Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бемор бўлган саҳобалари

1 ўн йил аввал 1884 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: менга Ҳишом ибн Урва ва Умар ибн Абдуллоҳ ибн Урвалар Урва ибн Зубайрдан, у Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у ерда безгак касали тарқалган эди. Саҳобаларнинг баъзиларига ҳам бу касаллик тегди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эса бу касалликни Аллоҳ таоло узоқ қилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва у озод қилган Омир ибн Фуҳайра ҳамда Билоллар безгак касалига чалиниб, Абу Бакрнинг уйида ётишар эди. Уларни зиёрат қилиш учун олдиларига кирдим (унда ҳали ҳижоб фарз қилинмаган эди) уларнинг оғриқ-аламли аҳволини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бил­мас эди. Абу Бакрнинг олдига яқинлашиб: «Аҳволингиз қандай, эй отажон?» – деб сўрадим. У:

Ҳар бир киши ўз оиласига хайрли тонг тилар,

Ўлим эса оёқ кийим тасмасидан яқинроқдан бонг урар,−

дер эди. Мен:«Аллоҳга қасамки, отам нима деётганини англама­япти», дедим-да, Омир ибн Фуҳайранинг яқинига бориб: «Эй Омир! Аҳволинг қандай?» – деб сўрадим. У:

Ўлмай туриб унинг қийноғин тотдим,

Қўрқоқнинг ҳалокати ўз устидадир.

Ҳар бир киши тоқат қилиб тиришар,

Ҳўкиз ўз шохи-ла терисин ҳимоя қилгандек,−

дер эди. Мен:«Аллоҳга қасамки, Омир ҳам нима деётганини бил­маяпти» дедим. У пайтда Билол безгакдан халос бўлиб, уйнинг ҳовлисида чалқанча ётганча овозини баланд кўтариб:

Кошки эди, кечани оғир уйқуда ўтказишимни билганимда,

Атрофим гулзор, чаманзор.

Бир кун Мажанна сувидан ичармиканман,

Шома ва Туфайл тоғларин кўрармиканман,

дер эди.

Оиша розияллоҳу анҳо деди: «Улардан эшитганларим ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Улар безгакнинг қаттиқлигидан алжираб, нима дейи­шаётганини билишмаяпти», – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Мадинани бизга Маккани суюкли қилганингдек ёки ундан-да кўпроқ маҳбуб қилгин, озиқ-овқатларида бизга барака бергин ҳамда безгак (касаллиги)ни Маҳяъага кўчиргин», деб дуо қилдилар».

Ибн Исҳоқ: менга ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилиб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан Мадинага келган пайтларида Мадинада безгак тарқалиб, кўпчилик саҳобалар ҳам шу дардга чалиндилар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эса Аллоҳ таоло бу касалликдан сақлади). Улар шу қадар қаттиқ машаққат че­кишдики, ҳатто намозни ҳам тик туриб ўқишга қувватлари етмай, ўтириб ўқир эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдила­рига чиқдилар ва ўтириб намоз ўқиётганларга: «Билиб қўйингким, ўтириб ўқувчининг намози тик туриб ўқувчи намозининг ярмига тенгдир», – дедилар. Шундан сўнг мусулмонлар касалликлари ва за­ифликларига қарамасдан, Аллоҳнинг фазлини истаб, оғир бўлса-да, тик туриб ўқидилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ