Умайя ибн Халафнинг ўлими

1 ўн йил аввал 4154 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: менга Яҳё ибн Ибод ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр ўз ота­сидан, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ва бошқалар Абдураҳмон ибн Авфдан ривоят қилиб деди: «Умайя ибн Халаф Маккада энг яқин дўстим эди. Менинг исмим Абду Амр бўлиб, Маккада мусул­мон бўлганимдан сўнг Абдураҳмон деб ўзгартирган эдим. Маккада­лик пайтимизда у қачон менга йўлиқса: «Эй Абду Амр! Ота-бобонг қўйган исмдан юз ўгирдингми?» – дер эди. Мен: «Ҳа», деб жавоб қилсам, у: «Мен Раҳмонни танимайман, иккаламиз учун ўртамизда қоладиган бошқа исм қўйгин, мен сени шу билан чақирайин. Чунки олдинги исминг билан чақирсам, жавоб бермаяпсан, танимайдиган исм билан эса мен чақирмайман», – деди. Айтганидек, қачон мени Абду Амр деб чақирса, унга қарамас эдим. Унга: «Эй Абу Али , ўзинг танла!» – дедим. У: «Абд ал Илоҳ», – деди. Мен: «Бўпти», – дедим. Шундан сўнг қачон олдидан ўтсам, эй Абд ал Илоҳ», дер, мен унга жавоб бериб, суҳбатлашар эдим.

Бадр жангида унинг олдидан ўтиб қолдим. У ўғли Али ибн Умайянинг қўлидан ушлаб, асир ҳолда бирга туришар эди. Мен қўлга киритган совутларни кўтариб олганча ўтиб бораётган эдим. Мени кўргач: «Эй Абду Амр!» – деб чақирди. Мен қарамадим. Сўнг: «Эй Абд ал Илоҳ!» – деганида, мен: «Ҳа», – дедим. У: «Сен мени ол­майсанми? Мен бу совутларингдан яхшироқман», – деди. Мен: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, тўғри», – дедим ва қўлимдаги совутларни ташлаб, у билан ўғлининг қўлидан ушлаб олдим. У: «Бугунгидек кунни ҳеч қачон кўрмаганман. Сутга эҳтиёжинглар борми?» – деди. Мен уларни олиб кетдим.

Ибн Ҳишом: «Сутга эҳтиёж борми» дейиш орқали у ўзини озод қилиш эвазига кўп сут берадиган туяни фидя қилиб беришни назарда тутган эди.

Ибн Исҳоқ: менга Абдулвоҳид ибн Абду Авн Саъд ибн Иб-роҳимдан, у отаси Абдураҳмон ибн Авфдан ривоят қилиб айтишича: «Мен Умайя билан ўғлининг ўртасида қўлларини ушлаб кетаётган эдим, у мендан: «Эй Абд ал Илоҳ! Сизлардан кўксига туяқушнинг патини осиб олган киши ким?» – деб сўради. Мен: «У Ҳамза ибн Абдулмутталиб», – дедим. У: «Бизга нима бўлган бўлса, ўша қилди», – деди.Аллоҳга қасамки, уни етаклаб кетаётган эдим, тўсатдан Билол унинг мен билан кетаётганини кўриб қолди. Билолни Маккада Исломдан қайтариш учун азоблаган киши Умайя эди. Жазирама кунда Макканинг чўлига олиб бориб, орқаси билан ётқизар, устига катта харсанг тош қўйдириб: «Муҳаммаднинг динидан воз кечмагунинг­ча шундай ётаверасан», – деган. Билол: «Аллоҳ ягона! Аллоҳ яго­на!» – деб ётаверган. Билол уни кўргач: «Куфрнинг боши Умайя ибн Халаф, агар у тирик қолса, мен нажот топмайман», – дея қичқирди. Мен: «Эй Билол! Бу − менинг асирим», – дедим. У баланд овозда: «Эй Аллоҳнинг ёрдамчилари! Куфрнинг боши Умайя ибн Халаф. Унинг тирик қолишига йўл қўймайман!» – деб, бақирар эди. Одамлар бизни халқа қилиб ўраб олишди. Мен эса уни ҳимоя қилар эдим. Шу пайт бир киши қиличини чиқариб, ўғлига зарба берган эди, у ерга йиқилди. Буни кўриб Умайя шундай қичқирдики, унақасини ҳали эшитма­ганман. Мен унга: «Ўзингни қутқар! Мен сенга ёрдам бера олмайман», – дедим. Одамлар ота-болага ташланиб, иккаласини ҳам ўлдирдилар.

Ибн Исҳоқ: Абдураҳмон: «Аллоҳ Билолга раҳм қилсин! Совут­ларим ҳам кетди, асиримни ҳам ўлдириб мени аламда қолдирди», – дер эди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ