Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг урушга ундашлари

1 ўн йил аввал 1907 siyrat.uz

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар олдига чиқиб, уларни шижоат­лантирдилар: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, бугун ким сабр қилиб, савоб умидида орқага қочмасдан, олға борса ва жанг қилиб ҳалок бўлса, шубҳасиз, Аллоҳ уни жаннатга киргиза­ди», – дедилар. Шунда қўлидаги бир нечта хурмони бирма-бир еяёт­ган Бани Салама уруғидан Умайр ибн Ҳамом: «Ҳай! ҳай! Мен билан жаннатга киришим ўртасини мана буларнинг мени ўлдиришларигина тўсиб турибдими?!» – деб, қўлидаги хурмоларни улоқтириб, қиличини олди-да жангга кириб ҳалок бўлди.

Ибн Исҳоқ: менга Осим ибн Умар ибн Қатода хабар беришича, Афронинг ўғли Авф ибн Ҳорис: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Парвардигор­ни бандасининг қайси иши кулдиради405?» – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Совут киймаган ҳолда душман қонига қўлини бўяши», – деб жавоб бердилар. Шунда Авф совутини ечиб улоқтирди ва қиличини олиб жанг қилди ва ҳалок бўлди.

Ибн Исҳоқ: менга Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий, Бани Зуҳралик Абдуллоҳ ибн Саълаба ибн Суъайр ал-Азрийдан

ривоят қилиб деди: одамлар тўқнашиб, бир-бирларига яқинлашгач, Абу Жаҳл ибн Ҳишом: «Эй Аллоҳим! (Муҳаммад) Қариндошлигимизни узди ва биз билмаган нарсани келтирди, уни ҳалок қилгин!» – деди.

Ибн Исҳоқ: сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир сиқим майда тош олдилар. Қурайшга юзланиб: «Юзларингиз қора бўлсин!» – деб, тошни сочди­лар ва саҳобаларига «Ҳужумга!» – дедилар. Шундан сўнг Қурайш мағлуб бўлди. Аллоҳ таоло Қурайш катталаридан кимни хоҳлаган бўлса, ўлдирди, обрўлиларидан бир нечтаси асирга олинди. Қавм асир олишни бошлаган пайтда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чодирларида, Саъд ибн Муоз белига қилич осиб, ансорларнинг бир гуруҳи билан чодир эшиги олдида душман ҳужумидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўриқлаб турар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муознинг юзида одам­лар қилаётган ишдан (асир олаётганларидан) қониқмаётганлигини кўриб: «Аллоҳга қасамки, эй Саъд, гўёки, одамлар қилаётган ишдан қониқмаётгандексан?» – дедилар. Саъд: «Ҳа, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Бу жанг мушриклар билан бўлиб ўтаётган илк жангимиз. Бу пайтда иложи борича мушрикларни кўпроқ ўлдиришимиз менга уларни (асир олиб) тирик қолдиришдан яхшироқ», – деди.

Ибн Исҳоқ: менга Аббос ибн Абдуллоҳ ибн Маъбад оиласининг баъзиларидан, улар ибн Аббосдан ривоят қилиб деди: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шу куни саҳобаларига: «Менга маълум бўлишича, Бани Ҳошимлик кишилар ва улардан бошқа баъзи одамлар биз билан жанг қилишни хоҳламасалар ҳам, мажбуран чиқарилганлар. Шундай экан, ким Бани Ҳошимдан бирортасига йўлиқса, уни ўлдирмасин, ким Абул Бахтарий ибн Ҳишом ибн Ҳорис ибн Асадга йўлиқса, уни ўлдирмасин (у ҳам зўрлаб чиқарилган), ким Аббос ибн Абдул­мутталибга йўлиқса ,(гарчи ўз ҳоҳиши билан чиққан бўлса-да) уни ўлдирмасин», – дедилар. Шунда Абу Ҳузайфа: «Биз оталаримиз, болаларимиз, ака-ука, қариндошларимизни ўлдирамиз-у, Аббосни ўлдирмаймизми? Йўқ, Аллоҳга қасамки, агар йўлиқсам, қилични унга тиқиб оламан», – деди. Унинг бу сўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. У киши Умар ибн Хаттобга: «Эй Абу Ҳафс! (Умар: «Аллоҳга қасамки, ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени илк бор «Абу Ҳафс» деб атаган эдилар», дейди). Наҳотки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиси­нинг юзига қилич билан урилса?!» – дедилар. Умар: «Ё расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Уни менга қўйиб беринг, бўйнига қилич билан ураман. Аллоҳга қасамки, у мунофиқлик қилибди», – деди. Абу Ҳузайфа: «Ўша куни айтган сўзимдан хавотирдаман. Шаҳид бўлишим унга каффорат бўлмагунгача қўрқувда давом этавераман», – деган эди. У Ямома жангида шаҳид бўлиб, вафот этди.

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абул Бахтарийни ўлдиришдан қайтарганликлари боиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадалик пайтларида, унинг ҳеч кимга зиёни тегмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор берма­ган, ёмонлик ҳам қилмаган ва Қурайш Бани Ҳошим ҳамда Бани Мут­талиб зарарига битган саҳифага қарши чиққан одамлардан эди. Унга ансорларнинг иттифоқдоши, Бани Солим ибн авфлик Мужаззар ибн Зиёд ал-Балавий йўлиқиб: «Эй Абул Бахтарий! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга сени ўлдиришни ман этдилар», – деди. Абул Бахтарий билан Маккадан бирга чиққан оғайниси Бани Лайслик Жунода ибн Мулайҳа бинт Зуҳайр ибн Ҳорис ибн Асад ҳам бор эди. Абул Бахтарий: «Оғайним-чи?» – деди. Мужаззар: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, оғайнингни соғ қўймаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат сенга тегмасликни буюрган­лар», – деди. У: «Йўқ, ундай бўлса мен ҳам у билан бирга ўламан, токи аёллар мен ҳақимда тирик қолиш учун дўстини тарк этибди, дей­ишмасин», – деди ва жанг қилиб, Мужаззар томонидан ўлдирилди. Мужаззар у билан бўғишаркан, уришишдан бошқасини хоҳламаган Абул Бахтарий ражаз вазнида шу шеърни айтарди:

Ўлгунгача ёки ўлим йўлини кўргунгача ҳур хотиннинг ўғли дўстини бериб қўймайди.

Иккиси ўзаро жанг қилдилар. Ал-Мужаззар ибн Зиёд уни ўлдирди ва Абул Бахтарийни ўлдиргани боис шу байтни айтди:

Агар насабимни билмасанг ёки унутган бўлсанг, менинг балийлик эканимни билиб қўй.

Язаний найзаси билан қавмнинг калласини узгунгача жанг қилган балийлик киши эканимни бил.

ал-Бахтарийдан сўнг етим қоладиганларни башорат бер ёки етимликни менинг болаларимга хушхабар бер.

Менга асли балийлик дейишади, сен тушгунгача мен сени найза­ладим.

Менга қарши чиққанни машрафий қилич билан ўлдираман, сути қийинчилик билан соғиладиган туядек машаққат билан бўлса ҳам, ўлдираман.

Мужаззарни ажойиб иш қиларкан кўрмайсан.

Ибн Исҳоқ: сўнг Мужаззар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ке­либ: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, уни асир олиб, олдин­гизга олиб келишга ҳаракат қилдим,бироқ у бош тортиб мен билан жанг қилди, мен уни ўлдириб қўйдим», – деди.

Ибн Ҳишом: Абул Бахтарий – Ос ибн Ҳишом ибн Ҳорис ибн Асаддир.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ