Ислом тарафиға очиқ суратда даъват ва ошкора таблиғ

1 ўн йил аввал 2360 siyrat.uz

Тақрибан икки санадин кейин ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қариндошу ақраболарини куфр ва ширкнинг ёмон оқибатидин қўрқутуш учун Худо тарафидин маъмур бўлдилар. Бу амри илоҳийға мутобиқ ҳаммадин илгари ўзларин қаробатдорлариға даъват ва таблиғ шуруъ қилдилар. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувват ва рисолатларидин мақсад мана бу неча нарсадин иборат эрди:

1. Аллоҳ таолонинг рубубият, азамат ва жалолин ошкора этмак.

2. Аллоҳ таолоға нофармон бўлғувчиларни ёмон оқибатдин қўрқутмак.

3. Одамларға эътиқод, амал ва ахлоқда пок турмак йўлларин кўрсатмак.

4. Ҳар нарсада покизалик, сафолик ва покдомонликни ўргатмак.

5. Илоҳий таълимларни беэваз, холис бермак, миннат қилмаслик ва андин бирор қисм манфаати шахсия кутмаслик.

6. Юқоридаги вазифаларни бажармакда нақадар кулфату азиятлар тўғри келса, бардош қилмак ва сабр этмак.

Жаноб Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрати муқаддасаларин диққат ила яхши мутолаа этган ҳар бир мусулмон бу олти мақсади аълони нақадар мукаммал анжом берганликларин билуб ҳайратда қолур. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таблиғи мубораклари оҳиста-оҳиста тубандаги тариқада вусъат ихтиёр эта бошлади.

Биринчи мартабада ўзлариға ниҳоятда яқин бўлғон қариндош ва дўстларидин бошладилар.

Иккинчи мартабада бутун қавмлари, ақраболари ва тамом шаҳар халқиға ўтдилар.

Учунчи мартабада Маккаи мукаррама атроф ва жавонибларидаги қабилаларни қўшдилар.

Тўртинчи мартабада Арабистоннинг тамом шуъба ва тоифалариға садоларин еткуздилар.

Бешинчи мартабада дунёда бор мутамаддин қавмлар ва мухталиф диндорларға Аллоҳ таолонинг паём ва рисолатин еткузуб, ҳаммаларин Худо тарафиға даъват бердилар.

Бу беш марҳалани той қилиш (босиб ўтиш)да ҳазрат Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда буюк камол, истиқлол, матонат, хулқ, сабр ва азм ила иш кўрдилар, ўз таълимларин исботи йўлида ғоятда буюк тадбир ва чоралар ила халқни ҳидоят эта бошладилар. Анинг учун бу Жанобни халқ пайғамбар билуб, иймон келтургувчилар Ислом маҳосин ва макоримларин ўзи кўруб билуб, ҳар бир иштибоҳлариға қаноатлик жавобларни олуб мусулмон бўлдилар. Ҳазрат Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун дунё учун раҳмати мужассам бўлуб, пайғамбарлик хилъатин (инъом этилган кийим) кийган ва жаҳон халқин роҳи ростға чақирғон замонларида дунё аҳволи ниҳоятда бузулган ва олам тамом фасодға тўлган эрди. Ҳеч бир иқлимда ҳавас қиларлик яхши бир ҳолат қолмағон эрди. Арабистон бўлса шундоғ бир ажиб мамлакат эрдики, ҳар бир фасод ва бенизомликда тамом оламдин зиёда расво бир иқлим эрди: на ҳукумат бор эрди, на қонун бор эрди ва на бир раҳнамо бор эрди − ўз- ўзларича бебош яшаб кетуб турган бир халқ эрдилар. Буларнинг бу ҳолатлари ҳақиқатда қобили раҳим бир ҳолат эрди.

Жаноб Роббул оламин жалла шаънуҳу бутун олам учун ирода қилғон ислоҳи умумийни ушбу мамлакатдин ибтидо қилди, жаноб Муслиҳи аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам вужуди зи жуд (олижаноб)ларин ушбу иқлимдин пайдо қилди ва ҳамма аҳли жаҳон учун раҳматан лил оламин қилуб юборди. Вақтийки, Аллоҳ таоло ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламға бу оятни нозил қилди: (وانذر عشيرتك الأقربين) яъни «Эй ҳабиб, ўзунгиз яқин қариндошларингизни ёмон оқибатдин огоҳ этинг». Бу оят нозил бўлғондин кейин Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун ҳамма яқин қариндошларин таом учун ўз уйлариға даъват қилдилар. Ўшал кун тахминан қирқ нафар Бани Ҳошим жамъ бўлдилар. Лекин амакилари Абу Лаҳабнинг шовқун ғалабаси сабабидин, муддаодек суҳбат бўлмади. Анинг учун иккинчи кеча яна шулар чақирилди. Вақтийки, таом ва сутдин фориғ бўлдилар, ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам аларға боқиб дедилар: «Эй жамоат! Мен сизлар учун дунё ва охират саодатин келтурдим. Мен жазм билурманки, бутун Арабистонда ҳеч бир инсон ўз қавмиға мен келтирган туҳфадин яхши бир туҳфа келтурмагандур. Аллоҳ таоло менга ҳукм бердики, мен сизларни ўшал саодатға чақирай, қани сизлардин ким бу хусусда менга ёрдам берур ва мен била баробар халқни Худо тарафиға даъват берур. Бу сўзни тамом мажлисдагилар эшитдилар, лекин ҳеч ким сўз қилмади. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ўрунларидин туруб: «Ё Расулаллоҳ, мен хизматларида ҳозирдурман», деди. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Али сўзларин эшитгач, амакилари Абу Толибға қараб дедилар: «Эй амаки, бу бола сўзиға итоатда бўлунг, нимаки деса, эшитинг». Бу сўзни эшитган одамлар ҳаммалари баробар тамасхур ила кулдилар ва дедиларки: «Кўрунг эй Абу Толиб, Муҳаммадники сизға бу кундан бошлаб, ўз ўғлунгизға итоатға буюрур». Яна бир кун ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тоғиға чиқуб туруб, халқни чақира бошладилар. Одамлар бир-бир жамъ бўлдилар. Жаноб аларға боқуб марҳамат қилдиларки: «Эй ҳозирлар, сизлар мени рост сўзлағувчи деб билурсизларми ё ёлғончи дерсизларми?» Ҳозирлар ҳамма бир оғиздин дедиларки: «Биз сизни тамом рост сўзлағувчи амин бир Зот деб билурмиз». Ҳазрат дедилар: «Боқинглар, мен бу тоғ тефасида турубдурман ва сизлар пастида турубдурсизлар. Менга кўрулган нарса сизларга кўрунмас. Эмди мен сизларға бу тоғ орқасида бир жамоа душман шул шаҳарға қараб келуб турубдур, сизларға ҳамла қилмакчи, десам сўзумға ишонурсизларми?» Алар дедилар: «Албатта, ишонурмиз, бу кунғача сиздин ёлғон сўз ҳеч эшитмадук». Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Эй биродарлар, яхши билингларки, дунёда доим турмассизлар, ўлум тефаларингизға келуб турубдур, ўлгандин кейин яна тирилурсизлар, Парвардигорингиз ҳузуриға албатта, борурсизлар, бу ҳаётларингиз ҳисобин берурсизлар. Мен Худонинг пайғамбаридурман, сизлар кўрмаган охират оламин кўруб турубдурман, охиратдаги Худо азобидин сизларни огоҳ этурман. Андин қўрқунглар, мусулмон бўлунглар, Худони бир ва ягона билинглар, куфрдин, ширкдин тавба қилинглар, менга иттибоъ қилинглар, охиратда жаннатға дохил бўлурсизлар. Шундин кейин жаноб Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммаға ом суратда таблиғ қила бошладилар. Умумий мажлисларға, ом йиғинларға, кўча-кўчаларға, қайси ерда беш-ўн одам тўпланғон бўлса, ўшал ерға боруб халқни Худонинг тавҳидиға чақирур эрдилар. Бутларға, тошларға, дарахтларға ибодат қилишдин манъ қилур эрдилар ҳам қиз болаларни тирик кўмушдин, ўлдурушдин, зинодин, қимордин, нопок турушдин, тилни ёлғондин, ёмон сўзлардин, дилни куфр, ширк ва ёмон ақидадин пок тутушға буюрур эрдилар. Ва дер эрдиларки: «Баданларингизни ва либосларингизни нажосатдин пок тутунглар, ваъдаларингға ва аҳдларингға вафо қилинглар, муомалаларда ҳаромзодалик қилманглар, Худойи таолони айбдин, ширкдин пок деб эътиқод этинглар ва яхши билингларки ер, осмон, кун, ой, юлдуз ва дунёда бор ҳар бир каттаю кичик нарса − ҳаммаси Аллоҳ таоло яратган махлуқдур. Ҳаммаси Худо тасарруфидадур ва Анга муҳтождур, Анинг учун дуо қабул қилмак, сиҳҳат ато қилмак, ҳожат раво этмак, муродларни бермак Анинг ихтиёридадур. Бутун жаҳонда ҳеч бир зот Худо хоҳламаган нарсани вужудға келтура олмас. Пайғамбарлар, фаришталар, авлиёлар ҳаммалари Анинг фармониға мутеъдурлар, ҳаргиз Анга хилоф қила олмаслар.

Мана бу таълимоти муқаддасани тамоми аҳли Маккаға нашр этдилар. Саодатмандлар, алҳамдулиллоҳ, қисматлари ёри беруб, Ислом диниға дохил бўлдилар. Бадбахтлар кундин кунға адоватлари зиёда бўлуб, ҳазрат Расулуллоҳға ва саҳобаи киромға кулфат ва азият бера бошладилар. Ўзлари Исломға дохил бўлмадилар, бошқаларни манъ қилуб турдилар, дохил бўлғон бечораларға ҳар қисм озорлар ва тоқатдин зиёда жаврлар бера бошладилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ