Зайнабнинг Мадина томон йўл олиши

3 йил аввал 1813 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабни Мадинага юбориш ҳақида унинг сўзини олдиларми ёки унинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда бердими,  ёки бу озод қилинишининг шарти эдими, бу ҳақда на Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ва на Абул Ос аниқ айтмади. Шуниси маълумки, абул Ос Маккага бориб, Зайнабнинг кетишига рухсат бергач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса билан ансорлардан бўлган бир кишини ке­лишилган жойга юбориб: «Яъжижнинг ўртасига боринглар! У ердан Зайнаб ўтади. Унга шерик бўлиб, менга келтиринг», – дедилар. Улар айтилган жойга бориб туришди. Бу бадрдан бир ой (ёки шунинг атро­фида) ўтгандан кейин эди.

Абул Ос Маккага боргач, хотинига отасининг олдига боришни буюрди, Зайнаб тайёрлана бошлади.

Ибн Исҳоқ: Абдуллоҳ ибн Абу Бакр: Зайнаб деди: «Мен Макка­да отамнинг ёнига бориш учун тайёргарлик кўраётган эдим, Ҳинд бинт Утба йўлиқиб: «Эй Муҳаммаднинг қизи! Отангнинг олдига ке­таётган экансан?» – деб сўради. Мен: «Буни хоҳламаган эдим», – де­дим. У: «Эй амакимнинг қизи! Ундай қилма. Агар отангнинг олдига етиб олишинг учун у – бу нарса, пулми керак бўлса, мен бераман, ҳеч ҳам хижолат тортма! Кишилар ўртасида адоват бўлса-да, аёлларга дахли йўқ», – деб айтди. Аллоҳга қасамки, бу гапни у чин дилдан бажариш учун айтганди. Лекин мен унга ишонмадим ва кетишни хоҳламаётганимни айтиб, тайёргарлик кўравердим».

Тайёрланиб бўлгач, қайниси (эрининг укаси) Кинона ибн Рабиъ уни туяга миндириб камони билан садоғини олиб, кундузи йўлга чиқишди. У туяни етаклаб олган, Зайнаб эса туянинг устидаги махо­фага миниб олган эди.

Бу ҳақида Қурайш эркаклари гап-сўз қилиб юборишди ва орқаларидан тушиб Зу това деган жойда етиб олишди. Биринчи етиб келган киши – Ҳаббор ибн Асвад ибн мутталиб ибн Асад ибн Аб­дулуззо бўлди. У маҳофадаги Зайнабни найзаси билан қўрқитди. Айтишларича, у ҳомиладор бўлиб, бу ҳолдан қўрқиб кетганидан ҳомиласи тушиб қолган. Қайниси Кинона дарҳол ерга чўкка тушиб, ўқларини ёйди ва: «Аллоҳга қасамки, ким яқинлашса, отаман», – деди. Шунда одамлар ундан узоқлашдилар. Сўнг Абу Суфён Қурайш зодагонлари билан келиб: «Эй киши! Камонингни тушир! Сен билан гаплашиб олайлик», – деди. Камонини туширгач, Абу Суфён унинг олдига келди ва: «Сен тўғри иш қилмадинг, аёлни кўз ўнгимизда очиқчасига олиб чиқдинг! Ваҳоланки, сен бошимизга тушган муси­батни, бахтсизликни ва Муҳаммад томонидан етган нарсаларни би­ласан. Унинг қизини кўз ўнгимизда олиб кетишингни одамлар боши­мизга етган мусибат устига хорлик деб биладилар. Бу бизнинг заиф­лик ва кучсизлигимизни билдиради. Умримга қасамки, уни отасидан тўсиб туришимда менга ҳеч қандай фойда йўқ, мен бу билан бойлик ҳам талаб қилмоқчи эмасман, бироқ сен аёл билан ортингга қайтгин, одамларнинг гап-сўзи тингач, сени қайтариб юборамиз ва кечаси билдирмай чиқиб, уни отасига етказасан», – деди. У шундай қилди: бир неча кеча қолиб, гап-сўзлар тингач, кечаси уни олиб чиқиб кетди ва Зайд ибн Ҳориса билан шеригига етказди. Улар Зайнабни  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга топширдилар.

Бани Авф ибн Солим уруғидан Абдуллоҳ ибн Равоҳа ёки Абу Хай­сама Зайнабнинг бошидан ўтган ҳодисалар ҳақида шу шеърни айтди. Ибн Ҳишом бу шеърнинг Абу Хайсаманики эканини айтади:

Зайнабнинг шарафи туфайли инсонлар қадр бермайдиган кимса олдимга келди. У инсонларнинг ўз ораларида гуноҳкорлари, ота-онага нисбатан исёнлари бор.

Зайнабнинг шахсан шиддатли жанг ортидан Маккадан чиқарилиши Муҳаммадни хорлаб қўймади.

Абу Суфён Дамдам билан келишиб бизга қарши жанг қилишдан пушаймон бўлган.

Ўғли Амр билан қули Омирни мустаҳкам ва овоз чиқарувчи зан­жирга боғладик.

Онт ичаман, биздан аломатли, кўп сонли қўшин қўмондонлари бўлган бўлинмалар кам бўлмайди.

Биз қурайш мушрикларини хор ва қаҳр этгунгача туяларни ҳайдагандек ҳайдаймиз.

Бурунларига қизиган темир босиб, ўтказадиган тизгинлар билан қайта-қайта биз уларни Нажд ва Нахлага туширамиз. Агар отлар ва пиёдалар Тиҳомагача кетишса, у ергача борамиз.

Ҳатто улар умрбўйи йўлимиздан чиқармайдилар ва уларни Од ва журҳумликлар изларига қўшамиз.

Муҳаммадга қулоқ тутмаган қавм танлаган, тутган йўлидан ҳар доим пушаймон бўлади.

Агар учрашсак, Абу Суфёнга билдирки, агар сен мусулмон бўлиб саждага бормасанг,

У ҳолда ҳаётда тезда келадиган хорлик ва жаҳаннамда абадий елимли кўйлакни кийишга ҳозирлан.

Зайнабни излаб чиққанларни тарқалиш арафасида кўрган Ҳинд бинт Утба уларга шу байтни айтди:

Сиз сулҳ пайтида золим ва қўпол эшаклардек, жанг пайтида эса ойбоши келган (ҳайзли) хотинлардек бўласизми?

Кинона ибн ар-Рабиъ Зайнаб ҳақида унга ҳамроҳ бўлиб келган­ларга топшириб шундай дейди:

Хабборга ва унинг халқи орасидан заиф табиатли дўстларига ҳайрат этдим. Улар Муҳаммаднинг қизига берган сўзимдан қайтишимни хоҳлашарди.

Қўлим Ҳиндистонда ясалган қиличда тураркан, сонлари қанча бўлмасин, ҳаёт эканман, бунга аҳамият бермайман.

Ибн Исҳоқ: менга Язид ибн Абу Ҳабиб Бакр ибн Абдуллоҳ ибн Ашаждан, у Сулаймон ибн Ясордан, у Абу Исҳоқ ад-Давсийдан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилиб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшин юборди­лар. Мен ҳам бу қўшин ичида эдим. У Зот бизга: «Агарда Ҳаббор ибн Асвад ёки у билан бирга Зайнабга биринчи етиб келган кишини (Ибн Ҳишом: У Нофеъ ибн Абдуқайсдир) қўлга киритсангиз, уни оловда ёқиб юборинглар!» – дедилар. Эртаси куни бизларга одам юбориб: «Агар анави икки кишини ушласангиз, ёқиб юборишингизни бу­юрган эдим, сўнг Аллоҳдан бошқа ҳеч ким олов билан азобламас­лиги керак, деган фикрга келдим, шунинг учун уларни ушласангиз, ўлдиринглар», – деб айтдилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ