Саҳобалар

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг фазллари

5 йил аввал 2230 siyrat.uz

Азизлар, келажак сатрлардан Аллоҳ таолонинг ёрдами ила улуғ ҳаётларини ўрганадиган саҳобий розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Баро ибн Молик ибн Назр ал-Ансорий, ан-Нажжорий ал-Маданийдир. У киши машҳур саҳобий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ота бир- она бир акаларидир.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оталари Молик мушрик ҳолида иймонга келмай ўлиб кетган. У кишининг оналари машҳур саҳобия Умму Сулайм. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ўгай оталари Абу Талҳа розияллоҳу анҳунинг тарбияларини олдилар.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло паҳлавонлик, чавандозлик ва жангчилик сифатларини берган эди. Шунинг учун ҳам Исломни қабул қилган кунларидан бошлаб ўзларини мазкур сифатларини сайқаллаб, улар ила Исломга хизмат қилишга ҳозирлана бошладилар.

НАБАВИЙ ЖАНГЛАРДА

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биринчи бор иштирок қилган жанглари Уҳуд уруши бўлди. Ўшанда у киши жангчиларнинг энг кичик ёшдагиси бўлганлар. Ундан кейин «Хандақ» жангида фаол қатнашдилар.

Аста-секин бошқа жангларда ҳам иштирок этдилар. У киши Ҳудайбия сулҳида қатнашиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ризвон байъатини қилдилар. Шунингдек, Макка фатҳи, Ҳунайн ва бошқа барча жангларда иштирок қилдилар.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳодийларидан бири эдилар. Ҳодий дегани, туяни етаклаб байтларни оҳангга солиб айтиб кетадиган кишидир. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг овозлари ширали эди. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарларида эркакларга ҳодийлик қилар эдилар. Аёлларга Анжаша номли саҳобий ҳодийлик қиларди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг фазллари ҳақида бир ҳадиси шариф айтиб кетдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қанчадан-қанча сочи тўзиган, ғубор босган, икки жандани кийган борки, гар Аллоҳга қасам ичса, уни бажо қилур. Баро ибн Молик ўшалардандир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Албатта, бу катта фазл, улуғ мақом эди.

ҲАЗРАТИ АБУ БАКР ДАВРЛАРИДА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайтларида Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ўта ёш бўлганларидан бошқа баҳодир катта саҳобалар соясида унча яққол кўзга ташланмаган бўлишлари эҳтимол. Аммо Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг қаҳрамонликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги юришларда тилларда достон бўлди.

Биринчи халифа ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ҳаммага маълум Ридда урушлари бошланди. Исломдан қайтиб, муртад бўлган араб қабилалари билан ҳаёт-мамот жанглари бўлди. Ана ўша жангларда Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг жангчилик сифатлари ўзининг бутун қомати ила майдонга чиқди.

МУРТАДЛАРГА ҚАРШИ ЛАШКАРЛАР ТАЙЁРЛАШ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Усома розияллоҳу анҳунинг лашкари дам олиб бўлгандан кейин Мадинаи Мунавваранинг ташқарисига аскаргоҳ қурдилар. Вазиятни чамалаб кўриб, муртадларга қарши уруш олиб бориш учун ўн битта лашкар туздилар ва уларга қўмондонлар тайин қилдилар ҳамда уларнинг вазифаларини белгиладилар.

1. Холид ибн Валид лашкари.

Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадийга боради. Ундан фориғ бўлгандан сўнг Молик ибн Нувайрага ўтади.

2. Икрима ибн Абу Жаҳл лашкари.

Ямомадаги Мусайлима ал-Каззобга боради.

3. Шурҳабийл ибн Ҳасана лашкари.

Икримага ёрдамга боради.

4. Муҳожир ибн Абу Умайя лашкари.

Ал-Анасийнинг аскарига қарши боради. Кейин Кинда томон ўтади.

5. Ҳузайфа ибн Муҳсон ал-Ғалақоний лашкари.

Дубаа аҳли томон боради.

6. Арафжа ибн Ҳарсама лашкари.

Муҳра аҳлига боради. Кейин ўзларидан аввалги лашкар ила бирлашади. Ҳар ким ўз амирлигини қилаверади.

7. Сувайд ибн Муқаррин лашкари.

Яманнинг Туҳамасига боради.

8. Ал-Алаа ибн ал-Ҳазрамий лашкари.

Баҳрайнга боради.

9. Турайфа ибн Ҳожир лашкари.

Бани Салим ва ҳавазонликларга боради.

10. Амр ибн Осс лашкари.

Қузоъага боради.

11. Холид ибн Саъид ибн Осс лашкари.

Шом тарафларга боради.

МУСАЙЛАМА ХАБАРИ

Бани Ҳанийфа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда уларнинг ичида машҳур бузғунчи Мусайламатул Каззоб ҳам бор эди. Бу набокор аввалроқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юборган эди. Мактубда қуйидагилар айтилганди:

«Аллоҳнинг Расули Мусайламадан, Аллоҳнинг Расули Муҳаммадга.

Аммо баъд; Мен бу ишда сенга шерик бўлдим. Бу ишнинг ярми бизгадир. Унинг ярми Қурайшгадир. Қурайш адолат қиладиган қавм эмаслар».

Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуйидаги жавобни ёзгандилар:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан, Мусайламага. Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд; Албатта, ер Аллоҳнинг мулкидир. Уни Ўз бандаларидан кимга хоҳласа, ўшанга мерос қилур. Оқибат тақводорларникидир».

Бани Ҳанийфа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганларида Мусайламани у Зотдан кийимлари билан тўсиб турган эдилар. Бу каззоб шу ерда ҳам ўз набокорлигини қилганди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз султонлари остидаги нарсанинг бир қисмини беришларини сўраганди. Шунда у Зот қўлларидаги чўпни кўрсатиб:

«Сенга мана шу чўпни ҳам бермайман», дегандилар.

Ўша Мусайлама ал-Каззоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ўз диёридаги муртадларга бош бўлиб, Ислом давлатига катта хавф туғдирган кучга айланди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл лашкарини ўша Нажд тарафдаги, Ямомадаги Мусайлама ал-Каззобга юборди. Унинг ортидан мадад учун Шурҳабийл ибн Ҳасанани яна бир лашкар билан жўнатди.

Икрима Шурҳабийл ибн Ҳасанани кутиб турмасдан, ўзи ишни битирмоқчи бўлиб, шошилиб Мусайламанинг аскари билан тўқнашди ва енгилди. Абу Бакрнинг ундан аччиғи чиқди ва Мадинага қайтиб келмасдан Яманга бориб, Ҳузайфа ва Аржафага қўшилишга, улар билан бирга Маҳар аҳлига қарши уруш қилишга амр қилди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга одам юбориб, уни Мусайлама томон юришга амр қилди. Унга муҳожир ва ансорлардан иборат катта лашкарни мададга юборди. Шурҳабийл ибн Ҳасанага одам юбориб, Холидни кутиб туришга амр қилди. Мусайламанинг қирқ минг кишилик лашкари бор эди.

Мусайлама ва Бани ҳанийфаликлар Холиднинг келаётганини эшитиб, Ямоманинг четига аскаргоҳ қилиб, одам тўпладилар. Уларга жуда кўп одам қўшилди.

Холид ҳам яқинлашиб келарди. Унинг лашкари олдида Шурҳабийл ибн Ҳасана борарди. Бани Ҳанийфанинг аскаргоҳига бир кечалик йўл қолганда уларнинг Омирдан ўч олиб келаётган бир жангчи гуруҳини учратди. Бу гуруҳга Бани Ҳанийфанинг улуғларидан Мажоъа ибн Марора бошлиқ эди. Холид амр қилиб, бошлиқларидан бошқасини қатл этдирди.

Сўнгра Холид бориб, муртадлар лашкари ила тўқнашди. Икки томон қаттиқ жанг қилди. Дастлаб мусулмонларнинг иши юришмади. Муртадлар Холиднинг чодиригача етиб келдилар ва унинг хотинини асир олмоқчи бўлдилар. Уларни Мажоъа бу ишдан қайтарди.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу отлиқ мужоҳидларга қўмондон эдилар. Ўша куни бош қўмондон Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу отлиқларга Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни қўмондон қилиб қўйган эдилар. Мусулмонлар оғир аҳволга тушиб, отлиқлар тум-тарақай бўлиб кетгандан сўнг одамлар Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга:

«Баро ибн Молик ал-Ансорийни қўмондон қил», дедилар. Шунда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу:

«Эй Баро, отлиқларга қўмондонлик қил!» дедилар.

«Мени ўзинг бўшатган эдинг. Энди отлар тарқалиб кетгандан кейин, отлиқларга қўмондонлик қил, дейсанми?!» деди Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу.

«Эй эркак! Ҳозир итоб вақти эмас. Отлиқларга қўмондонлик қил!» деди бош қўмондон.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ўзларини аямай душманга қарши шиддат ила жанг қилар эдилар. У киши бош қўмондон амрини эшитиб, мусулмонларнинг изтиробга тушганларини, сафлари бузилганини кўрганда баланд овоз ила:

«Эй мусулмонлар! Қаёққа кетмоқдасизлар?! Мен Баро ибн Моликман! Мен томон келинглар!» деб қичқирдилар.

Сўнгра мусулмонлар бирлашдилар ва Аллоҳ уларга ўз сакинасини нозил қилди.

Бани ҳанийфаликлар аччиқланиб, шиддат-ла жанг қилдилар. Холид уруш Мусайламанинг зиддига бўлаётганини англади. Уни яккама-якка олишувга чақирди. У олишувга чиқди ва иши оғирлашиб қолганда қочди. Унинг одамлари ҳам қочишга турди. Холид мусулмонларга нидо қилди. Улар бирдан ҳамла қилиб, муртадларни шармандаларча мағлуб этдилар.

Муртадларнинг қолганлари Мусайламанинг Ҳадийқатур Роҳман номли боғига кириб олишди. У қўрғонга кириш мусулмонлар учун қийин бўлди.

Шунда Баро ибн Молик мени боғнинг ичига отинглар, деди. Шериклари уни ўша боғнинг ичига улоқтирдилар. Унинг ёлғиз ўзи душман билан жанг қила туриб эшикни очди. Мусулмонлар ундан кириб, кўплаб душманни қатл қилдилар.

Қатл этилганлар ичида Мусайлама ҳам бор эди. Уни Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг қотили Ваҳший билан яна бир ансорий ўлдирдилар. Ўша вақтда Мусайлама юз эллик ёшда эди.

«Ал-Исоба фий тамйизи саҳоба» китобида Баро ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидагилар ривоят қилинган:

«Мусайлама куни бир одамни учратдим. Уни Ямоманинг эшаги дейилар эди. Ўта жуссадор, катта одам эди. Унинг қўлида оқ қилич бор эди. Мен унга чап бериб туриб, икки оёғига зарба берган эдим, паст тарафи кесилиб кетди. У чалқанчасига йиқилди. Мен унинг қиличини олдим. Ўз қиличимни қинига солиб қўйдим. Ўша қилич синиб кетгунча душман билан жанг қилдим».

Ўша куни Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу саксондан ортиқ жароҳат олдилар. Деярли у кишининг баданининг ҳар бир жойига ёки қилич, ёки найза теккан эди. У киши тузалиб кетгунча ўтган бир ой муддатда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг ўзлари шахсан беморга қарадилар.

Бу жангларда саҳобаи киромлардан етмиш киши шаҳид бўлдилар. Шаҳидлар ичида Абу Ҳузайфа ибн Утба, Солим мавло Абу Ҳузайфа, Шужоъ ибн Ваҳб, Зайд ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Саҳл, Молик ибн Амр, Туфайл ибн Амр ад-Давсий, Язид ибн Қайс, Омир ибн Букайр, Абдуллоҳ ибн Махрама, Соиб ибн Усмон ибн Мазъун, Уббод ибн Бишр ва бошқа катта саҳобаи киромлар бор эди. Бу ҳодисалар ўн биринчи ҳижрий санада бўлиб ўтди.

МИСЛСИЗ ЖАСОРАТ

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ўз даврларида кўп қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтган баҳодир шахс эдилар. У кишининг жасоратларига ҳамма тан берар эди.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу иштирок этган жангларда у кишининг укалари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ҳам иштирок этар эдилар. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу жангларнинг бирида укалари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни ўлимдан сақлаб қолганлари тилларда достон бўлиб кетган эди. Аслида воқеа бундоқ бўлган эди.

Мусулмонлар душман қўрғонини қамал қилган эдилар. Мужоҳидлар ичида Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳулар ҳам бор эдилар. Душман юқоридан қизитилган занжир сиртмоқ ташлаб одамларни илинтириб ўзларига тортиб олар эди.

Иттифоқо, ўша сиртмоқлардан бирига Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу илиниб қоладилар. Душман аскарлари у кишини ўзлари томон торта бошлайдилар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бор имконларини ишга солиб, жон-жаҳдлари билан сиртмоқдан чиқишга интиладилар. Лекин имкони бўлмайди. Душманлар у кишини аста-секин ўзлари томон тортиб бораверадилар.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳуга укалари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг душманнинг қизитилган занжир сиртмоғига тушиб қолгани ҳақидаги хабар етиб боради. У киши елдек учиб етиб келадилар. Қарасалар, укалари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ҳоллари чатоқ. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу сакраб деворга чиқадилар ва қизитилган занжирни ушлаб ўзлари томон торта бошлайдилар. Икки томон тортишмачоқни анча вақтгача давом эттирадилар. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг қўллари куйиб борар эди. Аммо у киши қизиган занжирни қўйиб юборишни хаёлларига ҳам келтирмас эдилар. Занжирни қўйиб юбориш у киши учун жонажон укаларини ўлимга топшириш билан баробар эди.

Бу ҳаёт-мамот тортишуви охири занжирнинг узилиб кетиши ва Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг озод бўлишлари билан тугади. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу нафасларини ростлаб, қўлларига қарасалар, эти битта қолмай куйиб суяги чиқиб қолибди.

ҲАЗРАТИ УМАР ДАВРЛАРИДА

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳам фатҳ ишларида фаол қатнашишни давом эттирдилар.

У кишининг баҳрайнлик Мирзабон билан тушган яккама-якка олишувлари тарих саҳифаларига алоҳида таъкид ила ёзилиб қолган.

Форс тилида подшоҳдан кейинги ўринда турадиган ҳарбий кишини Мирзабон дейилар эди. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳуга қарши олишувга чиққан шахсни Зора Мирзабони дейилар эди. Зора эса Баҳрайндаги жойлардан бирининг номи эди. У жуда ҳам бой одам эди. Ўша пайтларда жангчи кимни қатл қилса, унинг бор молу мулкини ҳам олар эди. Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу Зора Мирзабони билан олишувга чиқиб, уни қатл қилганларидан кейин унинг молу мулкини олдилар. У молу мулк жуда ҳам кўп, ўттиз минг эди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Баро ибн Молик розияллоҳу анҳуга теккан нарса кўп бўлиб кетибди, бешдан бирини олайлик, деганлар.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳаддан ташқари шижоатли эканликлари ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни доимо эҳтиёт бўлишга чорлаб турар эди. У киши аскарбошиларга ёзган мактубларида Баро ибн Моликни қўмондон қилманглар, у ҳалокатлардан бир ҳалокатдир, одамларни бошлаб кетиб қолади, дер эдилар.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ўзларини жангчи бўлиб туғилган ва жангда ўладиган одамлардан деб ҳисоблар эдилар. У кишининг бу гапга қанчалар ишонишларини имом ал-Ҳоким ва бошқалар ўз китобларида келтирган қуйидаги гаплардан ҳам билиб олсак бўлади.

Бир куни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўз акаси Баро ибн Молик розияллоҳу анҳуникига кирса, у чалқанча ётиб, оёғини чалиштириб олиб шеърни қўшиқ қилиб айтаётган экан. Шунда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўз акасига танбеҳ бериб:

«Эй ака! Шеърни қўшиқ қилиб айтасанми?! Аллоҳ сенга унинг ўрнига ундан яхши нарсани, Қуръонни бериб қўйибди-ку!» деди.

«Мени тўшагимда ўлиб қолади, деб қўрқяпсанми? Менинг ёлғиз ўзим юзтасини ўлдирганман. Бошқалар билан шерик бўлганим кўп! Мен Аллоҳ мени бу ҳолга туширмаслигини орзу қиламан», деди.

ШАРҚИЙ ЖАБҲАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Ўша пайтда шарқий жабҳада ўзгаришлар юз берди. Басра амири Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу вафот этди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ўринларига аввал Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳуни қўйдилар. Сўнгра у кишини Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу билан алмаштирдилар.

Ўша вақтда Форснинг подшоси Яздажир ўз одамларини мулкни қайта тиклашга даъват қилар эди. Улар Аҳвозга мактуб йўллаб, уларни ҳам мусулмонларга қарши чиқишга ундай бошладилар.

Бу хабар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга етганда у киши ҳам Басранинг амирига, ҳам Куфанинг амирига ўша томонга катта лашкар юборишга буйруқ бердилар. Улар бориб, Ромҳурмузни фатҳ қилдилар.

Ҳурмузон Тистрга қочиб кетди. Басра аскари Аҳвозга етганда бу хабарни эшитиб, йўлни Тистр томон бурди. Ҳаммалари Тистр атрофида учрашиб, уни қамал қилишни бошладилар.

Қамал кучайганда шаҳар аҳолисидан бир киши омонлик сўраб чиқди ва йўл кўрсатиб беришни ваъда қилди. У шаҳар ичига олиб кирадиган ер ости йўли борлигини айтди.

Шунда мусулмон фотиҳларнинг қўмондони Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу Баро ибн Молик розияллоҳу анҳуни чақириб:

«Бизга шаҳарнинг ичига олиб чиқадиган ер ости йўли далолат қилинди. Ўзинг билан бирга борадиган одамларни танлаб ол», деди.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу бу амрни олганларидан кейин Мужзъа ибн Саврни чақириб:

«Ўз қавмингдан ҳушёр ва бақувват бир кишининг номини айт», дедилар.

«Нима учун, эй Баро?» деди.

«Бир иш бор», дедилар.

«Ўша одам менман!» деди.

«Ер ости йўлига далолат қилиндик. Ўшанга кирмоқчимиз», дедилар.

«Мен сен билан биргаман!» деди.

Улар мазкур йўл билан шаҳар ичига кириб кетдилар. Улар билан бир қанча фотиҳлар ҳам кетдилар. Мусулмонлар уларнинг такбир айтишларини кутиб турдилар. Ниҳоят ичкаридан эшиклар очилиб, такбир айтилди. Ҳамма шаҳарни фатҳ қилишга ошиқди.

Баро ибн Молик розияллоҳу анҳунинг шериклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у киши ҳақларидаги:

«Қанчадан-қанча сочи тўзиган, ғубор босган, икки жандани кийган борки, гар Аллоҳга қасам ичса, уни бажо қилур. Баро ибн Молик ўшалардандир», деган ҳадиси шарифларини яхши билар эдилар. Улар қачон ишлари юришмай қолсалар, эй Баро, Роббингга қасам ич, деб илтимос қилишар эди.

Ибн Асир ўзларининг «Усудул Ғоба» китобларида қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Форс юртларидаги Тистр куни бўлганида одамлар қийин аҳволда қолдилар. Мусулмонлар Баро ибн Молик розияллоҳу анҳуга:

«Эй Баро, Роббингга қасам ич!» дедилар.

«Эй Роббим, Сенга қасам ичаманки, уларнинг кифтларини бизга тутиб бер ва мени Ўз Набийингга эриштир!» деди Баро ибн Молик розияллоҳу анҳу ва душман томон ҳамла қилди. Одамлар у билан ҳамла қилдилар. Форслар енгилди. Баро қатл қилинди. Уни Ҳурмузон қатл қилди. Бу ҳижратнинг йигирманчи санасида бўлди».

Ҳурмузон шаҳар қалъасига беркиниб олиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳукмларига тушишни талаб қилди.

Фатҳлар тамом бўлгандан кейин Ҳурмузон ила ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига борадиган ҳайъат тузилди. Уларнинг ичида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ва Аҳнаф ибн Қайслар ҳам бор эди.

Мадинаи Мунавварага етиб келишганда одамлари Ҳурмузонга дебождан бўлган кийимларини, ёқутли тожини ва бошқа зебу зийнатларини кийдирдилар. Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томон юриб кетдилар.

Улар етиб борганларида Умар розияллоҳу анҳу қўлларида дарралари билан масжидда ухлаб қолган эканлар.

Ҳурмузон: «Умар қани?» деди.

Улар: «Ана у», дедилар.

Ҳурмузон: «Унинг қўриқчилари ва эшик бегилари қани?» деди.

Улар: «Унинг қўриқчиси ҳам, эшикбегиси ҳам йўқ», дедилар.

Ҳурмузон: «Ундоқ бўлса, у набий бўлиши керак», деди.

Улар: «Анбиёларнинг амалини қилади, холос», дедилар.

Шу пайт Умар уйғонди. Унга Ҳурмузоннинг хабари берилди. У унга назар солиб туриб:

«Буни ва бунга ўхшаганларни Ислом ила хор қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди.

Сўнгра унинг устидагиларни ечиб, оддий кийим кийгизишга амр қилди ва унга:

«Алдамчиликнинг оқибати қандоқ бўлишини ва Аллоҳнинг амрининг оқибати қандоқ бўлишини кўрдингми?» деди.

У: «Эй Умар! Жоҳилият вақтида сиз билан бизнинг орамизни Аллоҳ тек қўйиб қўйганда биз сизга ғолиб келган эдик. Энди эса сизлар бизга ғолиб келдингиз», деди.

Умар: «Жоҳилиятда сизлар бизга ғолиб келишингиз сизнинг бирлигингиз ва бизнинг тарқоқлигимиз ила бўлган. Бирин-кетин аҳдни бузишингга нима ҳужжатинг ва узринг бор?» деди.

У: «Сенга бунинг хабарини беришимдан олдин қатл қилишингдан қўрқаман», деди.

Умар: «Ундан қўрқма», деди.

У сув сўради. Унга қўпол қадаҳда сув берилди.

У: «Агар чанқоқдан ўлсам ҳам, бунга ўхшаш нарсадан ича олмайман», деди.

Унга ўзи рози бўлган идишда сув берилди.

У: «Ичишимдан олдин ўлдириб қўясанми, деб қўрқаман», деди.

Умар: «Ичиб бўлгунингча сенга ҳеч нарса бўлмас», деди.

У охиригача ичди.

Умар: «Унга яна беринглар. Унга ўлим билан чанқоқликни жамламанглар», деди.

У: «Менинг сувга ҳожатим йўқ. Мен бу билан жон сақламоқчи бўлдим, холос», деди.

Умар: «Энди, сени қатл қиламан», деди.

У: «Сен менга омонлик бергансан», деди.

Умар: «Ёлғон айтдинг», деди.

Анас ибн Молик: «Рост айтди. Эй мўминларнинг амири, унга омонлик бердингиз», деди.

Умар: «Эй Анас, мен Баро ибн Молик ва Мажзаъа ибн Саврларнинг қотилига омонлик берар эканманми?! Аллоҳга қасамки, ёки йўл топ, ёки сени иқобга оламан», деди.

Анас: «Ўзингиз, хабарини бергунингча сенга ҳеч нарса бўлмас, ичиб бўлгунингча сенга ҳеч нарса бўлмас, дедингиз-ку», деди.

Унинг атрофидагилар ҳам шунга ўхшаш гап айтдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Ҳурмузонга қараб:

«Мени алдадинг. Аллоҳга қасамки, мен фақат мусулмондангина алданаман», деди.

У мусулмон бўлди. У яхшилик ила тобеъин бўлди. Умар унга икки минг нафақа тайин қилди. Икковлари орасида Муғийра ибн Шўъба таржимонлик қилар эди.

Аллоҳ таоло Баро ибн Молик розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ