Маъуна қудуғи ғазоти. Сафар ойи, ҳижрий тўртинчи йил

1 ўн йил аввал 2249 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада шаввол ойининг қолган қисмида, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойлари даво­мида қолдилар. Ўша йилги ҳажни мушриклар бошқаришди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ойида, Уҳуд жангидан тўрт ой ўтгач, «Ма­ъуна қудуғи» ғазоти қатнашчиларини юбордилар.

Менга Абу исҳоқ ибн Ясорнинг ал-Муғира ибн Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомдан, Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазмдан ва ундан бошқа илм аҳлларидан сўзлаб бе­ришича, Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига «найзаларни ўйнатувчи» лақабини олган Абу Баро Омир  ибн Молик ибн Жаъфар келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга мусулмон бўлишни таклиф этдилар ва Исломга чақирдилар. Бироқ у Исломни қабул ҳам қилмади, инкор ҳам этмади. У: «Эй Муҳаммад! Саҳобаларингиздан бир нечтасини Нажд аҳлига юборсангиз, уларни динингизга чақиришса! Умид қиламанки, Нажд аҳли Исломни қабул қилади!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Нажд аҳли уларга зарар етказиб қўядими, деб қўрқаман», – дедилар. Абу Баро: «Мен уларни ҳимоямга оламан. Сиз уларни юборинг, Ис­ломга чақирсинлар», – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Соъида уруғидан бўлган, «ал-муъниқ лиямут» (ўлимга шошилувчи) лақабли ал-Мунзир ибн Амрни қирқта энг яхши саҳобийлар билан юбордилар. Улар ичида: Ҳорис ибн ас-Симма, Ҳаром ибн Милҳон ибн Адий ибн ан-Нажжор, Урва ибн Асмо ибн ас-Салт ас-Суламий, Нофиъ ибн Будайл ибн Варқо ал-Хузоъий, Абу Бакр ас-Сиддиқнинг озод қилган қули Омир  ибн Фуҳайра ва бошқалар бор эди. Улар йўлга чиқиб, Маъуна исмли қудуққа етиб ке­лишди. Ўша қудуқ Бани Омир  ва Бани Сулайм ерларининг ўртасида эди. Ҳар икки жой у ерга яқин эди. Лекин Бани Сулаймнинг Ҳарра деган жойига яқинроқ эди.

Ўша жойга келиб тушишгач, Ҳаром ибн Милҳонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактублари билан Аллоҳнинг душмани Омир  ибн ат- Туфайл олдига юборишди. Ибн Милҳон унинг олдига етиб келиши билан Омир мактубга қарамасдан унга ташланиб, ўлдирди. Сўнг Бани Омир қабиласини мусулмонларга ҳужум қилишга чақирди. Улар Омирнинг чақириғини рад этишиб: «Биз Абу Баронинг битимини бузмаймиз. Ахир у мусулмонлар билан аҳдлашиб, уларни ҳимоясига олган-ку!» – дейишди. Шунда у Бани Сулаймнинг Усийя, Риъл ва Заквон уруғларини чақирди. Улар рози бўлиб, мусулмонларга ҳужум қилиб,  мусулмонларни отлари билан қуршаб олишди. Мусулмонлар уларни кўриб қиличларини олишди ва жанг қилишди. Охири Бани Дийнор ибн ан-Нажжор уруғидан бўлган Каъб ибн Зайддан ташқари ҳаммалари қатл этилдилар. Аллоҳ уларни раҳматига олсин! Каъб ибн Зайдни чалажон ҳолда ташлаб кетишди. Ўлдирилганлар орасидан Каъбни чалажон ҳолатда олиб кетилганди. У тирик қолиб, Хандақ ғазотида шаҳид бўлгунча яшади. Аллоҳ уни раҳматига олсин!

Амр ибн Умайя ва Бани Амр ибн Авф  уруғидан бўлган бир ан­сорий одамларнинг орқасида келишаётганди. Улар биродаларининг ўлдирилганини қароргоҳ устида учаётган қушларни кўриб билишди. Улар бир-бирига: «Аллоҳга қасамки, қушлар бекорга учишмаяпти» – дейишди. Улар келиб биродарларининг қонлар ичида ётганини ва уларни ўлдирган отлиқларнинг турганини кўришди. Ансорий киши Амр ибн Умайяга: «Нима қиламиз?» – деди. Амр: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтиб, у Зотга бўлиб ўтган воқеани айтиб беришимиз керак деб ўйлайман», – деди. Ансорий: «Лекин мен ал-Мунзир ибн Амр ўлдирилган жойдан кетишни истамайман», – деб жангга кирди ва ўлдирилди. Амр ибн Умайяни асир туширишди. У ўзини Мудар қабиласидан эканлигини айтганида, Омир  ибн ат-Туфайл Амрнинг бошида ҳурпайиб турган бир тутам сочини кесиб ташлаб, уни қўйиб юборди. У Амрни онасининг зиммасидаги бир жон мажбурияти эва­зига ўлдирмади.

Амр ибн Умайя йўлга тушди ва Қарқарадаги «Садр Қанот» де­ган жойга етиб келганида Бани Омир  уруғидан бўлган икки киши у ўтирган сояга келиб ўтиришди. Бани Омир  ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасида бир-бирига ёрдам бериш тўғрисида келишув бор эди. Буни Амр ибн Умайя билмас эди. Амр улардан: «Сиз кимлардан бўласиз?» – деб сўради. Улар: «Бани Омирданмиз», – дейишди. Амр уларни ухлаб қолгунларича кутиб, кейин уларни ўлдирди. У бу иш билан Бани Омирдан ўч олмоқчи эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васалламнинг саҳобаларини Бани Омир  ўлдирган, деб билганди. Амр ибн Умайя Расулуллоҳ )соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб бўлган воқеани айтиб бергач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен икки кишини ўлдирдинг. Энди мен уларнинг хун пулларини, албатта, тўлайман», – дедилар.

Сўнг Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Абу Баронинг иши. Мен буни бош­дан хоҳламагандим, хавфсирагандим», – дедилар. Бу гап Абу Барога етиб келганда, Бани Омир  аҳдлашувни бузгани ва унинг ҳимоясидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўлдирилгани унга оғир ботди. Ўлдирилганлар ичида Омир ибн Фуҳайра ҳам бор эди.

Ибн Исҳоқ: менга Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилишича, Омир  ибн ат-Туфайл: «Ўлдирилганидан кейин ер билан осмон ўртасига кўтарилган киши ким? мен уни самода кўрдим», – деди. Унга: «У Омир  ибн Фуҳайра!» – деб жавоб беришди.

Ибн Исҳоқ: менга Жаббор ибн Сулмо ибн Молик ибн Жаъфар­нинг ўғилларидан бири сўзлаб берди: «Жаббор ўша куни Омир  би­лан бирга қатнашганлар ичида эди. сўнг Исломни қабул қилганди». У шундай дерди: «Мени Исломга даъват қилган нарса шу эдики, мен ўша куни улардан бир кишининг икки елкаси ўртасига найза санч­ганман, найзанинг учи унинг кўкрагидан чиққанини кўрганимда, у кишининг: «Аллоҳга қасамки, ғалаба қозондим!» – деганини эшит­ганман. Мен ўзимга-ўзим: «Қандай қилиб? Ахир мен уни ўлдирдим - ку!» – дедим. Кейин унинг ўша сўзи ҳақида сўраганимда: «У шаҳид бўлгани учун шундай деган», – деб айтишди. Аллоҳга қасамки, у ғалаба қозонганди».

Ибн Исҳоқ: Ҳассон ибн Собит Баронинг ўғилларини Омир  ибн ат-Туфайлга қарши чиқишга чақириб шеър ёзган. У ўз шеърида улар­нинг Нажд аҳлининг мард кишиларидан эканлиги, Омир  уларнинг отаси Абу Баронинг обрўсини тўккани ҳақида гапирган.

Ибн Исҳоқ: шунда Рабиъа ибн Омир  ибн Молик Омир  ибн Ту­файлга ҳужум қилиб, унга найза санчди. Найза Омир нинг ёнбоши­га тегиб, отидан йиқилди. У: «Бу Абу Омирнинг иши. Лекин унинг изидан асло тушманг. Агар ўлсам, хуним амаким зиммасида, агар ўлмасам, ўйлаб кўраман», – деди.

Туайма ибн Адий ибн Навфалнинг тоғаси Анас ибн Аббос ас-Суламий ўша куни Нофиъ ибн Будайл ибн Варқо ал-Хузоъийни ўлдириб, шундай деганди:

Ибн Варқо ал-Хузоъийни ўлик ҳолда тарк этдим,

Жанг ерида, шамоллар устига қумлар сепмоқда.

Абур Райённи эсладим уни кўрганда,

Ишондим ўшанда, ўч олганимга.

Абур Райён: Туайма ибн Адийдир.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа Нофиъ ибн Будайл ибн Варқога шундай марсия айтган:

Нофиъ ибн Будайлни Аллоҳ раҳматига олсин,

Исталган раҳмати ила, жанг савоби ила.

Сабрли, ростгўй, вафолидир у,

Душман кўпайганда ҳам садоқатлидир.

Ҳассон ибн Собит Маъуна қудуғи кунида ўлдирилганларга мар­сия айтиб, улар ичидан ал-Мунзир ибн Амрни алоҳида эслаган:

Маъуна шаҳидларига кўз ёши тўкишни,

Бошлайман жуда кўп, ҳеч тўхтамасдан.

Расулнинг чавандозларига йиғлайман, ажалга дуч келишди,

Етди уларга ажал, Қадр[1]да, тонгда.

Фано бўлдилар улар, қавм иттифоқи сабаб,

Ғаддорликка келишишди, хоинлик қилиб.

Эй воҳ, Мунзир бошлиқ бўлганда,

Сабр билан ажалига шошилди.

Ўша тонгда ичингиздан шаҳид бўлди,

Оқ танли аслзода, Амрнинг тозаси.

Ибн Ҳишом: менга байтнинг охирини Абу Зайд ал-Ансорий ай­тиб берган. шунингдек, Каъб ибн Моликнинг Маъуна қудуғи кунида Бани Жаъфар ибн Килобни айблаб айтган шеърини ҳам сўзлаб бер­ган:

Қўшнингизни Бани Сулаймга қолдирдингиз,

Уруш қилишларидан, ожизлик ва хорликдан қўрқиб.

Уқайлдан олган аҳди бўлмаганида,

Аҳдини чўзарди мустаҳкам қилиб.

Модомики қуратоликлар уни топширишди,

Қадимдан вафо қилмаслар, зеро улар бизга вафосиз.

Ибн Ҳишом: Қурато Ҳавозиндан бўлган бир қабиланинг номидир. Бир ривоятда, «Уқайлдан» деган сўз ўрнига «Нуфайлдан», дейилган. Шуниси тўғри, чунки  Қурато Нуфайлга яқинроқ.


[1] Қадр - жой номи.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ