Саҳобалар

Жаъфар ибн Абу Толиб

6 йил аввал 1982 siyrat.uz

«Жаъфарни жаннатда кўрдим. Унинг қонга бўялган икки қаноти бор эди...» (Ҳадиси шарифдан.)

Жаъфар ибн Абу Толиб Пайғамбаримиз алайҳиссаломга шу қадар ўхшардики, ҳатто кўзи хирароқ одамлар кўпинча уларни адаштириб қўйишарди. Оталари Абу Толиб қурайшнинг насаби улуғ ва обрўли кишиси бўлишига қарамай, камбағал ва бола-чақаси кўп эди. Қурғоқчилик йили Абу Толибнинг аҳволи баттар оғирлащди. Ўша пайтда бу оиладан бўлғуси Пайғамбар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ва у кишининг амакиси Аббосдан кўра бадавлатроқ одам йўқ эди. У киши амакилари Аббос ҳузурига келиб: «Амаким Абу Толибнинг болалари кўп. Бу қурғоқчиликда одамлар қийинчилиқда ва очарчилиқда қолишди. Иккимиз Абу Толибга ёрдам бергани борайлик. Мен ўғилларидан биттасини, сиз биттасини олинг», дедилар. Ҳазрати Аббос бу таклифдан ғоят хурсанд бўлди. Икковлари Абу Толибнинг уйига келишди. Аҳдлашилган таклифни изҳор этишди. Шунда Абу Толиб: «Менга Уқайлни қолдириб (Уқайл ҳазрат Алининг акаси эди), хоҳлаганингизни олиб кетаверинг», деди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Алини, Аббос эса Жаъфарни тарбиясига олди. Али Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан бирга яшай бошлади. Аллоҳ таоло у Зотга тўғри ва ҳақ динни юборгач, биринчилардан бўлиб иймон келтирди. Жаъфар эса амакиси Аббос хонадонида улғайиб камолга етди. У ва хотини Асмо бинти Умайс Абу Бакр Сиддиқ ҳузурида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Арқамнинг ҳовлисига кирмасларидан аввал Исломни қабул қилган эдилар. Бу ёш оила ҳам дастлабки мусулмонлар қатори қурайш кофирларининг ҳар тарафдан таъқибига, турли азоб-уқубатларига учради. Шунда Жаъфар ибн Абу Толиб хотини ва бир неча шериклари билан ҳабаш тупроғига ҳижрат қилишга Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан рухсат олди. Биринчи муҳожирлар карвони Жаъфар ибн Абу Толиб бошчилигида Ҳабашистонга жўнади. Улар одил подшоҳ Нажоший даргоҳида ҳузур топдилар. Лекин қурайш кофирлари мусулмонлардан бир қисми ҳабаш ерига кўчиб кетганини, у ернинг подшоҳи ҳимояси остида тинч-омон яшаётганини билгач, уларни ўлдиришга ёки тутиб олиб келишга аҳд қилди. Шу ўринда сўзни Умму Салама розияллоҳу анҳодан эшитамиз: «Ҳабашистонга етиб боргач, бизни яхши кутиб олишди. Бирор ёмон сўз эшитмай ва озор кўрмай Аллоҳ таолога ибодат қилиб яшай бошладик. Бу хабар Қурайшга етиб боргач, бизга қарши маслаҳат қилиб, ўзларидан нуфузли икки кишини — Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъани Нажошийга юборищди. Ҳабаш подшоҳига муддаоларини айтишдан аввал битриқларига совға-саломларни топширишни тайинлашди. Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа Ҳабашистонга келишгач, Нажошийнинг дин хизматчиларига совғалар беришди ва муддаоларини баён этишди: «Подшоҳнинг ерига ота-боболарининг динидан қайтган, ўз қавмининг гапига қулоқ солмайдиган аҳмоқ ёшларимиз кўчиб келишди. Агар биз подшоҳингизга шу ҳақида гапирсак, подшоҳ уларнинг дини тўғрисида сўрамасданоқ бизга топшириб юборишни маслаҳат берсангиз. Чунки қавмларининг катталари ёшлари эътиқод қилаётган нарсаларини улардан кўра яхшироқ билишади». Битриқлар бу гапга рози бўлишди. Икковлари Нажоший ҳузурига бориб, совғаларни беришди ва такаллуф ила сўз бошлашди: — Сизнинг мамлакатингизга бир гуруҳ ярамас ёшларимиз жойлашиб олишди. Улар биз ҳам, сиз ҳам билмайдиган динга сиғинишяпти. Бизни олдингизга ўшаларнинг оталари, қариндош-уруғлари уларни қайтариб олиб боришимиз учун жўнатишди. Албатта, оталари уларнинг бузгунчиликларини ҳаммадан яхшироқ билишади. Нажоший дин хизматчиларига қаради. Улар икковини тасдиқ этишди. Нажоший бундан қаттиқ ғазабланди ва: — Аллоҳга қасам, уларни ҳузуримга чақириб, уларга нисбат берилган нарса ҳақида сўраб билмагунимча бирортасига рухсат бермайман. Агар ростдан ҳам шу иккови айтганидай бўлса, бу таклифга розилик билдираман. Агар ундай бўлмаса, уларни ҳимоямга оламан! — деди. Нажоший бизларни чақириб келишга одам жўнатди. Унинг ҳузурига боришдан олдин ўзаро бундай келишиб олдик: «Подшоҳ биздан динимиз ҳақида сўраса, ҳамма гапни очиқ айтамиз. Унга фақат Жаъфар ибн Абу Толиб гапиради. Бошқа ҳеч ким гапирмасин». Подшоҳ ҳузурига киргач, унинг икки тарафида эгниларига ридо, бошларига бахмал кулоҳ кийган битриқлар китобларини очиб ўтирганини кўрдик. Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа ҳам ўша ерда эди. Нажоший бизга юзланди. — Қавмингизнинг динини ташлаб, менинг ҳам, бошқа бирорта миллатнинг ҳам динига кирмай, ўзингиз учун қандай янги динни танлагансиз? Жаъфар ибн Абу Толиб олдинга чиқди. — Эй подшоҳ, биз санамларга сиғинадиган, ўлимтик ейдиган, фаҳш ишларни қиладиган, қариндошликни узадиган, қўшничиликни унутадиган жоҳил кишилар эдик. Кучлиларимиз заифларимизнинг ҳақини ер эди. То Аллоҳ таоло бизга ўзимиз унинг насабини ва ростгўйлигини, омонатдорлиги ва покизалигини жуда яхши биладиган Пайғамбар юборгунича шу ҳолда қолдик. У Пайғамбар бизни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга, ўзимиз ва оталаримиз сиғинаётган санамлар ва бутларни ташлашга чақирди. У Зот бизга рост гапиришни, омонатни адо қилишни, қариндошлик ришталарини тиклашни, қўшнилар билан яхши муомалада бўлишни, ҳаром нарсалардан тийилиш ва ноҳақ қон тўкишдан сақланишни буюрди. Бузуқ ишлардан, ғийбатдан, етимнинг молини ейишдан ва покиза хотинларга туҳмат қилишдан бизни қайтарди. Аллоҳнинг Расули бизга фақат ёлгиз Аллоҳ таолога ибодат қилишни, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликни буюрди. Унга ишондик ва иймон келтирдик. Улар бизни динимиздан қайтариш учун зулмни ҳаддан ошириб, сиқувга олишгач, сизнинг шаҳрингизга, сизнинг қўл остингизда зулм кўрмаймиз, деган умид билан келдик. —    Пайғамбарингиз Аллоҳ ҳузуридан олиб келган нарсадан бирор нарса биласанми? —    Ҳа. —    Ўқи. Жаъфар ибн Абу Толиб Марям сурасининг бошидан бир неча оят ўқиди. Нажоший Қуръон оятларини тинглар экан, таъсирланиб, йиғлаб юборди, ҳатто соқоли кўз ёшлари билан ювилди. Битриқлар ҳам йиғлаб, очиқ турган китобларини ҳўл қилиб юборишди. —    Шубҳасиз, Пайғамбарингиз келтирган нарса билан Исо алайҳиссалом олиб келган нарсанинг манбаи биттадир. Нажоший ушбу сўзларини тугатгач, Амр ибн Ос ва унинг шеригига қарата: —    Аллоҳга қасамки, буларни сизларга топшириб қўймайман! — деди. Подшоҳ ҳузуридан чиқишимиз билан Амр ибн Ос бизга эшиттириб шеригига: — Эртага Нажошийнинг олдига келиб, буларга нисбатан ғазаб уйғотадиган бир ишларини айтиб бераман. Шунда подшоҳ буларнинг уруғини қуритиб юборади, — деди. Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа: — Ундай қилма, динимизга қарши бўлса ҳам, улар бизнинг қариндошларимиз, — деди. Амр ибн Ос шеригидан жаҳли чиқиб, баттар тутақди: — Эртага подшоҳга: «Булар Исони қул бўлган дейишади, дейман». Ана ундан кейин нима бўлишини кўрамиз. Эртасига у подшоҳ ҳузурига келиб, кечаги иддаосини айтди. Биз жуда оғир бир аҳволда қолдик. Агар подшоҳ Исо ибн Марям тўғрисида сўраб қолса, нима деб жавоб берамиз, деб ташвишлана бошладик. Кейин бу ҳақда Пайғамбаримиз бизга айтган Аллоҳ таолонинг сўзидан бошқа ҳеч нарсани айтмасликка келишиб олдик. Бу сафар ҳам фақат Жаъфар ибн Абу Толиб сўзлайдиган бўлди. Нажоший ҳаммамизни яна ҳузурига чақирди. Подшоҳ ва унинг битриқлари худди кечаги ҳолатда ўтиришарди. Амр ибн Ос билан унинг шериги ҳам шу ерда эди. Киришимиз билан Нажоший шошиб сўради: —    Исо ибн Марям ҳақида нима дейсизлар? Яна Жаъфар ибн Абу Толиб жавоб берди: —    У ҳақда Пайғамбаримиз нима деган бўлса, шуни айтамиз. —    Пайғамбарингиз нима деган? —    У Зот Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир. У Зот Аллоҳнинг Марямга бахш этган руҳи ва калимасидир. Нажоший бу сўзларни эшитгач: —    Аллоҳга қасамки, Исо ибн Марям худди Пайғамбарингиз айтганидай бўлган, — деди. Атрофидаги битриқлар уни инкор қилмоқчидай ғудурлашди. Нажоший: — Жим бўлинглар! — деб амр қилди. Сўнгра бизга: — Боринглар, бемалол яшайверинглар. Ким сизларни ҳақоратласа, жарима тўлайди, ким сизларга қарши чиқса, жазоланади. Аллоҳга қасамки, сизларнинг бирортангизга бирор ёмонлик эвазига олтин тоғ ваъда қилинса ҳам, рози бўлмас эдим, —    деди. Сўнгра Амр ибн Ос ва шериги келтирган совғаларни қайтариб берди. Иккови ҳам ғазабларини ичга ютганча чиқиб кетишди. Биз эса унинг ҳимоясида соғ-омон яшай бошладик». Жаъфар ибн Абу Толиб ва унинг хотини Нажошийнинг мамлакатида ўн йил тинч ва хотиржам яшади. Ҳижратнинг еттинчи йилида ҳабаш тупроғини тарк қилиб, Жаъфар ибн Абу Толиб бошчилигида бир неча мусулмон Мадинага қайтишди. Улар Мадинага етишган пайтда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам Ҳайбар қалъасини фатҳ қилиб қайтаётган эдилар. У Зот Жаъфарни кўриб қувондилар ва: «Қайси бирига кўпроқ суюнай: Ҳайбарни олганимизгами ёки Жаъфарнинг келганигами?» дедилар. Жаъфар ибн Абу Толибнинг қайтганига барча мусулмонлар, айниқса, камбағал мусулмонлар кўпроқ севинишди. Боиси у киши заиф ва камбағалларга ниҳоятда меҳрибон бўлгани учун «Мискинлар отаси» деб ном олган эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай ҳикоя қилади: «Биз, камбағаллар учун энг яхши одам Жаъфар ибн Абу Толиб эди. У бизни уйига олиб бориб, уйида бор нарсаси билан тўйдирарди. Агар овқати тугаб қолса, ёғ солинадиган мешини олиб чиқиб берар, ҳолбуки унда ҳеч нарса бўлмас эди, биз эса уни ёриб, ичидаги ёғ юқини ялар эдик». Ҳижрий саккизинчи йил бошларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рум аскари билан урушиш учун қўшин тайёрладилар. Қўшинга амр қилдилар: «Зайд ўлдирилса ёки яраланса, Жаъфар ибн Абу Толиб бошлиқ бўлсин, агар Жаъфар ўлдирилса ёки яраланса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа бошлиқ бўлсин, агар Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳам ўлдирилса ёки яраланса, мусулмонлар ўзларидан бир кишини бошлиқ қилишсин». Мусулмонлар Шомнинг шарқ тарафидаги Ўрдун тупроғида жойлашган Мўъта қишлоғига етганларида румликлар уларга қарши юз минг кишилик қўшин тайёрлашганини, Лахм, Жузан, Қузоъа ва бошқа қабилалардан ҳам яна юз минг қўшин Румга ёрдамга келганини билишди. Мусулмонларнинг қўшини эса бор-йўғи уч минг киши эди, холос. Иккала қўшин тўқнашди ва уруш авжига чиқди. Зайд ибн Ҳориса душман билан олиша-олиша ҳалок бўлди. Шунда Жаъфар ибн Абу Толиб ўзининг малларанг отидан чаққонлик билан сакраб тушди-да, душман ўзидан кейин фойдаланмаслиги учун отининг пайларини кесди, сўнг байроқни кўтариб, рум аскарлари сафига ёриб кирар экан, бундай шеър ўқиди: Жаннат ажиб юксакдир насиб этган инсонга, Шароби жон роҳати болдек ширин маконга. Ирқи ўзга румликлар — шум ниятли ёмонга Дўзах қаъри ланг очиқ, динни инкор этганга, Мард бўлсанг, биз тайёр, қани, тушгин майдонга. Жаъфар жангда ҳалок бўлди. Шундан кейин байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа олди. У ҳам аввалги икки шериги каби жанг қилди ва ҳалок бўлди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом учала аскар бошлиғининг ўлими хабарини эшитгач, қайғуга толдилар. У Зот Жаъфар ибн Абу Толиб уйига йўл олдилар. Жаъфарнинг хотини Асмо эрини кутиб олишга тайёргарлик кўриб, хамир қораётган, болаларини ювинтириб-ясантираётган эди. Асмо бинти Умайс розияллоҳу анҳонинг ўзи бундай дейди: «Расуллуллоҳ бизникига келганларида муборак юзларини ғам пардаси қоплаб олганини кўриб, юрагимга қўрқинч тушди. Жаъфар ҳақида бирор ёмон хабар эшитиб қолишдан хавотирланиб, савол беришдан чўчидим. Саломлашгач: —  Жаъфарнинг болаларини олиб кел, — дедилар. Мен болаларни чақирдим. Болалар қувониб Расулуллоҳнинг олдиларига югуриб келишди. Расулуллоҳ болаларни суйиб эркаладилар, улар у Зотни бир-биридан қизғанишар эди. У Зот болаларга энгашиб, уларни ўпиб, ҳидлай бошладилар, муборак кўзларидан эса дув-дув ёш оқар эди. Мен: — Ота-онам сизга фидо бўлсин, нега йиғлаяпсиз?! Жаъфарга бирор гап бўлдими?! — дедим. У Зот Жаъфарнинг шаҳид бўлганини айтдилар». Оналарининг йиғисини эшитиб, болаларнинг юзидан севинч йўқолди ва ҳаммалари турган жойларида қотиб қолишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўзёшларини артдилар. Сўнг дуо қилдилар: — Эй Аллоҳ, Жаъфарнинг болаларига бир ўринбосар бер. Эй Аллоҳ, Жаъфарнинг аҳлига бир ўринбосар бер... — Кейин яна бундай дедилар: — Жаъфарни жаннатда кўрдим. Унинг қонга бўялган иккита қаноти бўлиб, кўкраги ҳам қип-қизил қон эди...

Акрам ДЕҲҚОН




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ