (исми Ҳинддир) ривоят билан менга етиб келишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунда сайр эттирилганлари ҳақида шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кечаси менинг уйимда ухлаб ётган эдилар. Хуфтон намозини кеч ўқиб, ухладилар, биз ҳам ётдик. Тонгдан бироз олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни уйғотдилар. Бомдод намозини бирга ўқигандан кейин: «Эй Умму ҳониъ, кўрганингдек, хуфтон намозини сизлар билан бирга бу водийда кеч ўқидим. Сўнгра Байт ал-Мақдисга бориб, у ерда намоз ўқидим. Кўриб турганингдек, ҳозир тонг намозини яна сизлар билан бирга ўқиб турибман», дедилар. Сўнгра чиқиш учун ўринларидан турдилар. Мен эса ридоларининг бир томонидан тутдим, шунда қоринлари очилиб қолди. Гўё у тахланган қубтиядек201эди. У Зотга: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Бу ҳақда инсонларга ҳеч нарса деманг, улар сизни ёлғончига чиқариб, азият беришади», – дедим. Жавобан: «Аллоҳга қасамки, буни уларга, албатта, айтиб бераман», – дедилар. (Умму ҳониъ) деди: шунда ҳабаш жориямга: «Худо хайрингни бер­гур, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан бор, у Зот инсонларга нима дейдилар-у, инсонлар у Зот ҳақларида нима дейишади, қулоқ тутиб кел», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар олдига бориб уларга бўлиб ўтганлардан хабар бердилар. Улар ажабланиб: «Эй Муҳаммад! бу айт­ганларингга далилинг нима? Чунки биз бунга ўхшаш нарсани асло эшитмаганмиз», – дейишганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бунинг далили – мен Шомга кетаётиб йўлда шу-шу водийда Бани Фалоннинг кар­вонлари олдидан ўтдим. Буроқнинг важоҳати уларни қўрқитиб юбор­ди ва тумтарақай қочишди. Эгаларига уларни кўрсатдим. Қайтаётиб, кейинчалик Дажанан202 яқинида Бани Фалон карвонлари ёнидан ўтдим. Карвондагилар ухлаб ётишган экан. Устига бир нима ёпиб қўйилган, ичида суви бўлган бир идишлари бор экан. Устини очдим ва ичидаги сувдан ичдим. кейин эса идишнинг устини аввалгидек яна ёпиб қўйдим. Бунинг далили эса, ҳозир бу карвон ат-Танъим203 водий­сидаги ал-Байдо204 тепалигидан тушиб келмоқда. Карвоннинг олдида кулранг ва қорамтир тусдаги бир туя бор. Устида икки қоп юк бўлиб, бири қора, иккинчиси эса олачипордир», – дедилар. (Умму Ҳониъ) деди: одамлар мазкур тепалик сари шошдилар. Уларга васф этилган туяни карвоннинг олдида кўрдилар. Сув идиши ҳақида сўрашди. Шунда карвондагилар уни сув билан тўлдириб кейин устини ёпиб қолдиришгани, аммо туришганида уни яна ёпилган, лекин бўм-бўш ҳолда топишганини айтишди. Маккага келишганда иккинчи карвон­даги одамларни ҳам сўроққа тутишди. Улар ҳам: «Аллоҳга қасамки, тўғри айтибди. У зикр этган водийда туяларимиз қўрқиб, бир гуруҳи қочди. Бир одамнинг қочганларга етиб олишимиз учун бизга йўл кўрсатган овозини эшитдик ва бориб уларни ўша ердан топдик», – дейишди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ