Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбалари

1 ўн йил аввал 2067 siyrat.uz

Абу Салама ибн Абдураҳмондан менга етиб келишича, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсаларни у Зотга нисбат беришдан Аллоҳ сақласин) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илк хутбаларида мусулмонлар ораси­да тик туриб, Аллоҳга ҳамд ва унга лойиқ ҳамду санони айтганларидан сўнг шундай дедилар: «Аммо баъд, эй инсонлар, ўзингиз учун олдиндан амал қилиб олинг. Албатта, билиб олинг, Аллоҳга қасамки, сизлардан бир киши, шак-шубҳасиз, ларзага тушиб, ҳайратда қолади. Кейин унинг қўйлари чўпонсиз қолади. Сўнгра Роббиси унга тар­жимонсиз, у ва ўзи орасида воситачисиз: «Менинг Расулим келиб сенга етказмадими? Сенга мол бериб, уни орттириб қўймадимми? Сен ўзингга қайси яхши амални келтирдинг?» – деб сўрайди. Шун­да у ўнг ва чапга қарайди, лекин ҳеч нарса кўрмайди, кейин олдига қарайди, у ерда жаҳаннамдан бошқа ҳеч нарса кўрмайди. Кимки юзи­ни жаҳаннамдан битта хурмонинг ярмини садақа қилиб бўлса ҳам сақлаш имконини топса, буни қилсин. Буни қила олмаган яхши гап билан бўлса ҳам, яхшилик қилсин. Шу зайлда қилинган яхши иш ўн баробардан етти юз баробаргача мукофотланади. Аллоҳнинг саломи, марҳамати ва баракоти устингизга ёғилсин».

Ибн Исҳоқ: сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларга иккинчи марта хутба ўқидилар. Унда: «Ҳамд Аллоҳга хосдир. Унга ҳамд айтаман ва Ундан ёрдам сўрайман. Нафсларимиз ёмонлиги ва ёмон амаллари­миздан Аллоҳга сиғинамиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни ҳеч ким залолатга бошлай олмас, Аллоҳ кимни залолатда қолдирса, ҳеч ким унга ҳидоят бера олмас. Биргина Аллоҳ борлиги ва унинг шериги йўқлигига гувоҳлик бераман. Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳ таоло­нинг китобидир. Аллоҳ кимнинг қалбини зийнатлаб, куфрдан сўнг уни Исломга олиб кирган ва у инсонларнинг сўзларидан уни ихти­ёр этган киши бўлса, албатта, нажот топибди. Қуръон энг яхши ва балоғатли сўздир. Аллоҳнинг севганларини севинг. Аллоҳни бутун қалбингиз билан севинг. Аллоҳнинг каломи ва зикридан сиқилманг. Қалбларингиз ундан юз ўгирмасин. Зеро Аллоҳ ўзи яратганлардан танлаб, поклайди. У амалларнинг энг хайрлисини, бандалардан энг покизалари (танланганлари)ни, сўзлардан яхшисини ва инсонларга олиб келинган барча ҳалол ва ҳаромни маълум қилган. Шундай экан, Аллоҳгагина ибодат қилинг ва унга ширк келтирманг. Ундан ҳақиқий маънода қўрқинг ва оғизларингиз билан айтаётган яхши нарсалар­да Аллоҳга ростгўй бўлингиз. Аллоҳнинг севгиси ва руҳи билан бир-бирингизни яхши кўринг. Дарҳақиқат, Аллоҳ аҳдини бузгандан дарғазаб бўлади. Сизларга Аллоҳнинг саломи бўлсин.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ