Саҳобалар

АБУ БАКР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ФАЗЛЛАРИ

3 йил аввал 5869 siyrat.uz

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба қилиб: «Албатта, Аллоҳ бир бандага ё дунёни, ё Ўзининг ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берди. Ҳалиги банда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ихтиёр қилди», дедилар.

Шунда Абу Бакр йиғлади. Биз унинг йиғисидан ажабландик. Кейин билсак, ихтиёр берилган Зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Абу Бакр ичимизда буни энг яхши биладиганимиз экан. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир. Агар мен ўзим учун Роббимдан бошқани халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин  Ислом биродарлиги ва муҳаббатидир. Масжидда ҳеч бир эшик қолмасдан ҳаммаси беркитилсин. Илло Абу Бакрнинг эшиги бундан мутасно», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Агар умматимдан халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин у биродарим ва соҳибимдир. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизнинг соҳибингизни халил тутгандир», дейилган». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом умматининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг афзал шахси эканликлари яққол кўриниб турибди. Шу билан бирга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларнинг ичларида энг илмли ва энг зеҳни ўткири эканликлари ҳам кўриниб турибди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба қилиб: «Албатта, Аллоҳ бир бандага ё дунёни, ё Ўзининг ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берди. Ҳалиги банда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ихтиёр қилди», дедилар». Аллоҳ таоло бир бандага:«Ёки бу дунёни танлаб, унда яшайвер, ёки Менинг ҳузуримдаги нарсани танлаб бу дунёни тарк эт. Ихтиёр ўзингда», дебди. Ўшанда мазкур банда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсани танлаб, бу дунёни тарк этишга рози бўлибди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу маънодаги гапларни ўз хутбаларида айтганларида, кўпчилик, бу бўлиб ўтган бир ишнинг хабари бўлса керак, деган маънода ортиқча эътибор бермабдилар. «Шунда Абу Бакр йиғлади». У киши гапнинг асл маъносини англаб етганларидан йиғлаган эдилар. «Биз унинг йиғисидан ажабландик. Кейин билсак, ихтиёр берилган Зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Абу Бакр ичимизда буни энг яхши биладиганимиз экан». У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари яқинлашиб қолганини билганидан йиғлаётган экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хутбаларида давом этдилар. «Одамлар ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг саҳобаликлари ҳеч бир иккиланишсиз эканлигига тўлиқ ишонганларидан мана шу гапни айтганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дину диёнат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган садоқат йўлида жонларини фидо қилишга ҳар лаҳзада шай бўлиб турганларидан у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни айтганлар. Ана ўша эътибордан: «Агар мен ўзим учун Роббимдан бошқани халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин Ислом биродарлиги ва муҳаббатидир». Бу гапдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун дўст тутиш маъносида Аллоҳ таолодан кейин иккинчи ўринда турадиган зот эканлари келиб чиқади. Халил дегани энг ишончли дўст маъносини англатади. «Масжидда ҳеч бир эшик қолмасдан ҳаммаси беркитилсин. Илло Абу Бакрнинг эшиги бундан мутасно», дедилар». Ушбу жумланинг маъносини тўлиқ ва тўғри англашимиз учун ўша пайт воқеълигига қайтишимиз лозим бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжиди шарифлари қурилгандан кейин, у Зотга ҳужралар ҳам қурилди. Мазкур ҳужраларининг эшиклари масжид томондан очилган эди. Эшикни очиб масжидга кириларди. Ҳужраларга кирмоқчи бўлган одам масжид орқали кирар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб саҳобаи киромлар ҳам масжид атрофига ўзлари учун ҳужралар қурдилар. Мазкур ҳужраларнинг эшиклари ҳам масжид томондан очилган эди. Шундоқ қилиб кўпчилик масжид орқали ўз уйига кириб чиқадиган бўлиб қолди. Бора-бора бу нарса масжид ишига халал берадиган бўлиб қолди. Ана ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапларни айтиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа саҳобаи киромларга масжиддан бошқа тарафдан эшик очишни амр қилдилар. Бу қилинган истисно ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳурматлари ниҳоятда юқори эканлигига ёрқин далилдир. «Агар умматимдан халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин у биродарим ва соҳибимдир. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизнинг соҳибингизни халил тутгандир». Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халил тутгани ҳақида у зотнинг сийратлари ҳақидаги китобда батафсил сўз юритилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу баёнотлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг у Зотнинг умматлари ичидаги энг афзал шахс эканликларини кўрсатади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Бирдан Абу Бакр кийимининг бир тарафини кўтариб олган ҳолда келиб қолди. Ҳатто тиззасини ҳам очиб олган эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аммо соҳибингиз шиддатга тушибди», дедилар. У келиб салом берди ва: «Мен билан Ибн ал-Хаттобнинг орасида бир гап ўтган эди. Сал тезлик қилиб қўйдим. Сўнгра надомат қилиб мени кечиришини сўрадим. У бош тортди. Энди Сизга келдим», деди. У Зот уч марта: «Аллоҳ сени мағфират қилур, эй Абу Бакр», дедилар. Кейин Умар ҳам надомат қилди ва Абу Бакрнинг уйига бориб: «Абу Бакр борми?» деди. «Йўқ», дейишди. Бас, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб салом берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари (ғазабдан) бошқача бўла бошлади. Ҳаттоки Абу Бакр қўрқиб кетди ва чўккалаб олиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки мен икки карра золимроқ бўлган эдим», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта: «Аллоҳ мени сизларга юборганда сизлар менга, ёлғон айтдинг, дедингиз. Абу Бакр, рост айтдингиз, деди. Ўзи сизлар менга ўз соҳибимни тарк қиласизларми, йўқми?!» дедилар. Шундан сўнг унга ҳеч озор берилмади». Бухорий ривоят қилган. Шарҳ: Саҳобаи киромларнинг, жумладан, катта саҳобаларнинг ораларида ҳам гоҳида баъзи бир ушбу ривоятда баёни келганга ўхшаш гаплар ўтиб турар эди. Бу табиий бир ҳол. Саҳобаи киромлар ҳам оддий одамлар. Қолаверса, уларнинг бошқаларга ўрнак бўлишлари лозимлиги эътиборидан, бунга ўхшаш ишлар содир бўлганда ўзини қандоқ тутиш лозимлигини бошқаларга таълим бериш учун ҳам керак. Ушбу ўрганган ривоятимизда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг яхшилик қилишга, ўзидан ўтган хатони тезроқ тузатишга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ҳам ҳарисроқ эканликлари яққол кўриниб турибди. У кишининг ана шунга ўхшаш фазилатлари Ислом умматининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин энг афзал кишиси даражасига кўтарган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг уйларига узр сўраб боришлари, у киши узрни қабул қилмагач, ташвишга тушиб, қаттиқ қўрққан ҳолларида нажот излаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига шошилишлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларига ориз бўлган мушкил борасида нажот излаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилганларида, ана ўша фазилатлар юзасидан: «У Зот уч марта: «Аллоҳ сени мағфират қилур, Эй Абу Бакр», дедилар». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапни уч марта такрорлашлари ўта кучли таъкидлашни билдиради. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни, албатта, мағфират қилишига ишончлари комил бўлганларидан бу гапни айтганлар. Бу эса ўз навбатида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини кўрсатади. Энди масаланинг қолганини ўрганайлик. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам бўлган ҳодисадан кеч бўлса-да афсусланиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни уйларига излаб бориб топа олмаганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон равона бўлдилар. «Бас, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб салом берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари (ғазабдан) бошқача бўла бошлади». Бу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан айтишгани ва у кишининг узрларини қабул қилмагани учун бўлаётган эди. Ўта ҳалим бўлган Зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу даражада ғазабланишлари жуда ҳам ташвишли эди. «Ҳаттоки Абу Бакр қўрқиб кетди ва чўккалаб олиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки мен икки карра золимроқ бўлган эдим», деди». Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қўрқишлари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бирор оғир ҳолат бўлиб қолмасин, деган фикрларидан келиб чиққан эди. У киши менинг сабабимдан Умарга бирор нарса бўлиб қолмасин, деган ташвишда эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлбориб айбни ўзларига ола бошладилар. Бу ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазилатларидир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг мазкур ёлборишларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аччиқларидан тушдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни итоб қилмадилар-да, гапни умумлаштириб туриб икки марта: «Аллоҳ мени сизларга юборганда сизлар менга, ёлғон айтдинг, дедингиз. Абу Бакр, рост айтингиз, деди. Ўзи сизлар менга ўз соҳибимни тарк қиласизларми, йўқми?!» дедилар». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай иккиланишсиз иймон келтирган зот Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эдилар. Юқоридаги жумлада ана ўша ҳақиқат ўз йўли ила баён қилинмоқда. Бу гапларда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг афзалликлари ҳеч шубҳа қодирилмай очиқ-ойдин ва бўрттириб кўрсатилмоқда. Шунинг учун ҳам: «Шундан сўнг унга ҳеч озор берилмади». Ҳамма-ҳамма ўша ҳодисадан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ким эканликларини яхши билиб олди. У киши билан бўладиган муомалаларида ўзларини билиб ҳаракат қиладиган бўлдилар. Биров у кишига озор беришга ботина олмай қолди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. Бас, у Зот унга: «Сен Аллоҳнинг дўзахидан атийқисан(озод қилгани)», дедилар. Ўша кундан бошлаб у «атийқ» деб номлана бошлади». Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг очиқ-ойдин, Аллоҳ сени дўзахдан озод қилгандир, деб эълон қилишларининг ўзи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазлларнинг фазлидир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Бакр ичида бўлган қавмга ундан бошқа имом бўлиши мумкин эмас», дедилар». Термизий ривоят қилган Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг саҳобаи киромлар ичида энг афзаллари эканлигига равшан далилдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келди ва қўлимдан етаклаб бориб менга умматим кирадиган жаннатнинг эшигини кўрсатди», дедилар. Шунда Абу Бакр: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам сиз билан бўлиб уни кўришни жуда ҳам истадим», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Бакр, умматим ичидан жаннатга биринчи кирувчи, албатта, сен бўласан», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Шарҳ: Бир одам учун бундан ортиқ фазл бўлмаса керак. Аллоҳ таоло барча умматларга гувоҳ қилган, охирги ва энг афзал уммат бўлган уммати Муҳаммадиянинг ичидан биринчи бўлиб жаннатга кириши Аллоҳ таолонинг охирги ва энг афзал Пайғамбари томонидан таъкидланган одамдан ҳам афзал одам бўлиши мумкинми? Хўш, шунчалик фазлларга эга бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ким ўзи? У кишини бунчалик олий даражага кўтарилишининг сабаби нима? Бунчалик фазлга эга бўлиб, Пайғамбари охири замон алайҳиссаломнинг таҳсинларининг турлисини жамлашга қандоқ қилиб эришди у одам? Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу нима сабабдан Аллоҳнинг атийқи − дўзахдан озод қилинган бандаси бўлишга эришдилар? Ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб саволларга жавоб топиш учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини қўлдан келганича ўрганиб чиқишга ҳаракат қилайлик.

У КИШИНИНГ НАСАБЛАРИ

У кишининг тўлиқ исмлари қуйидагича: Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа Усмон ибн Омир ибн Амр ибн Каъб ибн Маъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ал-Қураший ат-Таймий. У кишининг насаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Муррада бирлашади.

У КИШИНИНГ ИСМЛАРИ ВА ЛАҚАБЛАРИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу куняси исмидан машҳур бўлиб кетган шахслардан биридир. «Абу Бакр» у кишининг куняларидир. Исмлари эса Абдуллоҳдир. Баъзи ривоятларда айтилишича, у кишининг аввалги исмлари Абдулкаъба бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳга алмаштирган эканлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оталари ҳам кунялари билан машҳур бўлган. У киши Абу Қуҳофа номи билан машҳур бўлганлар. Асл исмлари эса Усмон бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг энг машҳур лақаблари «Сиддиқ»дир. У кишининг бу лақабнинг олишларига ҳар бир нарсада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқлашга шошилганлари сабаб бўлган. Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу доимо ўзларига содиқликни лозим тутганлар. Ислом-иймон масаласида у кишида бирор марта ҳам, салгина бўлса ҳам иккиланиш ёки сустлик сезилмаган. Ушбу ва бунга ўхшаш кўпгина ҳолатлар у кишини «Сиддиқ» лақабини олишларига сабаб бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг иккинчи лақаблари «Атийқ» бўлган. У кишининг бундоқ лақабни олишлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари орқали бўлган. Буни юқорида имом Термизий Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадиси шарифдан ўргандик. Яна шу маънодаги бошқа ҳадиси шарифлар ҳам бор.

ТУҒИЛИШЛАРИ ВА УЛҒАЙИШЛАРИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларидан икки йилу бир неча ой кейин дунёга келдилар. У кишининг оталари Абу Қуҳофа Усмон ибн Омир эди. Оналари эса, Умму Хойр Салмаа бинти Сохр ибн Амр бўлиб, Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳунинг амакиларининг қизи эдилар. У киши Маккаи Мукаррамада ўсиб улғайдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу муқаддас шаҳардан фақат тижорат учунгина ташқарига чиқар эдилар. У киши ўз тижоратларидан катта молу мулк топган эдилар. Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хайру эҳсон ва мурувватлари билан ҳам жоҳилият аҳли орасида ном чиқарган эдилар. У киши Қурайшнинг раҳбарларидан бўлиб, маслаҳат машварат ишларидан доимо иштирок этиб кишиларнинг муҳаббатини қозонган эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қурайшнинг дия ва қарз тўлаш ишлари топширилган эди. Жоҳилият даврида арабларнинг марказлашган давлатлари бўлмагани учун Макка аҳли турли вазифаларни турли қабилаларга бўлиб қўйган эди. Бир қабила кишиларни меҳмон қилишга масъул бўлса, бошқаси Каъбага қарашга, учинчиси мажлис ўтказишга масъул эди. Ана ўша тақсимда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қабиласига дия ва қарзлар иши топширилган эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам жоҳилиятда, ҳам Исломда шарафли бўлган ўн кишининг биридирлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жоҳилият одамлари ичида энг иффатли кишилардан бири эдилар. У киши ўз ихтиёрлари билан ўзларича хамр ичишни тарк қилган эдилар. Шунингдек, шеър айтиш билан ҳам машғул бўлмаганлар.

У КИШИНИНГ СИФАТЛАРИ

Ибн Саъд ривоят қиладилар: «Бир киши Оишага, «Менга Абу Бакрни сифатлаб беринг», деди. Бас, у киши: «У оппоқ, озғин, ёноқлари кичик, бир оз эгилган, изори икки ёнбошида турмай сирпалиб кетадиган, юзи ичига кирган, кўзлари чуқур, пешонаси дўнгроқ ва қушдек енгил одам эди. Унинг сифати ана шундоқ», деди. Бошқа бир ривоятда Оиша онамиз: «Абу Бакр (соч соқолини) ҳинно ва катм билан бўяб юрарди», деганлар. Яна бошқа бир ривоятда Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у зотнинг саҳобалари ичида Абу Бакрдан бошқа соч соқолига оқ тушгани йўқ эди. У ҳинно ва катм билан бўяб юрарди», деганлар.

ИСЛОМГА КИРИШЛАРИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу табиатан сезгир ва хайриятга моил бўлганларидан жоҳилиятда ҳам иложи борича ёмонликлардан қочиб, яхшиликларга ёндашиб юрар эдилар. Шу билан бирга, жоҳилият ботқоғидан чиқиш мумукинми, деган саволга жавоб ахтарган бўлсалар ҳам ажаб эрмас. Ибн Асокир Ийсо ибн Язиддан қуйидагиларни ривоят қилади: «Абу Бакр Сиддиқ айтди: «Мен Каъбанинг ҳовлисида ўтирган эдим. Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ҳам ўтирган эди. Унинг олдидан Умайя ибн Абу Солт ўтиб қолди ва: «Қандоқсан? Эй яхшилик ахтарувчи!» деди. «Яхшиман», деди у. «Уни топдингми?» деб сўради Умайя. «Йўқ», деди у. «Қиёмат куни Аллоҳ амр қилмаган ҳамма динлар ёмондир. Анави кутилаётган набий бизданми, сизданми?» деди Умайя:. Мен бундан олдин кутилаётган ва юбориладиган набий ҳақида эшитмаган эдим. Варақа ибн Навфалнинг олдига чиқдим. У осмонга кўп назар соладиган, ичида бир нарсаларни пичирлаб юрадиган одам эди. Уни топиб бўлган гапни айтиб бердим. «Ҳа, эй биродаримнинг ўғли, биз китоблар ва илмлар соҳибимиз. Ана ўша кутилаётган набий арабларнинг энг яхши насабидан бўлади. Мен насабларни биламан. Сенинг қавминг арабларнинг энг яхши насабидан», деди у. «Эй амаки, набий нима дейди?» дедим. «Ўзига нима айтилса, шуни айтади. Фақат у зулм қилмайди. Унга ҳам зулм қилинмайди. У зулмга аралашмайди ҳам», деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилганларида у Зотга иймон келтирдим ва тасдиқ қилдим». Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам у Зот билан дурустгина алоқалари бор эди. У киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ростгўйликлари, омонатга хиёнат қилмасликлари, мурувватликлари ва бошқа барча ахлоқи ҳамидаларини жуда яхши билар эдилар. Ибн Исҳоқ қуйидагиларни зикр қилади: «Бир куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолди ва: «Эй Муҳаммад, Қурайшнинг сизнинг олиҳаларимизни тарк қилганингиз, ақлларимизни паст санаётганингиз, оталаримизни кофирга чиқараётганингиз ҳақида айтаётган гаплари тўғрими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа! Мен Аллоҳнинг Расули ва Набийсиман. У Зот мени Ўз рисоласини етказиш учун юборди. Сени ҳақ ила Аллоҳга даъват қиламан. Аллоҳга қасамки, У Зот ҳақдир. Эй Абу Бакр, сени ёлғиз, шериги йўқ Аллоҳга, Ундан ўзгага ибодат қилмаслигингга ва Унинг тоатида қоим бўлишга даъват қиламан», дедилар. Сўнгра унга Қуръон қироат қилиб эшитдирдилар. У иқрор ҳам, инкор ҳам қилмади. Дарҳол Исломга келди. Санамларга куфр келтирди. Шерикларни отди. Ислом ҳаққини иқрор қилди. Абу Бакр мўмин ва мусоддиқ бўлган ҳолида қайтиб кетди». Ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн ат-Тамимийдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Кимни Исломга даъват қилсам, албатта, тўхташи ва иккиланиши бўлди. Фақатгина Абу Бакр кутиб турмади ва иккиланмади». Бу − Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазлларига фазл қўшадиган улкан гувоҳликдир.

Аммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни у Зот билан бешта қул, икки аёл ва Абу Бакргина борлигида кўрдим». Бухорий ривоят қилган. Шарҳ: Бу ҳолат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлаб Пайғамбар бўлганларидаги ҳолат эди. У Зотга биринчи бўлиб иймон келтирганлар шулардан иборат эди. Бешта қул; Билол ибн Рабоҳ, Зайд ибн Ҳориса, Омир ибн Фуҳайра, Абу Фукайҳа (Сафвон ибн Умайянинг қули) ва Убайд ибн Зайд ал-Ҳабаший эдилар. Икки аёл; Хадижа онамиз ва Умму Айман розияллоҳу анҳолар эдилар. Улар билан бирга, ягона ҳур эркак, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бор эдилар. Тўғрироқ қилиб айтсак, балоғатга етган эркаклардан биринчи бўлиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган зот Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эдилар. Бунга барча тарихчилар ва Ислом уммати иттифоқ қилганлар. Бу ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг энг афзал саҳобий эканликларини кўрсатади. Барча Ислом уммати катта кишилардан биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иймонган келганларига иттифоқ қилганлар.

ИСЛОМГА ДАЪВАТ ҚИЛИШЛАРИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзлари мусулмон бўлишлари билан дарҳол бошқаларни ҳам даъват қилишга ўтдилар. У киши Қурайш қабиласида катта обрўга эга эдилар. Ўткир ақллари, мурувватлари, адолатликлари ва бошқа олий сифатлари учун кўпчилик ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуни яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлари иймонга келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима иш қилиш кераклигини сўрадилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, одамларни Исломга даъват қил, дедилар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъвати самараси ўлароқ ўша пайтда Қурайшнинг ашрофларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг бешталари; Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн ал-Авом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Аби Ваққос ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар иймонга келдилар.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШЛАРИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломнинг дастлабки пайтларида, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришганда у Зотнинг ёнларидан туриб жонфидолик қилган кишидирлар. Бир куни мушрикларнинг бошлиқлари Каъбаи муаззаманинг ёнида гаплашиб ўтирар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб Байтуллоҳни тавоф қила бошладилар. Кофирлар эса у Зотни масхара қилиб устиларидан кула бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб қаттиқроқ гап айтган эдилар, улар бемазагарчиликларини йиғиштирдилар. Эртасига яна ўша ерда ўтирган эдилар, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Шунда кофирлар бирдан ёпирилиб туриб у Зотни ўраб олдилар. Улардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан тутиб судрай бошлади. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўртага тушдилар ва йиғлаб туриб: «Аллоҳ-Роббим, дегани учун бир одамни ўлдириб юборасизларми?» деб ажратиб олдилар. Аммо кофирлар Абу Бакрнинг ўзининг бошини ёрдилар ва соқолидан ушлаб тортдилар. Бир куни Абу Бакр одамларни Аллоҳ таолонинг динига даъват қилаётган эди. Мушриклар бирдан унинг устига ёпирилдилар. Улар Абу Бакр розияллоҳу анҳуни оёқлари остига олиб тепкилай кетдилар. Аёвсиз калтаклардилар. Утба ибн Робиъа бўлса икки кавуши билан у кишининг юзига тушира бошлади. Оқибатда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзини таниб бўлмайдиган ҳолга келди. Қариндошлари келиб у кишини кўтариб кетишаётганда ўлганига шубҳалари йўқ эди. Аммо кун кечкирганда Абу Бакр розияллоҳу анҳу хушларига келдилар. У киши хушларига келишлари билан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?» деб сўрадилар. Қариндошлар бу гап учун Абу Бакрни маломат қилдилар ва сўкдилар. Шунда мусулмон аёллардан Умму Жамил у кишига яқинроқ келди. Абу Бакр ундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўради. У бўлса: «Мана, онанг, сенинг гапларингни эшитиб турибди, деди. «У билан ишинг бўлмасин», деди Абу Бакр. «Саломатлар. Тинчлар», деди Умму Жамил секингина, Абу Бакрнинг ўзи эшитадиган қилиб. У орадаги сирни кофир қариндошлар билиб қолмаслиги учун тиришар эди. Абу Бакр бўлса: «Аллоҳ учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларга бормагунимча таом ҳам емайман, шароб ҳам ичмайман», деди. Икки аёл қулай пайт пойлаб турдилар. Одамлар тарқалиб, атрофга сукунат ҳоким бўлганда уни икки томонидан суяшиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ҳолини кўриб кўп ачиндилар ва унинг ҳаққига ҳам, онасининг ҳаққига ҳам дуо қилдилар. Онасини динга даъват қилган эдилар, у аёл иймонга келди.

ҲАБАШИСТОН ҲИЖРАТИГА ҲАРАКАТ

Мушрик ва кофирларнинг оз сонли мусулмонларга бўлган тазйиқлари кундан кунга ортиб борар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонларнинг сабр қилишдан бошқа чоралари йўқ эди. Аллоҳ таоло ўша вақтда уларга ўзларини ҳимоя қилиш учун ҳам куч ишлатишга изн бермаган эди. Мусулмонлар қанчалик сабр қилсалар ҳам, мушриклар уларга бўлган тазйиқни борган сари орттириб боравердилар. Бора-бора ҳимоячиси бўлмаган, заифҳол мусулмонларнинг дину диёнатлари, соғлигу ҳаётлари муаккад таҳдид остида қолди. Ана шундоқ оғир бир ҳолатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига: «Агар Ҳабашистон ерига чиқсангиз, яхши бўларди. У ерда бир подшоҳ борки, унинг олдида бировга зулм қилинмас. У ер садоқат еридир. Аллоҳ ҳозирги ҳолатни енгиллаштириб қолса, ажаб эрмас», дедилар. Шунда бир гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистон ерига ҳижратга отландилар. Ушбу ҳижрат Исломдаги биринчи ҳижрат эди. Биринчи муҳожирлар ўн тўрт киши бўлиб, уларнинг ўнтаси эркаклар, тўрттаси аёллар эдилар. Уларнинг ичида Усмон ибн Аффон ва у кишининг аёллари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳолар ҳам бор эди. Мазкур муҳожирларга Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу амир эдилар. Кейин бошқалар ҳам имконини топиб ҳижрат қилишга ўтдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам ўзлари ҳижрат қилишга уриниб кўрдилар. Бу уринишни Имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидагича келтирадилар: «Эсимни таниб, ота-онамни билибманки, икковларини Ислом динини дин тутганларини биламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига ҳар куни эртаю кеч келар эдилар. Мусулмонлар балога учраганларида Абу Бакр Ҳабашистон ерига ҳижрат қилмоқчи бўлиб чиқди. У Баркул Ғимодга етганда йўлида Ибн ад-Дуғанна учради. У ал-Қорра қабиласининг улуғи эди. У: «Қаёққа бормоқчисан, эй Абу Бакр?» деди. «Мени қавмим қувиб чиқарди. Ер юзида кезиб юриб Роббимга ибодат қилмоқчиман», деди у. «Эй Абу Бакр, сен кабилар чиқмаслар ва чиқарилмаслар. Албатта, сен йўқсилга ато берасан. Силаи раҳм қилурсан. Заифга ёрдам берурсан. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласан. Меҳмонга зиёфат берасан. Фалокатга учраганларга ёрдам берасан. Мен сенинг кафилингман. Ортингга қайтиб, ўз юртингда Роббингга ибодат қилавер», деди Ибн ад-Дуғанна. Бас, у қайтди. Ибн ад-Дуғанна ҳам у билан бирга борди. Кечқурун Ибн ад-Дуғанна айланиб Қурайш ашрофлари билан учрашди ва: «Албатта, Абу Бакр кабилар чиқмаслар ва чиқарилмаслар. Йўқсилга ато берадиган, силаи раҳм қиладиган, заифга ёрдам берадиган, одамлар қилмаган яхшиликларни қиладиган, меҳмонга зиёфат берадиган, фалокатга учраганларга ёрдам берадиган бир одамни чиқарасизларми?!» деди. Қурайш Ибн ад-Дуғаннанинг кафиллигини ёлғонга чиқармади. Улар унга: «Абу Бакрга айт, Роббисига ўз уйида ибодат қилсин. У ерда хоҳлаганича намоз ўқиб, қироат қилсин. Ўшаниси билан бизга озор бермасин. Ўшаниси ошкор қилмасин. Биз аёлларимиз ва болаларимизни фитнага солишидан хавсираймиз», дедилар. Ибн ад-Дуғанна ул гапларни Абу Бакрга етказди. Абу Бакр, шунга биноан, Роббисига ўз уйида ибодат қилиб турди. Намозини ошкора қилмади. Уйидан бошқа жойда қироат қилмади. Кейин Абу Бакрга ўз ҳовлисида масжид бино қилиш ёқиб қолди. У ўша ерда намоз ўқиб қироат қиладиган бўлди. Мушрикларнинг аёллари ва болалари унинг олдида тўпланадиган бўлдилар. Улар унга назар солишар ва ажабланишар эдилар. Абу Бакр йиғлоқи одам бўлиб, Қуръон ўқиса, кўзларини тута олмас эди. Бу нарса мушриклардан Қурайш ашрофларини ташвишга солди. Улар Ибн ад-Дуғаннага одам юбордилар. У етиб келди. Улар унга: «Биз Абу Бакрга кафил бўлишингга унинг Роббисига ўз уйида ибодат қилиши шарти ила рози бўлган эдик. У ҳаддидан ошиб ҳовлиси саҳнига масжид қуриб олди. Намоз ўқишни ва қироат қилишни ошкора қилди. Батаҳқиқ, биз хотинларимиз ва болаларимизни фитнага солишидан қўрқиб қолдик. Сен уни қайтар. Агар Роббисига ўз уйидагина ибодат қиладиган бўлса, қилаверсин. Агар бош тортадиган бўлса, кафиллигингни қайтариб беришини сўра. Албатта, биз сенга берилган аҳдни бузишни ёқтирмадик. Абу Бакрнинг ошкоралигига иқрор эмасмиз», дедилар. Ибн ад-Дуғанна Абу Бакрнинг олдига бориб: «Сен учун келишган аҳдимни ўзинг биласан. Ёки ўшанга амал қил, ёки аҳдимни ўзимга қайтар. Араблар менинг бир одамга аҳд бериб туриб аҳдим бузилгани ҳақида эшитишини истамайман», деди. «Мен сенинг кафиллигингни ўзингга қайтариб бераман ва Аллоҳ азза ва жалланинг кафиллигига рози бўламан», деди Абу Бакр унга».

ДИН ЙЎЛИДА МОЛ САРФЛАШЛАРИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом дини йўлида биринчи бўлиб бору будини сарфлаган киши десак, муболаға қилмаган бўламиз. У киши бой бўлишлари билан бирга ўта сахий ҳам эдилар. Айниқса, дину диёнат йўлида ҳеч нарсани аямас эдилар. Барча уламоларимиз «Валлайли» сурасидаги ушбу оятлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва у кишининг Аллоҳ таоло йўлида мол сарфлашлари ҳақида тушганлигига иттифоқ қилганлар: «Ва албатта, ундан тақводор банда четда қоладир». (17) Яъни иймонли–ихлосли тақводор банда дўзахга кирмай ундан четда қолади. «У бойлигини сарфлайдир ва ўзини поклайдир». (18) Яъни ўша дўзахга кирмай, ундан четда қоладиган банда ҳаёти дунёда моли–дунёсини Аллоҳ таолонинг йўлида сарфлайди. Куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва ёмонликлардан ўзини поклайди. Шунинг учун ҳам охиратда дўзахдан четлайди. «Бирор кишининг унда қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди». (19) Яъни ўша тақводор инсон ўзи қиладиган яхшиликларни бировнинг яхшилигига яхшилик қайтариш учун эмас, холис, Аллоҳ учун қилади. Ана ўша тақводор инсон барча яхшиликларни, «Магарам ўзининг олий мақом Роббисининг розилигини сўраб қиладир». (20) «Ва, албатта, тезда рози бўладир». (21) Яъни охиратда Аллоҳнинг бу қилган амалларига берган мукофотларидан рози бўлади. Барча тафсирчиларимиз, аввал айтиб ўтганимиздек, бу оятлардаги «атқо»–тақводордан мурод ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ дейишади. Яъни бу оятлар у киши ҳақида нозил бўлган, деб нозил бўлиш сабаби ҳақида қуйидаги қиссани ривоят ҳиладилар: «Умайяту ибн Халаф Билол ибн Рабоҳ исмли қулини мусулмон бўлгани учун қаттиқ азоблай бошлади. Кун қаттиқ қизиган пайтда иссиққа олиб чиқиб, кўкрагига харсанг тош бостириб қўяр, Муҳаммадга куфр келтирасан, бўлмаса, ўлгунингча, шундоқ турасан, дер экан. Бир куни уларнинг олдидан Абу Бакр Сиддиқ ўтиб қолдилар ва Умайяга: «Худодан қўрқмайсанми? Бу бечорани қачонгача азоблайсан», дедилар. Умайя бўлса: «Буни сен буздинг, раҳминг келса, азобдан қутқариб ол!» деди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ ҳазрати Билолни сотиб олиб, озод қилдилар. Шундан сўнг юқоридаги оятлар нозил бўлибди. Абу Саъид ибн ал-Аъробий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломга кирган куни уйида қирқ минг дирҳами бор эди. Мадинага ҳижратга чиқаётганда эса беш мингдан бошқа ҳеч нарса қолмаган эди. У бор будрини қул озод қилишга ва Исломга ёрдам беришга сарфлаган эди». Юқоридаги ривоятда зикри келган сарфланмай қолган беш мингни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз эҳтиёжига ёки оиласи, яқинлари эҳтиёжига сарфлаган, деб ўйлайсизми? Агар шундоқ ўйласангиз, хато қиласиз. Ўша ўта нозик бир пайтда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаш бутун вужудини Ислом-иймон йўлига тутган инсон, умуман, бошқача иш тутади. Қандоқ иш тутган дейсизми? Келинг, бу борада у киши қандоқ иш тутганларини катта қизлари Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан эшитайлик. Ибн Исҳоқ Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зот билан бирга Абу Бакр розияллоҳу анҳу (ҳижратга) чиққанларида Абу Бакр ўзининг ҳамма молини; беш минг ёки олти минг дирҳамни кўтариб олди. Уларни ўзи билан олиб кетди. Кейин олдимизга бобом Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳу кирди. Унинг кўзи кўрмайдиган бўлиб қолган эди. У киши: «Аллоҳга қасамки, менимча, у сизни ўзи билан бирга молида ҳам фожеага учратган бўлса керак», деди. «Йўқ, бобожон! У бизга жуда кўп нарса қолдириб кетди», дедим ва отам молини қўядиган туйникка тошларни қўйиб туриб, устига ёпқич ёпдимда у кишининг қўлларидан тутиб олиб бориб: «Бобожон! Манави молни ушлаб кўринг-а!» дедим. У киши ушлаб кўрди-да: «Ҳа, яхши! У сизларга шуни қолдириб кетган бўлса, яхши қилибди. Бу сизга етади», деди. Йўқ! Аллоҳга қасамки, у бизга ҳеч вақо қолдирмаган эди. Лекин мен чолни тинчлантирмоқчи бўлдим, холос». Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Ислом йўлида ҳам жонини, ҳам молини бирданига тикишини кўриб қўйинг. Ўзи жонини фидо қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳаёт мамот сафари− ҳижратга чиқмоқда. Шу билан бирга, бори буди, қолган-қутган молу мулкини ҳам Ислом йўлида сарф қилиш учун олиб чиқмоқда. Ибн Асокир Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда: «Абу Бакр Аллоҳ учун азобланаётган саккиз кишини озод қилди», дейилган. Ҳа, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзининг ҳадсиз ҳисобсиз молини энг керакли вақтда, ҳеч ким бирор нарса сарф қила олмайдиган вақтда Ислом йўлида сарф қилган эдилар. Ислом йўлида мол сарфлаганлар кўп бўлган. Ислом йўлида сарфланган молллар ҳам кўп бўлган. Аммо Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг сарфлашларига ўхшаш сарфлаш бўлмаган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг моли каби серманфаат мол бўлмаган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг мол сарфлашларини алоҳида васф қилганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизга хайр қилган ҳар бир қўлнинг, албатта, мукофотини бермай қўймадик. Фақат Абу Бакр бундан мустасно. Унинг бизга қилган хайрлари бор. Унинг мукофотини қиёмат куни Аллоҳнинг Ўзи берадир. Ҳеч кимнинг моли менга Абу Бакрнинг моли манфаат берганидек манфаат берган эмас», дедилар. Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Бунга ўхшаш ривоятлар жуда кўп, уларнинг ҳаммасида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг улуғ фазлини ва Ислом йўлида ҳам жонни, ҳам молни фидо қилишга тайёрлиги ўз аксини топган.

ҚУРЪОНГА КУЧЛИ ИШОНЧ

Мусулмонлар билан мушриклар орасидаги зиддият ҳаётнинг турли жабҳасида кенг тарқалган эди. Душманликка одатланиб қолган мушриклар мусулмонларга озор бериш учун ҳар бир фурсатдан фойдаланардилар. Ўша вақтнинг икки етакчи давлати бўлмиш Рум ва Форс императорликлари орасида ўзаро тортишув, уруш-жанжал тинмай давом этарди. Уларнинг бу тортишувларини араблар ҳам кузатиб турар ва ўзларича тарафдорлик ҳам қилар эдилар. Румликлар аҳли китоб бўлганлиги туфайли мусулмонлар уларга тарафдор бўлишди. Мажусий форсликларга эса динлари ўхшаш бўлган мушриклар тарафдорлик қилишди. Ўша пайтдаги урушларнинг бирида Форс ғолиб келди. Бундан мушриклар чексиз хурсанд бўлдилар ва яқинда биз ҳам мусулмонларни, албатта, енгажакмиз, деб гапира бошладилар. Аҳли китоб бўлмиш румликларнинг мағлубияти мусулмонларни қаттиқ хафа қилди. Шунда Аллоҳ таоло Рум сурасининг аввалги оятларини индириб, румликлар саноқли йиллар ичида ғалабага эришажаклари ва бундан мўминлар хурсанд бўлишлари ҳақида башорат берди. Бу башорат Қуръон мўъжизаларидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларининг бешинчи йили (613 милодий) Рум ва Форс императорликлари орасида жуда катта ва қонли уруш рўй берди. Ўша пайтда Форсга Хусрав II, Румга Ҳеракл подшоҳлик қиларди. Бу икки давлатнинг ўзига яраша ерлари, аскарий куч-қувватлари бор эди. Ўша даврда Фаластин, Сурия, Миср, Ироқнинг бир қисми ва Кичик Осиё Румга тобеъ эди. Мазкур урушда форсликлар Румга икки томондан ҳужум қилдилар. Дажла ва Фурот дарёлари бўйлаб Сурия ерларига, Озарбойжон ва Арманистон тарафдан Кичик Осиёга бостириб кирдилар. Форс лашкарлари Рум кучларини икки жабҳада ҳам енгиб, денгизгача таъқиб этиб бордилар. Улар Суриядаги насороларнинг барча муқаддас шаҳарларини эгалладилар. 614 милодий йилида бутун Фаластинни, жумладан, Қуддусни ҳам қўлга олдилар. Уруш давомида барча канисалар йиқитилди, диний бинолар хароб этилди. Форсликлар йигирма олти минг яҳудийни ва олтмиш мингдан зиёд христианни қиличдан ўтказдилар. Форс подшоҳи саройига ўлдирилган одамлардан ўттиз мингининг калласи келтирилди. Уруш ҳаракатлари Мисрга ҳам етиб борди. 616 милодий йилида форсликлар Нил водийсини ишғол қилдилар. Сўнгра Искандарияга юриш этдилар. Бошқа томондан эса бутун Кичик Осиёни қўлга киритиб, ўша пайтдаги Рум пойтахти Кустантанияга (Константинополга) унинг олдидаги бўғозга етиб келдилар. Форсликлар қаерни босиб олсала




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ