Бадрдаги ўлжалар

1 ўн йил аввал 1804 siyrat.uz

 

Сўнг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бу жангда тўпланган ўлжаларни бир жойга йиғишни буюрдилар. Шунда мусулмонлар ихтилофга бориш­ди. Уни тўплаганлар: «У бизники», дейишса, душман билан жанг қилганлар «Аллоҳга қасамки, биз бўлмаганимизда унга эга бўлмас эдингиз, биз қавмни машғул қилиб турдик, сиз йиғиб олдингиз», – дейишарди. Душман ҳужум қилиб қолишидан қўрқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб турганлар эса: «Биз ҳам ўлжага ҳақлимиз, Аллоҳга қасамки, душманни ўлдирмоқчи эдик. Улар орқаларига қараб қочаётганларида ўлжани қўлга киритишдан тўсадиган ҳеч ким қолмаган эди, ўлжаларни олсак бўларди, лекин душман қайтиб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳужум қилишидан қўрқиб, уларни ҳимоя қилиб турдик. Шундай экан, ўлжага биз ҳақлироқмиз», – дедилар.

Ибн Исҳоқ: Абдураҳмон ибн Ҳорис ва бошқалар Сулаймон ибн Мусодан, у Макҳулдан, у Абу Умома ал-Боҳилийдан (Ибн Ҳишомнинг айтишича, унинг исми Содий ибн Ижлон) ривоят қилиб деди: «Убо­да ибн Сомитдан Анфол (ўлжалар) сураси ҳақида сўраганимда, у: «Биз – Бадрда қатнашганлар ҳақида нозил бўлган. Ўлжалар бо­расида тортишиб қолиб нафсимиз очилганда Аллоҳ уни биздан олиб, Пайғамбарига топширди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни мусулмонлар ўртасида тенг тақсимладилар», – деди.

Ибн Исҳоқ: менга Абдуллоҳ ибн Абу Бакр айтди: «Менга Бани

Соъидалик баъзи кишилар Абу Усайд ас-Соъидий Молик ибн Рабиъадан ривоят қилиб деди: «Мен Бадр куни Бани Оиз ал-Махзумийликларнинг «ал-Марзубон» деб номланган қиличини қўлга киритдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар қўлларидаги барча ўлжаларни қайтаришларини буюрганларида уни топширдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ким нима сўраса, бераётган эдилар. Арқам ибн Абу Арқам уни сўраган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилични унга бердилар.

Ибн Исҳоқ: ғалабадан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳани Мадинанинг юқори қисмига Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга берган ғалабаси ҳақида хушхабар бериш учун юбордилар. Зайд ибн Ҳорисани Мадинанинг қуйи қисмига юборди­лар.

Усома ибн Зайд айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Усмон ибн Аф­фон розияллоҳу анҳу билан бирга ундан хабар олиб туришим учун қолдирган эдилар. Усмоннинг завжалари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайянинг устига тупроқ тортаётганимиз (қабрга қўяётганимиз)да Зайд ибн Ҳорисанинг келгани ҳақида хабар олдик. Мен унинг олдига келганимда, у масжидда, одамлар эса унинг атрофини ўраб олишган, у эса: «Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Замъа ибн Асвад, Абул Бахтарий Ос ибн Ҳишом, Умайя ибн Ха­лаф ва Ҳажжожнинг икки ўғли Набиҳ ҳамда Мунаббиҳлар ўлдирилди», – деётган эди. Мен: «Эй отажон, шу ростми?» – дедим. Отам: «Ҳа, эй ўғлим!» – дедилар.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ