Муборак хирқа

1 ўн йил аввал 3620 siyrat.uz

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Муҳаммад Пайғамбаримиз алайҳиссаломга дуруду саловотлар бўлсин. Бу кичик мақолада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак хирқалари, яъни туя жунидан тўқилган чакмонлари тарихи хусусида тўхталмоқчимиз. Маълумки, Сарвари Олам алайҳиссалом умрларининг охирида ҳазрати Умар ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳумга муборак хирқаларини Увайс Қараний раҳматуллоҳи алайҳига элтиб беришни васият қилганлар.Омонатни қабул қилиб олган Увайс Қараний умрининг охиригача муборак хирқани асраб-авайлаб сақлайдилар. У кишининг вафотидан сўнг хирқа Маккаи мукаррамадаги Ҳиро ғорига қўйилади. Кейинроқ Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак вужудларини қучган, муаттар бўйларини ўзига сингдирган шариф хирқани Шайх Дўст Муҳаммад Бағдодга олиб кетади. Соҳибқирон Амир Темур даврида муборак хирқа Ислом динимизнинг қуввати дея шарафланган Бухоро шаҳрига келтирилади Бу воқеа Бухоро шаҳрининг шавкатига шавкат қўшиб, ҳақиқий мусулмон зиёратгоҳларидан бирига айланишига сабаб бўлди. Амир Темур бобомиз бошқараётган мамлакат қудрати ортиб, обрўйи янада юксалди. Кўплаб зафарларга, хоссатан, исломий иймон-эътиқоднинг мустаҳкамланишига сабаб бўлган муборак хирқа салкам бир аср Бухорои шарифда сақланди. Ҳижрий 1181-1182 йилда Афғонистон ҳукмдори Аҳмад шоҳ Дуроний Туркистоннинг Жайҳун ортидаги музофотларини забт этиш учун 60 мингдан зиёд қўшин тўплаб, вазир Шоҳ Валихон бошчилигида Амударёнинг шимолига юборади. Ўша даврда бу ўлкалар аҳолисини, асосан, ҳазаралар ташкил этар эди. Афғонистон қўшини олдин Балх ва Бадахшонни забт этишга азм қилади. Бундан хабар топган Бухоро амири Шоҳ Муродбек Балх ва Бадахшон аҳолисига ёрдам қўлини чўзиб, йигирма мингга яқин қўшинни чегара яқинидаги Қарши шаҳрига жўнатади. Шу вақтда Аҳмад шоҳ Дуроний чопар юбориб, ё Афғонистон ҳудудини Амударёгача кенгайтириш ёки муборак хирқани Афғонистонга бериш шартини қўяди. Шу икки шартнинг бирига рози бўлинмаса, Бухорога юриш бошланиши муқаррар эди. Бухоро амири мусулмонлар орасида низо ва урушларнинг олдини олиш мақсадида, уларнинг тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда яшашларини ҳисобга олиб, шартни қабул қилади. Яъни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак хирқаларини афғон биродарига тақдим этишга қарор қилади. Душман бўлиб келган қўшин муборак хирқа шарофати билан дўст-биродарга айланди. Улар назр-ниёзлар билан Бухорои шарифга кириб, табаррук хирқани зиёрат қилишади. Сўнг уни олиб, Қандаҳор йўлига чиқишади. Хирқа ортидан (баъзи манбаларда 420 нафар, баъзиларида ундан ҳам кўп) олиму уламо, мавлавийлар, эшону домлалар карвонга эргашадилар. Карвон Балх ва Бадахшондан ўтиб, Кобулнинг Алиобод даҳасига қўнади. Муборак хирқа катта қора тош устида бир ҳафта туради. Шу вақт мобайнида бутун шаҳар аҳолиси хирқани зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлади. Шундан сўнг карвон яна Қандаҳор сари йўл олади. Бу баракотли хирқа ҳозир Туркиянинг Истанбул шаҳрида Тўпқопи музейида сақланаётган хирқа, деб тахмин қилинади.

 

Абдуллоҳ ТОШҚИН тайёрлади. ("Ҳидоят" журналидан)




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ