Аллоҳ мушрикларга туширган нарса ҳақида

1 ўн йил аввал 2133 siyrat.uz

Бешинчи йилнинг шаввол ойи, шанба куни кечаси Аллоҳ таоло ўзининг Пайғамбарига шундай ёрдам ато этди. Абу Суфён ибн Ҳарб ва Ғатафон қабиласининг бошлиқлари Бани Қурайза қабиласига Икрима ибн Абу Жаҳл ва бир гуруҳ Қурайш ва Ғатафондан бўлган кишиларни юбориб, яҳудийларга дейишди: «Биз вақтинчалик яшаш жойида турибмиз, туялар ва отлар ҳалок бўлмоқда. Муҳаммадни ўлдириш учун йўлга чиқинглар, ўртамиздаги ишни тугатайлик», – дейишди. Яҳудийлар уларга одам юбориб: «Бугун шанба. Бу кунда биз ҳеч нарса қилмаймиз. Биласизки, ичимиздаги баъзилар бу кунда иш қилганлари туфайли бошларига бало келган. Бундан ташқари, биз­га гаровда ушлаб туришимиз учун одамларингиздан бермагунингиз­ча сизлар билан Муҳаммадга қарши жанг қилмаймиз. Улар бизнинг қўлларимизда Муҳаммадни қатл этгунимизга қадар кафил бўладилар. Жанг кучайиб, сиз урушда зарар кўриб қолсангиз, ўз ўлкангизга ке­тиб қолиб, бизни бу жойда Муҳаммад билан ёлғиз қолдиришингиздан қўрқяпмиз. Муҳаммадга бизнинг кучимиз етмайди», – дейишди. Эл­чилар Қурайш ва Ғатафонга Бан Қурайза айтган гапни келтирганда, улар: «Аллоҳга қасамки, Нуайм ибн Масъуд айтган гап тўғри экан», – дейишди. Улар Бани Қурайзага одам юбориб: «Аллоҳга қасамки, биз сизларга бирорта ҳам кишини бермаймиз. Агар жанг қилмоқчи бўлсангиз, чиқиб ўзларингиз жанг қилинг», – дейишди. Бани Қурайзага элчилар бу хабарни келтиришганида: «Нуайм ибн Масъуд бизга айтган гап тўғри экан. Қавм жанг қилишни хоҳламаяпти, агар улар фурсат топишса, жанг қилишади ва агар фурсат топишма­са, ўлкаларига қайтиб кетишади ва сизларни ўлкангизда ўша киши билан ёлғиз қолдиришади», – дейишди. Кейин улар Қурайш билан Ғатафонга одам бориб: «Аллоҳга қасамки, то гаров тариқасида кишиларингиздан бермагунингизча сизлар билан Муҳаммадга қарши жанг қилмаймиз,», – дейишди. Қурайш бош тортди. Аллоҳ уларнинг орасини бўлиб юборди ва совуқ қиш тунларида бир шамол юборди. Шамол уларнинг қозонларини тўнтариб, чодирларини учириб кета бошлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ