Қавмининг Ибн Убайга қарши чиқиши

6 йил аввал 961 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: менга Муҳаммад ибн Муслим аз-Зуҳрий Урва ибн Зубайрдан, у Усома ибн Зайд ибн Ҳорисадан ривоят қилиб шундай дейди: «Саъд ибн Убода касал бўлиб қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриш учун фадакий чойшаб тўшалган, хурмо пўстлоғидан қилинган арқон билан юганланган хачирларига миндилар ва мени ҳам орқаларига мингаштириб олдилар. Кетаётиб Абдуллоҳ ибн Убай олдидан ўтдилар. У Музоҳим минорасининг соясида ўтирарди. (ибн Ҳишомнинг айтишича, Музоҳим ўша миноранинг номи).

Ибн Исҳоқ: унинг атрофида қавмининг бир неча кишилари ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргач, тўғри ўтиб кетишга хижо­лат бўлиб, уларнинг олдига тушиб, бир оз ўтирдилар,  уларга Қуръон оятларидан ўқиб бердилар, Аллоҳ таолога даъ­ват қилдилар, огоҳлантирдилар, хушхабар бердилар. У эса гапирмай тишини тишига қўйганча жим ўтирарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапириб бўлгач, у: «Эй! Бу сўзларингдан маза қилганим йўқ. Агар гапларинг рост бўлса, уйингда ўтиргин-да, ким олдинга борса, шунга гапиргин. Олдинга бормаганларнинг вақтини олмагин-да, улар ёқтирмаган нар­саларини мажлисларига олиб борма!» – деди. Шунда у ерда бўлган мусулмонлардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа: «Бизларни сўзларингиздан баҳраманд қилинг, уйларимизга, мажлисларимизга, йиғинларимизга келинг. Аллоҳга қасамки, у биз яхши кўрган ҳамда Аллоҳ таоло у орқали бизни азиз этган ва ҳидоят қилган нарсадир», – деди. Абдуллоҳ ибн Убай қавмининг ўзига қарши чиққанини кўриб, қуйидаги шеър билан ўз ҳолатини ифодалади:

Дўстинг сенга душман бўлса агар,

Хорлигинг доимий бўлар шубҳасиз.

Гар олишар бўлсанг ҳар кимса билан,

Йиқитишар нақд елканг билан.

Бургут қанотсиз учолмас зинҳор,

Пати кесилган бўлса, ерга қулаб тушар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибн   Убайнинг сўзидан ғазабланганлари

Ибн Исҳоқ: менга аз-Зуҳрий Урва ибн Зубайрдан, у Усомадан ри­воят қилиб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларидан туриб кетдилар ва Аллоҳнинг душмани ибн Убай айтган сўз таъсири юз­ларида сезилиб турган ҳолда Саъд ибн Убоданинг олдига кирдилар. У: «Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам.)! Юзингиз маъюс, ёқмайдиган сўз эшитган кўринасиз?!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», – дедилар ва ибн Убайнинг гапларини сўзлаб бердилар. Шун­да Саъд: «Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам.)! Унга раҳмингиз келсин. Аллоҳ сиз­ни бизга юборганида, биз унга тож кийдирмоқчи бўлиб турган эдик. Аллоҳга қасамки, шубҳасиз, у сизни ҳукмронлигини тортиб олди, деб ўйлаяпти», – деди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ