Тоифга ҳижрат

3 йил аввал 2745 siyrat.uz

Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга қурайшликлар тарафидан мазкур азиятлар етказилгач, Сақиф қабиласидан ёрдам излаб ҳамда Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келган нарсани − Динни қабул қилишларига умид боғлаб Тоифга йўл олдилар.

Тоифга етиб келгач, Сақиф қабиласининг катталаридан бир қанчаси билан учрашиб, уларни Аллоҳга, Унинг Динига даъват қилдилар. Улар эса жуда хунук тарзда рад қилишиб, кутилмаганда қўпол муомалада бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳузуридан чиқиб кетар эканлар,   улардан,   ҳеч   бўлмаганда,   бу   ташрифни Қурайшдан яширишларини илтимос қилган эдилар, улар    бунга    ҳам    кўнишмади.    Устига-устак ўзларининг ичидаги энг аҳмоқларини, қулларини у Зотнинг ортидан қичқириб, ҳақоратлар қилишга ундашди.   Улар   отган   тошлардан   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонаб кетди. Зайд ибн Ҳориса у Зотни ҳимоя қилиш учун ўзини   отилаётган   тошларга   тутди.   Натижада боши бир неча жойидан ёрилди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом Утба ибн Робиъанинг бўстонига   етиб    келганларида   орқадан    эрчиб келаётган Сақиф қабиласининг аҳмоқлари орқага қайтиб   кетишди.   Шундан   кейин   жароҳатлар оғриғидан ҳолдан тойган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам  бир токнинг соясига  бориб ўтирдилар. Робиъанинг икки ўғли эса бу ҳолатни кузатиб туришар эди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом  ўша  сояда  ўзларини  ростлаб  олгач, шундай деб дуо қилдилар: «Аллоҳим, қувватсизлик, чорасизлик, одамлар олдида ожизлигимдан Ўзингга шикоят қилурман.  Эй энг Меҳрибон Зот, Сен бечораларнинг  Робби   −   Парвардигори,   менинг Роббимсан. Мени кимларга ташлаб қўюрсан, мени ёқтирмайдиган     нотанишгами     ёки     устивор душмангами? Мендан ғазабланмаган бўлсанг, бас, бошқасига парвойим йўқ. Шубҳасиз, афв-офиятинг мен учун кенгдир. . Зулматларни ёритган, дунёю охират ишларини тузган Важҳинг нури ҳурмати билан менга ғазабингни туширишингдан, қаҳр қилишингдан паноҳ сўрайман. Сендан розилик тилайман. Бор куч-қудрат фақат Сен биландир». Сўнг Робиъанинг икки ўғли (бўстон эгалари)нинг раҳмилари келиб, ўзларининг Аддос исмли насроний қулларини чақириб, бир бош узумни товоққа солиб, Расулуллоҳнинг олдига қўйишини буюришди. Аддос: «Ол, тановул қил», деди. Расулуллоҳ: «Бисмиллаҳ», дедилар-да, қўлларини чўзиб, узумдан едилар. Аддос таажжубга тушиб: «Худо ҳаққи, бундай каломни бу шаҳар аҳолиси айтмайди», деди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: «Сен қайси шаҳардансан, дининг нима?» дедилар. Аддос: «Насронийман, Найнаво қишлоғиданман», деди. Расулуллоҳ: «Солиҳ зот − Юнус ибн Маттонинг қишлоғидан экансан-да», дедилар. Аддос: «Юнус ибн Маттони қаердан биласан?» деди. Расулуллоқ алайҳиссалоту вассалом: «У −менинг биродарим. Пайғамбар бўлган, мен ҳам пайғамбарман», дедилар. Шунда Аддос эгилиб, у Зотнинг бошларидан, оёқ-қўлларидан ўпа кетди ва мусулмон бўлди. Ибн Исҳоқ айтади: Сўнгра Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан Макка томон йўл олдилар. Нахлага етганда, туни билан намоз ўқидилар. Шу пайт Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида зикр қилган бир гуруҳ жинлар у Зотнинг ёнларига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръон тинглашди. У киши намозидан бўшагач, жинлар ўз қавмларини огоҳлантириш учун иймон келтирган ва эшитган нарсаларига ижобат қилган ҳолда ортларига қайтиб  кетишди.  Аллоҳ таоло Расулуллоҳга улар ҳақида Ўзининг қуйидаги оятларида маълумот берган: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) эсланг, Биз Сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантиргувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. Изоҳ: ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир неча бор жин тоифасининг вакиллари келиб, Қуръонни тинглаб кетган эканлар. Мазкур оятдаги воқеа шулардан бири бўлиб, уни келтиришдан мурод Макка мушрикларини огоҳлантиришдир. Гўё уларга: «Инсон тоифасидан бўлмаган жинлар Қуръонни бир бор эшитишлари биланоқ унга иймон келтириб, бошқа жинларни ҳам иймонга даъват қилиш учун кетсалар-у, сизлар ўзларингизнинг тилингиздаги Куръонга ва ўз тоифангиздан бўлган Пайғамбарга иймон келтирмай кофирлигингизча қолаверасизларми?!" дейилмоқда». (Ахқоф сураси. 29-оят) «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач), дедилар: «Дарҳақиқат, бизлар Ҳақ Йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз».(Жин сураси. 1-оят). Изоҳ: саҳобалардан Ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) гувоҳлик беришларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиётган   чоғларида   бир   гуруҳ   жинлар   ҳозир бўлишиб, Қуръон оятларини тинглаганлар ва дарҳол Унга   иймон   келтирганлар.   Лекин   Расулуллоҳ соллаллоҳу     алайҳи     васаллам     уларнинг келишганидан      ҳам,      Каломуллоҳга      қулоқ тутишганидан ҳам бехабар эдилар. Қачонки ушбу сура нозил  қилинганидан  кейингина у  Зот бу воқеадан  огоҳ  бўладилар.   Юқоридаги  оятларда жинларнинг Куръонни эшитишлари билан бу башар сўзи  эмас,  балки Илоҳий  мўъжиза деб  иймон келтирганлари    тўғрисида    хабар    берилишидан кўзланган мақсад, муфассирларнинг айтишларича, биринчидан, барча инсониятга Каломуллоҳ фақат инсонлар учунгина эмас, балки жинлар олами учун ҳам Илоҳий кўрсатма бўлиб нозил қилинганини эълон   қилиш   бўлса,    иккинчидан,   Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни шахсан танийдиган ва у кишининг хат-саводлари йўқ эканлигини ҳам жуда яхши биладиган Макка аҳлига — арабларга, ўзларининг   тилларида   нозил   бўлган,   фасоҳат-балоғатининг беназирлигидан саводсиз одам эмас, балки дунёдаги энг етук адиблар бирлашиб ҳам ёза олишлари имконсиз бўлган бир Китобга — ҳатто жинлар     ҳам     эшитибоқ     иймон     келтирган Каломуллоҳга —  улар     (Макка     аҳли)     иймон келтирмаганлари учун танбеҳ-дашном беришдир. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом Зайд ибн Ҳориса билан Маккага яқинлашиб кирмоқчи бўлиб турганларида Зайд шундай деди: «Уларнинг олдига қандай кирасиз, эй Расулуллоҳ, ахир улар Сизни (Маккадан) чиқариб юборишган-ку?!» Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: «Эй Зайд, шубҳасиз, Аллоҳ таоло сен кўриб турган бу (вазиятни) юмшатувчи, ундан чиқиш йўлларини кўрсатувчидир. Яна Аллоҳ таоло ўз Динига нусрат, Пайғамбарига эса ёрдам бергувчидир», дедилар. Кейин Мутъам ибн Адийнинг олдига унинг ҳимоясида Маккага кирмокчиликларини билдириб Хузоъа қабиласидан бир кишини юбордилар. Мутъам розилик билдирди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом Маккага қайтдилар.
Ибратли нукталар
Агар Расулулоҳ алайҳиссалоту вассалом амалга оширган бу ҳижрат ва у ўз ичига олган азоб-уқубатлар, сўнгра Маккага қайтишлари ҳақида фикр юритсак, бизга куйидагилар маълум бўлади: 1. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом йўлиққан турли машаққатлар, хусусан, Тоифга қилган сафарлари асносида кўрган укубатлар — буларнинг барчаси инсонларга ўргатиш, уларни тарбиялаш туркумидандир. Яъни у Зот бизга бу коинот ва унинг Яратувчиси ҳақидаги соғлом эътиқодни етказиш учун келганлари каби Аллоҳ таоло буюрган сабрни амалий татбиқ билан ўргатдилар. «Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру   тоқат   қилишда   (кофирлардан)   устун  бўлингиз ҳамда доимо (кураш — жиҳод учун) белингиз боғлиқ (ҳолда ҳозир) бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!» (Оли Имрон сураси. 200-оят.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ибодатларни адо қилишни татбиқий воситалар билан ўргатар эдилар. Бир ҳадисларида: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиз каби намоз ўқинглар» бошқа бир ҳадисда: «Ибодатларингизни мендан олинг (ўрганинг)», деганлар. Шу айни асосга биноан даъват йўлида қийинчиликларнинг энг аччиқ ва оғирларини ўзлари бошдан кечирганларки, бу билан гўё шундай демоқчи бўлганлар: «Менинг сабр қилганимни кўрганингиз каби сабр қилинглар». Бундан сабр қилиш, қийинчиликларга бардош бериш Исломнинг энг муҳим асосларидан эканлиги маълум бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг Тоифга қилган ҳижратларини юзаки ўрганганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мағлуб бўлди, бу тазйиқ у кишининг сабр косасини тўлдирди. Машаққатларга дош беролмай, Робиъанинг ўғиллари боғида мазкур дуони қилишга мажбур бўлди, дерлар, эҳтимол. Ҳақиқатда эса Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ўша қийинчиликларни розилик билан қаршиладилар. Озор-азиятларни сабр билан ичларига ютдилар. Аслида, ўша пасткашлардан ҳам, уларни юборган бошлиқларидан ҳам ўч олишга ва ўзларига яраша «жавоб» қайтаришга имкониятлари бор эди. Лекин Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом   буни   истамадилар.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ