Қурайшнинг жангдан қайтиб кетишга ҳаракат қилиши

1 ўн йил аввал 1763 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: менга Абу Исҳоқ ибн Ясор ва бошқа аҳли илмлар ан­сорларнинг қарияларидан ривоят қилиб, дедилар: «Қавм ўрнашиб олгач, Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳийни Муҳаммад саҳобалари сонини аниқлаб келинглар», – деб жўнатишди. У оти билан аскарлар атрофи­ни айланиб қайтди ва: «Уч юз атрофида ё озгина камроқ, ё кўпроқ. Бироқ мени бироз кутинглар, уларнинг пистирмаси борми ёки ма­дад кучи келмаяптими, билиб келаман», – деди. Сўнг водийга тушиб узоқларга бориб, ҳеч нарса кўрмай қайтиб келди ва уларга: «Ҳеч нар­са топмадим, лекин эй Қурайш жамоаси, шундай балони кўрдимки, аниқ ўлимни олиб келаётган туялар, шиддатли ўлим келтираётган қавм: уларда на ҳимоя, на бошпана бор, фақат қилич кўтариб ол­ганлар. Аллоҳга қасамки, улардан бир киши сизлардан бир кишини ўлдирмагунча ўлмайди. модомики, уларнинг сонича сизлардан ҳалок бўлар экан, бундан кейин яшашнинг қизиғи йўқ. Ўйлаб кўринг!» – деди.

Ҳаким ибн Ҳизом буни эшитгач, одамларни оралаб Утба ибн Ра­биъанинг олдига борди ва: «Эй Абулвалид! Сен Қурайшнинг катта­си ва саййидисан. Барча сенга итоат қилади. Замон тургунча сени яхшилик билан ёд этиб туришларини хоҳлайсанми?» – деди. Утба: «Нима экан у, эй Ҳаким?» – деб сўради. Ҳаким: «Одамларни қайтариб олиб кетгин-да, иттифоқдошинг Амр ибн Ҳадрамийнинг ишини ўз бўйнингга ол! (хунини ўзинг тўла)», – деди. Утба: «Сен гувоҳсан, худди шундай қиламан. ахир у менинг иттифоқдошим, товони ва йўқотган моли менинг зиммамда. Ҳанзалийянинг ўғли олдига бор (ибн Ҳишом: Ҳанзалийя Абу Жаҳлнинг онаси, у Бани Наҳшал ибн Дорим ибн Молик ибн Ҳанзала ибн Молик ибн Зайд Манот ибн та­мимлик Асмо бинт Махрамадир). Мен ўша Абу Жаҳлнигина кўндира олмаймиз, деб қўрқаман», – деди.

Сўнг Утба ибн Рабиъа туриб: «Эй Қурайш жамоаси! Аллоҳга қасамки, сизлар Муҳаммад ва унинг саҳобаларига йўлиқишингиз би­лан ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Агар ҳужум қилсангиз, одамлар ё амакисининг ўғли, ё тоғасининг ўғли, ёки ўз оиласидан бирон киши­нинг ўлимига сабабчи бўлганлиги боис бир-бирларига тик қарай ол­майдилар. Қайтиб кетинглар-да, Муҳаммадни бошқа арабларга қўйиб беринглар. Бошқалар ундан ғолиб келса, сиз хоҳлагандек бўлади. Аксинча бўлса, сиз унинг тарафидан ҳеч қандай таънага қолмайсиз», – деди.

Ҳаким яна деди: «Кейин Абу Жаҳлнинг олдига бордим. У совути­ни ғилофидан чиқариб, тайёрлаётган эди. Мен унга: Эй Абул Ҳакам! Утба мени олдингга фалон-фалон гапни етказишим учун юборди», – деб, у айтган гапларни айтдим. У: «Аллоҳга қасамки, у Муҳаммад ва унинг саҳобаларини кўриб, қўрқиб кетибди. Йўқ! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ биз билан Муҳаммад ўртасини очиқ қилмагунича қайтиб кет­маймиз. Утба бекорга айтмаган, чунки у Муҳаммад ва саҳобалари яксон қилинишини билади, уларнинг орасида эса унинг ўғли бор. Ўғлини ҳам ҳалок қилиб қўйишингиздан қўрқяпти», – деди. Сўнг Омир ибн Ҳадрамийга одам юбориб: «Мана бу иттифоқдошинг одам­лари билан қайтиб кетмоқчи. Қасос ўтидан кўзинг ёниб турибди. Тур, келишув ҳамда укангнинг ўлими ҳақида жар сол», – деди. Шунда Омир ибн Ҳадрамий: «Амр учун! Амр учун!» – деб қичқира бош­лади. Натижада уруш шижоати кучайиб, одамлар жунбушга келди. Кўзлаб турган ёмонликларини қилиш имкониятига эга бўлишди, энг асосийси у Утба чақираётган фикрни бузиб юборди».

Абу Жаҳлнинг «Қўрқиб кетди», деган сўзи Утбага етиб боргани­да у: «Ким қўрққанини тезда билиб олади: менми ёки уми?» – деди. Сўнг бошига кийиб олиш учун дубулға қидирди. Бошининг катта­лигидан аскарлар ичида унга сиғадиган дубулғани топа олмай бир матони бошига салла қилиб ўраб олди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ