Каъб ибн Асаднинг ўз қавмига насиҳат қилиши

1 ўн йил аввал 2396 siyrat.uz

Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни йўқ қилмагунча қайтмасликларига ишонч ҳосил қилишгач, Каъб ибн Асад уларга: «Эй яҳудийлар, бошингизга нима келганини кўриб турибсиз. Мен сизга учта ишни таклиф қиламан. истаганингизни танланг!» – деди. Улар: «Улар нималар экан?» – дейишди. Каъб: «Биз мана бу кишига эргашайлик ва уни тасдиқлайлик. Аллоҳга қасамки, унинг юборил­ган Пайғамбар экани сизга равшан бўлди. Китобингизда учратган киши айнан ўша. Шундай қилсак, биз жонимизни, молимизни, фар­зандларимиз ва аёлларимизни сақлаб қоламиз», – деди. Улар: «Биз Тавротнинг ҳукмидан ҳаргиз ажрамаймиз! Уни бошқасига алмаштирмаймиз», – дейишди. Каъб: «Агар бундан бош тортсангиз, келинг, болаларимиз ва аёлларимизни ўлдирайлик, кейин қиличларимизни яланғочлаб, Муҳаммад ва унинг саҳобалари олдига орқамизда ҳеч қандай юк қолдирмай чиқайлик! Аллоҳ биз билан унинг ўртасида ҳукм чиқарсин! Агар ҳалок бўлсак, орқамизда бизни хавотирга со­ладиган насл қолдирмай, ҳалок бўламиз. Агар ғолиб чиқсак, умрим­га қасамки, аёлларни ҳам, фарзандларни ҳам топамиз» – деди. Улар: «Мана бу бечораларни-я! Улардан кейин ҳаётнинг нима маъноси бор?» – дейишди. У: «Агар бундан бош тортсангиз, бу кеча шанба кечаси. Муҳаммад ва унинг саҳобалари биздан ҳеч нарса кутишмай­ди. Қўрғондан чиқайлик. Эҳтимол, Муҳаммад ва унинг асҳобларини ғафлатда қолдириб ҳужум қилармиз» – деди. Улар: «Шанба кунимиз­нинг ҳурматини оёқ ости қиламизми?! Биздан илгаригилар қилмаган ишни қиламизми? Бу куннинг ҳурматини сенга ҳам маълум кишилар оёқ ости қилишган. Ўшанда улар, биласанки, ҳайвонга айлантирилган эдилар», – дейишди. Каъб: «Сизлардан бирор киши, онасидан дунёга келганидан буён, бир кун бўлса ҳам журъатли бўлмаган», – деди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ