Саҳобалар

Усома ибн Зайд

3 йил аввал 3588 siyrat.uz

«Усоманинг отаси Расулуллоҳга отангдан кўра севимлироқ эди. Ўзи эса у Зотга сендан кўра севимлироқдир». (Ҳазрати Умарнинг ўғлига айтганлари)

Ҳижратга қадар Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар Қурайш мушрикларидан кўп озор-азиятлар чекишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қийинчиликларни мардона кўтарар, мусибатларга сабр қилар эдилар. Бундай оғир бир пайтда ҳаётларида қувонч нурлари ҳам порлади. Бир куни у Зотга Умму Айманнинг ўғил фарзанд кўрганини айтишди. Суюнганларидан муборак юзлари ёришди, чеҳраларида шодлик барқ урди. Расулуллоҳга хурсандчилик олиб келган бахтли чақалоққа «Усома» деб исм беришди. Боланинг онаси «Умму Айман» кунясини олган Барака ал-Ҳабаший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Омина бинти Ваҳбнинг хизматчиси эди. Болалик йиллари Пайғамбаримизни тарбиялаган ва катта қилган, у Зотга дунёни танитган Умму Айман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда яхши кўрарди ва тасдиқ этарди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўпинча: «У онамдан сўнг иккинчи онам ва аҳли байтимдан қолган ёдгорлигимдир», дер эдилар. Усоманинг отаси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатдан олдин яхши кўриб асраб олган ўғиллари, сирдошлари Зайд ибн Ҳорисадир. Мусулмонлар бошқа чақалоқлар туғилганида бу каби қувонишмаган! Бу бахтли чақалоққа «Суюклининг суюкли ўғли» деб лақаб қўйишди. Бу асло муболаға эмас эди. Ҳақиқатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўп яхши кўрар эдилар. Усома Расулуллоҳнинг неваралари Ҳасан розияллоҳу анҳу билан жуда яқин эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икковларини бирдек яхши кўрардилар, уларни бағирларига босиб: «Аллоҳим, мен буларни яхши кўраман, сен ҳам буларни яхши кўргин!» деб дуо қилардилар. Бир куни Усома остонада қоқилиб, пешонасини ёриб олади. Жароҳатидан қон оқа бошлаган кезда у Зотнинг ўзлари оқаётган қонни артадилар ва ширин сўзлар билан уни юпатадилар. Қурайш ашрафларидан Ханиш ибн Хизом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Ямандан эллик минг олтин динорга сотиб олинган, ўша юрт подшоҳларидан бирига тегишли қимматбаҳо кийимни совға қилади. Бу кийимни жума куни бир марта киядилар-да, сўнг Усомага бериб юборадилар. Усома гўзал ахлоқ ва яхши хислатлар эгаси бўлиб вояга етди. У заковатли, шижоатли, одамларга дўст ва Аллоҳни яхши кўрадиган, тақводор инсон эди. Уҳуд кунида Усома бир неча саҳобанинг болалари билан урушга бормоқчи бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёши кичикларни қайтариб юбордилар. Улар ичида Усома ҳам бор эди. Бу имкониятдан маҳрум бўлгани учун унинг кўзлари ёшга тўлган эди. Усома ҳали ўн саккизга кирмаган чоғида отасининг фожиали ўлимини кўрди. Бу фожиа унинг руҳиятини синдирмади. Балки у Жаъфар ибн Абу Толибга ёрдамга ошиқди. У ҳам фожиали ўлим топгач, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ёнида бўлди. У ҳам вафот этгач, Холид ибн Валид румликлар чангалидан қўшинни қутқаришга эришгунича майдондан чиқиб кетмади. Усома отасининг пок жасадини Шом чегараларида қолдириб, Мадинага қайтди. Ҳижратнинг ўнинчи йили яна қўшин тузилди. Унинг таркибида Абу Бакр, Умар, Саъд ибн Абу Ваққос, Абу Убайда ва бошқа ёши улуғ саҳобалар бор эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Усома ибн Зайдни қўмондон қилиб тайинладилар. У ҳали йигирма ёшда эди. Балқо ва Даровий қалъаси чегарасигача бошлаб боришни буюрдилар. Қўшин тайёр бўлиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолдилар. Бетобликлари кучайгач, қўшин у Зотнинг аҳволлари яхшиланишини кутиб, юришдан тўхтаб қолди. Усома айтади: «Аллоҳ Расулининг касаллари оғирлашгач, бир неча одам билан ҳузурларига кирдик. Касалликларининг оғирлиги ва шиддатидан инграётганларини кўрдим. Аввалига қўлларини самога кўтардилар, сўнг мен томонга қарадилар. Шунда мени чақираётганларини англадим». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин кўп ўтмай ҳазрати Абу Бакрга байъат берилди. У киши Усомага йўлга чиқишини буюрдилар. Лекин ансорлардан бир неча йигит юришни кечиктиришни талаб қилди. Улар Умар ибн Хаттобга: «Агар талабимиздан бош тортадиган бўлса, Усома ўрнига ёши каттароқ бир кишини тайинлашини етказгин», дейишди. Абу Бакр ҳазрати Умардан ансорларнинг бу гапини эшитишлари биланоқ ўринларидан турдилар, ғазабланиб: «Отанг сени йўқотгур, Умар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайин қилган кишини ишдан олиб ташлашимни буюряпсанми? Аллоҳга қасамки, асло бундай бўлмайди», дедилар. Ёш қўмондон қўшин билан йўлга чиққанида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари пиёда, Усома эса отда кетаётган эди. Хижолат бўлган Усома деди: «Сиз ё отга мининг, ё мен ҳам яёв бўлиб олай». Абу Бакр: «Сен яёв бўлмайсан, мен ҳам отга минмайман. Аллоҳ йўлида бир неча қадам пиёда юрсам, нима қилибди?»− деб жавоб бердилар. Йўлда кетаётганларида Абу Бакр Усомага: «Сенга Аллоҳнинг динини, омонатини ва ишингда юмшоқ, яхши муомалали бўлишни ишониб топширяпман ва Аллоҳнинг Расули сенга буюрган ишни бажаришингни васият қиламан», дедилар. Сўнг унга энгашиб: «Агар менга ёрдам беришни истасанг, Умарнинг мен билан қолишига изн бер», дедилар. Усома ҳазрати Умарнинг қолишларига изн берди. Усома бутун ҳаётини мусулмонларнинг эҳтироми ва севгисига муносиб тарзда яшади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Усомага ўғли Абдуллоҳ ибн Умардан каттароқ маош тайинлаган эдилар. Шунда Абдуллоҳ отаси Ҳазрати Умарга: «Эй отажон, Усомага тўрт минг, менга эса уч минг тайинлабсиз. Унинг отаси сиздан кўра кўпроқ фазл эгаси эмас эди ва у ҳам мендан кўра кўпроқ фазл эгаси эмасдир», дейди. Ҳазрати Умар:«Кўп нарсани йўқотибсан. Унинг отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сенинг отангдан кўра севимлироқ эди. Ўзи эса сендан кўра у Зотга севимлироқдир». Абдуллоҳ бундан сўнг ўзига берилган улушга рози бўлди. Ҳазрати Умар Усомани учратган пайтда: «Марҳабо, эй амирим!» деб, эҳтиром кўрсатарди. Бу гапни эшитганлар ажабланишса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни менга амир қилиб тайинлаганлар», дер эдилар. Ислом динимиз тарихи саҳобалардан кўра улуғроқ, комилроқ ва устунроқ инсонларни билмайди.

Юлдуз КОМИЛ таржимаси




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ