Мадинага қайтиш

1 ўн йил аввал 1949 siyrat.uz

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклардан тушган асирлар билан Мадинага қайтдилар. Асирлар ичида: Уқба ибн Абу Муъайт ва Надр ибн Ҳорислар ҳам бор эди, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар би­лан бирга қўлга киритилган ўлжаларни ҳам олиб келаётган эдилар. Ўлжаларга Абдуллоҳ ибн Каъб ибн Амр ибн Авф ибн Мабзул ибн Амр ибн Ғанм ибн Мозин ибн Нажжорни масъул қилиб қўйдилар.

Мусулмонлардан бир ражаз шоири шундай дейди:

Ибн Ҳишом бу рожизнинг Адий ибн Абу Зағбо эканини ай-тади.

Эй Басбас, сен уларнинг кўксини эз. Тиканли дарахтлар ёнида уларга истироҳат жойи йўқдир.

Шунингдек, Ғумайр йўлида ҳам ёпиладиган жой йўқ. Дарҳақиқат, қавмнинг уловлари тўсиб қўйила олмайди.

Йўлга сурилиши яхшироқдир. Аллоҳ ёрдам қилди, шер эса қочди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юришда давом этиб, ас-Сафро довони орқали ан-Нозиянинг ўртасидаги «Сайр» деб номланган қумтепалик ёнида­ги кенгликка тушганда мушриклардан тушган ўлжаларни мусулмон­лар ўртасида баробар тақсимладилар. Сўнг жойларидан қўзғалдилар, Равҳога етганларида ғалаба билан табриклаш учун мусулмонлар ку­тиб олишди. Менга Осим ибн Умар ибн Қатода ва Язид ибн Румон айтганига кўра, ўшанда Салама ибн Салома: «Нимага табриклаяп­сиз? Биз фақат бўрдоқига боқилган туяларга ўхшаган, кал қарияларни учратиб, уларни сўйиб юбордик», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб: «Эй биродаримнинг ўғли! Бироқ улар энг обрўли ва катталар эди», – дедилар.

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ас-Сафродалик чоғларида Надр ибн Ҳорис ўлдирилди. Менга маккалик баъзи аҳли илмларнинг хабар беришича, уни Али ибн Абу Толиб ўлдирган.

Ибн Исҳоқ: сўнг юришда давом этиб, ирқу Зобия деб аталадиган жойга етганларида Уқба ибн Абу Муъайт ҳам ўлдирилди.

Ибн Исҳоқ: Уқбани Бани Ажлонлик Абдуллоҳ ибн Салама асир олган эди.

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уқбани ўлдиришга буюрган пайт­ларида, у: «Норасидаларимга нима бўлади, эй Муҳаммад?» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзах», – дедилар. Абу Убайда ибн Муҳаммад ибн Аммор ибн Ёсирнинг айтишича, уни Бани Амр ибн Авф уруғидан бўлган Осим ибн Собит ибн Абу Ақлаҳ ал-Ансорий қатл этган.

Ибн Ҳишом: менга ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий ва ундан бошқа аҳли илм кишиларнинг айтишларича, уни Али ибн Абу Толиб ўлдир-ган.

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда Фарва ибн Амр ал-Баёзийнинг озод қилган қули Абу Ҳиндни учратдилар. У ёғ тўла мешни кўтариб олганди.

Ибн Ҳишом: У Бадрда қатнаша олмаган эди. Ундан бошқа барча жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қатнашган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажжомлари409 эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда: «Абу Ҳинд ансорлардан, унга қиз бериб, қиз олинглар (қариндош-уруғчилик қилинглар)» – деганлар. Саҳобалар ҳам шундай қилишган.

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага асирлардан бир кун ол­дин етиб келдилар.

Ибн Исҳоқ: менга Абдуллоҳ ибн Абу Бакр, Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Асъад ибн Зуроранинг шундай деганини ай­тади: «Асирларни келтиришганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжала­ри Савда бинт Замъа Афронинг икки ўғли: Авф ва Муаввазнинг ва­фот қилгани сабабли унга таъзия изҳор қилгани чиқиб кетган эди. Бу воқеа ҳижоб фарз бўлишидан олдин юз берган эди. Савда айтади: «Аллоҳга қасамки, мен уларнинг олдида эдим, ногаҳон «Асирларни келтиришди», дейишди. Мен уйимга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уйда эканлар. Абу Язид Суҳайл ибн Амр қўллари бўйнига арқон би­лан боғланганча уйнинг бурчагида турар эди. Аллоҳга қасамки, уни бу ҳолда кўриб ўзимни ушлаб тура олмадим ва: «Эй Абу Язид! Ўз қўлингиз билан ўзингизни топширдингизми? Мардларча ўлсангиз бўлмасмиди?!» – деб юбордим. Шунда мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй Савда, Аллоҳ ва Расулига фитна қилмоқчимисан?!» – деган сўзларигина ўзимга келтирди. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам! Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, Абу Язидни қўли бўйнига боғланган ҳолда кўрган пайтим ўзимни бу сўзларни айтишдан ушлаб туролмадим», – дедим.

Ибн Исҳоқ: менга Бани Абдуддор уруғидан Набиҳ ибн Ваҳбнинг айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирлар билан қайтиб кел­ган пайтларида уларни саҳобаларга бўлиб бериб: «Асирларга яхши қаранглар», – дедилар. Мусъаб ибн Умайрнинг туғишган укаси Абу Азиз ибн Умайр ибн Ҳошим ҳам асирлар орасида эди. Абу Азиз: «Ол­димдан Акам Мусъаб ибн Умайр мени асир олган ансор киши билан ўта туриб унга қарата: «Бўшашма! Бунинг онаси жудаям бой. Эҳтимол, у ўғлини сендан фидя эвазига озод қилар», – деди. Бизни Бадрдан олиб келишаётганда мен ансорларнинг бир гуруҳи ичида эдим. Эр­талаб ва кечки пайт овқатланиш вақти бўлганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга тааллуқли кўрсатмаларига биноан ўзлари хурмо еб, менга нон беришарди. Кимнинг қўлида бир бурда нон бўлса, менга узатар, мен ҳижолат бўлиб, уларга қайтариб берсам, ҳали ушламай туриб яна менга қайтариб берарди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ