Ҳиро ғори қаршисида

3 йил аввал 2507 siyrat.uz

Мен кўп ерларга сафар қилганман. Қуруқлигу денгизларда юриб, қадимий ва янги шаҳарларни кўрдим. Муқаддас қадамжолар, осори атиқалар ва ернинг гўзал жойларига гувоҳ бўлдим. Аммо ушбу бўм-бўш ғордан кўра қалбимда чуқур из қолдирган, башариятга фазли кўп, улуғ тарихи абадий ва ривожланиши улкан бўлган бирон жойни кўрмадим. Ўша ғор тоғ чўққисидаги ҳаёт иплари узилган ёввойи табиат қўйнида ёлғиз турарди. Саййиди олам Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида у назаргоҳдан оламга назар ташлаганлар. Икки ой аввал Ҳижозга қилган охирги саёҳатимизда у ерни зиёрат қилиш шарафига эришдик. Биз билан бирга саҳровий ҳайдовчи ҳам бор эди. Унинг қора кокилию, ўрам сочларини бош кийимини олганда кўрдим. Унинг икки кўзи қоплоннинг кўзлари каби ёнарди. Ичимда бир телба инсонни кўрдим, деб ўйладим. Унга: «Биз Ҳарамни, Арофотни, Минони зиёрат қилдик. Сиз Ҳиро ғорини биласизми? Бизларни у ерга олиб бора оласизми?»− дедик. У эса «Ҳа, ана у»− деб рўпарадани тоққа ишора қилди. У тоғ бугун «Жабалун нур» деб номланади. У баланд қора тоғ бошқа тоғлар орасидан гўё уйлар орасидаги минора каби турарди. Бўлмаса бизни ўша ерга олиб бор,− дедик. У: «Юринглар»,− деб, бизни Арафот йўлидан олиб борди. Бизлар Маккадан чиқиб, охирги уйдан ўтганимизда йўл бизни Зоти Ясорга қараб бошлади. Ҳайдовчи бизни йўлсиз саҳродан олиб бориб, охири жуда узоққа кетиб қолдик, йўлимиз ҳам чўзилиб кетди. Тоғ эса ҳамон ўз жойида турар, гоҳ кўринар, гоҳ яқиндаги тоғлар уни тўсиб қоларди. На биз унга яқинлашдик, на у бизга яқин келди. Машинамизнинг ғилдираклари гоҳ тепаликка чиқар, гоҳ пастга тушар, гоҳида эса тошларни босар, бизларни қаттиқ силкитиб, ичимизни тўкарди. Завол вақти бўлди. Қуёш осмон гумбазининг қоқ ўртасида туриб осмонга боққан кишини қизиб турган тандирдек куйдирарди. Атрофимиздаги саҳро чўғдек тошларидан гўё олов пуркарди. Шунда 1921 йили Дамашқдан Ҳижозга йўлбошчисиз чиққан кунимиздаги илк сафаримиз ёдимга тушди. Ўша сафаримизда Аллоҳ яратгандан бери ҳеч машина юрмаган ерлардан машинамизга янги йўл очиб борардик. Йўлда кўп муаммоларга учраб, сафаримиз икки ойга чўзилган эди. Маккаю унинг уйлари кўздан ғойиб бўлиб, водий биздан анча узоқлашди. Ҳаётнинг ҳар қандай белгиси узилди.... Бу иссиқда кимсасиз саҳрода ўчоқдек аланга чиқарувчи машина ичида ёлғиз қолдик. Бу ҳайдовчи бизларни тўғри олиб бормаяпти. Арабларнинг ибратли мақолларида «Чарчамайдиган туянинг сафари тугамайди», деган эски гап бор. Ҳайдовчи ҳам тўхтамай юрарди. Шунда унга «Эй Абдураҳмон, сен йўлни билмайсан, шекилли», дедик. «Нега билмас эканман!» деди. Ҳаммамиз жим қолдик. Йўлда тўхтамай юриб, охири бир водийни кўрдик. Биз ўтган ерларда у водийдан кўра қўрқинчлироқ ерни кўрмагандик. Хайдовчи водийга тушиб, тик деворга ўхшаган бир тоққа ишора қилганча, шу ердан чиқамиз деди. Бизлар ҳайрон бўлиб: «Барака топгур, қандай чиқамиз, чиқишдан бизга нима фойда. Бу тоғ сен бизга кўрсатган Жабалун нур эмас» дедик. Ҳайдовчи йўлни билмаслиги энди маълум бўлди. Биз йўлда у жойлардаги маҳаллий қаҳвахоналарнинг бирига кирган эдик. Қаҳвахоналарни Ҳижозда (шайхона) дейишади. У қаҳвахонада похол ўриндиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ. У ўриндиқда ўтирса ҳам, ухласа ҳам бўлаверади. Ўтирган кишининг белини синдириш-у, мудраб турган одамнинг уйқусини учиришдан бошқа айби йўқ. Ҳайдовчига:«Машинангда бориб қаҳвахона эгасини чақириб кел. Бизга йўл кўрсатсин, ҳаққини берамиз», дедик. Қаҳвахона эгаси келди. У саҳровий таранг терили , худди ингичка суякнинг устига қоп-қора терини кийгизиб қўйилгандек эди. Маккадан бизга бир оппоқ семиз шаҳарлик йигит ҳамроҳ бўлганди. Ўша йигит: «Бу бизга нима қила олади, худди юраётган мурдага ўхшаркан», деб уни масхара қилди. Озгина юрганимиздан кейин эса юрадиган мурда шаҳарликми ёки бу саҳро боласими маълум бўлди. Хақиқатни билдимки, бу қоп-қора озғин саҳролик темирдан бўлган устунга ўхшайди. Оппоқ семиз шаҳарлик йигит эса лойдан бўлган устунга ўхшарди. Бу тоғ бошқа тоғлар ичида энг баланди бўлиб, гўё икки тоғ бир-бирига мингаштириб қўйилгандек эди. Ости оддий тоғ, усти эса бир бутун теккис қора қоядан иборат бўлиб, худди тухумнинг учини синдириб унинг устига тик қилиб қўйилгандек ёки тешада йўнилган осмонўпар гумбазга ўхшайди. Бу ерда тошдан йўнилган, юрилавериб, емирилиб, қирғоқлари яссилигидан чиқаётган кишининг оёғи турмайдиган бўлиб кетган зина бор эди. Ундан чиққан киши қайтиб тушолмайди. Иссиқ ҳаво ва чанқоқликдан тинкамиз қуриди, аммо чўққининг тепасига чиққунимизча сабр қилдик. Азбаройи чарчаганимдан шерикларимга, «Бўлди, шу ерда тўхтайлик!»− дедим. Чиқишдан эмас, балки кайтиб тушишдан қўрқдим. Лекин шерикларим чиқишга қатъий туриб олдилар. Мен спортчи бўла туриб, тоғ ён бағирларида ўсган, унинг дараларида қоя тошларга сакраб ёшлик даврини ўтгазган тоғ фарзанди бўла туриб, чидамсизлигимдан уялдим. Мажбур ҳолимда бир неча бор йиқилиб бу тик тепаликка чиқишга астойдил ҳаракат қилдим. Ҳар гал пастга қарасам машинамиз чумолидан ҳам кичикроқ бўлиб кўриниб, бошим айланаётганини сезардим. Саҳройи ҳайдовчи қоялар устида беписандлик билан юриб, тошларни думалатарди. Унга: «Ҳой, секин! Бу тошлар бир вақтлар осмондан ер юзига тушган илк сўзни ер қулоғидан туриб эшитган, фаришталарнинг Саййиди башариятнинг Саййидига олиб тушган, Аллоҳнинг китобига ёзилган, биринчи оятга гувоҳ бўлган.Агар қўлимдан келганида бу қояни улуғлаб бошимда кўтариб юрган бўлардим. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бағрига олган, Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга «Бутун оламни яратган Роббингиз номи билан ўқинг!» деган маънодаги ваҳийни икки қулоғи билан эшитган тоққа қадам босгани журъат қилолмаяпман. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан бери ердан осмон хабарлари узилди. Ер юзида бу мустаҳкам қоядан бошқа ваҳийга гувоҳ бўлган нарса қолмади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ