Қурайш жамоасидин Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламға етган кулфатлар ва азиятлар

3 йил аввал 2748 siyrat.uz

Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам азиятларин ўзлари учун ибодат билган Қурайш жамоаси ҳар қисм кулфат ва азиятни ул Жанобға бера бошладилар, маккалик беадаб аҳмоқларни буюруб қўйдилар. Алар Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламға озор берур эрдилар, ёлғончи, фолчи, жодугар, жинни, шоир деб чақирур, йўллариға тиканларни ва дарвозалариға ифлос нарсаларни ташлар эрдилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қисм азиятларға сабр қилур эрдилар ва Аллоҳ таолонинг ҳукмин ҳар ҳолда ижро қилур эрдилар.

Бир кун ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хонаи Каъбада намозға машғул эрдилар, Уқба ибн Абу Муайт келуб, қўлидаги чодирини бураб-бураб ифға ўхшатди ва ани Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам саждаға борганларида бўйунлариға солуб хўб буради. Муборак гарданлари кўб азият чекди, лекин саждаларин бузмадилар. Шул ҳолатда ҳазрат Сиддиқ розияллоҳу анҳу етуб келуб, Уқбани итаруб юбордилар ва бу оятни ўқудилар. (اتقتلون رجلا ان يقول ربي الله ) «Аё, сизлар Роббим Аллоҳ таоло деган кишини ўлдурурсизларми». Бу сўзни эшитуб, бошқа бир неча шарир (ёмон, ёвуз)лар ҳазрат Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ўзларин урдилар.

Яна бир дафъада ҳазрат Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжиди Ҳаромда намозда эрдилар, Абу Жаҳл алайҳиллаъна жамоатға боқуб дедики: «Бугун фалонийлар бир туя сўйуб қорнини тозаламай кўчаға ташлаб қўйубдур, бирор баҳодир инсон бордурмики, ўшал нопок қоринни олуб келуб Муҳаммад саждаға борганда устиға ташласа». Ул малъуннинг бу сўзин эшитган замон Уқба мазкур ўшал қоринни келтуруб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам устлариға саждада турган ҳолларида ташлади. Саҳобалардин бор кишилар ани олуб ташламакға журъат қила олмадилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саждада Парвардигор муножотиға машғул эрдилар, парво ҳам қилмадилар. Кофирлар бу ҳолни кўруб хурсандликларидин кула-кула бир-бирларин устлариға йиқилушур эрдилар. Вақтийки, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам саждадин бош кўтардилар, кўрдиларки қизлари ҳазрат Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо устларидаги нажосатни олуб ташлабдурлар. Кофирлардин бу густохликни қилғон, буюргон ва тамошо қилуб кулушгонлар ҳақлариға дуойи бад қилдилар. Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дебдурларки: «Ўшал мажлисда ҳозир бўлғон кофирларнинг ҳаммаларин Бадр майдонидин жаҳаннамға равона бўлғонликларин ўз кўзум ила кўрдум».

Бир кун Абу Жаҳл мардуд деди: «Эй Қурайш жамоаси, сизлар кўруб турубдурсизларки, Муҳаммад динларингизни сўкур, ўзларингизни аҳмоқ дер ва боболарингизға дашном берур, шуни кўруб туруб нечук тоқат қилурсизлар. Мен шул соатда Худоға аҳд берурманки, эрта куни масжидда анинг йўлида ўлтурурман, қачон Муҳаммад масжидға келуб намозға машғул бўлса, ўзум кўтара олмайдурган бир катта тошни олуб келуб, бошиға ташлайман». Эртаси ваъдасиға мутобиқ бир ерда интизор қилуб турди. Жаноб Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидға келуб, намозға машғул бўлдилар. Абу Жаҳл ҳам бир катта тошни кўтаруб Расули карим соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафлариға равона бўлди. Қурайш катталари буларнинг ҳолатларини тамошо қилушуб туруб эрдилар. Абу Жаҳл Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламға яқин етганда бирдин ранги ўзгарди, қўллари қалтиради, ҳолати бошқа бўлди, саросима бўлуб қўлидаги тошни бир тарафға ирғитиб жамоат қошлариға қочиб келди. Алар ҳол сўраб: «Ё Абал Ҳакам, сизға нима бўлди, нима сир кўрдунгиз?», дедилар. Абу Жаҳл деди: «Мен сизларға деган нарсани Муҳаммадға қилмак учун ўрнумдин турдум, яқин борган вақтимда бир забардаст эркак туя пайдо бўлуб, менга ҳамла қилмакчи бўлди. Агар мен ўзумни олуб қочмасам, ул туя мени ер эрди». Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилубдурларки: «Ул туя бўлуб кўрулган нарса ҳазрат Жибрил алайҳиссалом эрдилар. Агар ул яқин келур эрди, ҳалок бўлур эрди».

Мана бу неча сатр Қурайш жамоаси тарафларидин ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Зоти ақдаслариға етган азиятларнинг юздин биридур, чунки ҳаммасини иҳота этмак мумкин эмасдур. Эмди ҳазарот асҳоби киром розияллоҳу таоло анҳум ҳақлариға бўлган зулм ва ситамлардин баъзи машҳурларин ибрат учун нақл этурмиз, токи Ислом дини нақадар буюк меҳнатлар ва улуғ машаққатлар ила ҳафозат қилинғондур, ўқуғувчилар билсунлар.

Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу асллари ҳабаший эрдилар, Умайя ибн Халаф номлик кофирнинг ғуломи эрдилар. Аллоҳ таоло инояти ила мусулмон бўлдилар. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ғуломларин зумралариға дохил бўлдилар. Ислом тарихида собиқини аввалинлардин бўлдилар. Бу хабар хожалари Умайяға маълум бўлди. Ул золим ниҳоятда хафа бўлуб, бу жаноб ҳақларида ҳар қисм кулфат ва азиятларни бера бошлади:

1) гарданлариға иф боғлаб, болалар қўллариға берур эрди, алар эртадин кечғача ул жанобни судраб юрур эрдилар;

2) Макканинг иссиғ қумлариға юмалатиб ўйнашур эрдилар;

3) офтобда қизиган тошларни келтуруб сийналариға қўйушур эрдилар;

4) сояға ўлтургали қўймай, офтобда сақлашар эрдилар;

5) таом ва сув беришмас эрдилар.

Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу бу ҳолатларнинг ҳаммасида «Аҳад», «Аҳад» деб сайҳа урар эрдилар.

Бир кун жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ул жанобни азобда кўруб кўб бетоқат бўлдилар, сўнгра жаноб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Умайя қошиға боруб ҳазрат Билолни андин сотуб олуб, Аллоҳ таоло йўлида озод қилдилар, Худо ва Расулини ўзларидин хушнуд этдилар.

Ҳазрат Аммор ибн Ёсир ўзлари, оталари Ёсир ва оналари Сумайя розияллоҳу анҳум ҳаммалари баробар мусулмон бўлуб эрдилар. Абу Жаҳл эшитиб буларға ҳар қисм озор бера бошлади. Кофирлар бу уч некбахтни ҳар кун чошт вақтида олуб чиқуб офтобда қизиган тошларға ётқузур эрдилар. Шундай азоб бера Сумайя розияллоҳу анҳо алар қўлларида ҳалок бўлдилар. Абу Жаҳл малъун ул жанобни андомлариға найза санчиб ўлдурди. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳо-гоҳо булар азоб чекуб турган соатларида олдиларидин ўтуб: (صبرا آل ياسر ان موعدكم الجنة) дер эрдилар, яъни «Эй Оли Ёсир, сабр қилинглар, мақомларингиз жаннатдур».

Ҳазрат Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳунинг сочларин юлушур эрдилар, бўйунларин бурашуб азоб берушур эрдилар, қайноғ тошларға ётқузуб қийнашур эрдилар.

Ҳазрат Усмон ибн Аффонни амакилари мусулмон бўлганликларин эшитуб ҳар турлук азоблар берди, хурмо дарахтлариға боғлаб остларидин ўтунларни тутатуб азоб берур эрди.

Ҳазрат Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг Исломға мушарраф бўлғонликларин эшитуб волидалари уйларидин чиқаруб ҳайдаб юбордилар.

Баъзи саҳобаларни кофирлар сигирлар ва туяларнинг ошланмаган терилариға ўраб офтобға ташлар эрдилар ва баъзилариға темирдин тўқулган зирҳларни кийгузуб, қизиқ тошларға ётқузур эрдилар.

Мана шундоғ оғир азобларни чекуб туруб ҳам саҳобаи киром розияллоҳу анҳум Исломдин ёнмадилар, балки тобора иймонлари зиёда мустаҳкам бўла бошлади. Аларнинг шул буюк фидокорликларин баракотидин дини муқаддасимиз кофирлар ҳамла ва ҳужумларидин саломат қолуб, бу кунға қадар, алҳамдулиллоҳ, дунёнинг ҳар бир иқлимида Ислом калимагўйлари мавжуддурлар. Ҳозирғи кунларда мусулмонларнинг ўзлари кўб бўлсалар ҳам, кофирлар қўллариға муҳтож турушлари ва ҳар хусусда алардин (?) қолишлари Ислом кўрсатган йўлда юрмаганликларидин, роҳатпарастликларидин ва фидокорликларин йўқлигидиндур.

Маккадаги Қурайш жамоаси ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға ва саҳобаи киромға ҳар турлук азияту кулфатларни давом этдурмак учун алоҳида бир жамият ташкил этдилар. Макка сардорларидин йигирма беш нафарлари бу жамиятға аъзо бўлдилар. Аларнинг раислари Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз амакилари Абу Лаҳаб эрди. Абу Жаҳл ва бошқа малъунлар аъзо эрдилар. Бу жамият раис ва аъзоларин Қуръони карим (مستهزئين), яъни Худо ва Расулини тамасхур қилғувчилар деб ном берур. Бу жамоат жаноб Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киром ҳақларида қилмағон фикр, ўйламагон тадбирлари қолмади, хаёллариға келган чораларни амалға ошируб кўрдилар, лекин ҳеч бирида комёб бўла олмадилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ