Қурайшнинг мусулмонларга зулми

3 йил аввал 1923 siyrat.uz

Расулуллоҳ одамларни Аллоҳга даъват қилишда давом этдилар. Қурайш у Зотнинг даъволаридан воз кечишларидан умидини узганди. Абу Толибдан ҳам ҳафсалалари пир бўлганди. Ўз оилаларидан мусулмон бўлган фарзандларига ҳар турли зулмлар қилишни бошладилар ва ҳеч ким уларга монеълик қила олмасди. Ҳар оила ўзларининг ичидаги мусулмонларга тазйиқ ўтказар, уларни қамаб қўяр эди. Уларга зулм қилиб, урар, оч ва сувсиз қолдирардилар. Қуёш қизиган пайтда мусулмонларни Макканинг қумларига ётқизишарди! Умайя ибн Халаф, Исломни қабул қилган ўз қули Билол Ҳабашийни туш вақти қуёш қизиганда ташқарига чиқариб, яланғоч қилиб, Макканинг қумларига ётқизарди. Сўнг тош олиб келтириб, уни Билол Ҳабашийнинг кўксига қўйдирарди. Ундан сўнг эса унга шундай таҳдид этарди: —Қасам ичаманки, ё бу ҳолатда ўлимга рози бўласан ёки Муҳаммадни тарк қилиб Лот ва Уззога ибодат қиласан! Лекин бу таҳдид ва зулмларга қарамай Билол розияллоҳу анҳу  Аҳад, Аҳад! (Аллоҳ бирдир, Аллоҳ бирдир) дейишда давом этарди. Ҳазрати Абу Бакр Билолни бу ҳолда кўргач, дарҳол Билолдан ҳам кучлироқ бир қора қулни Билолнинг хўжайини Умайяга берди ва Билолни сотиб олиб, Аллоҳнинг розилиги учун озод этди. Бани Маҳзум қабиласи Аммор ибн Ёсирнинг онаси ва отасини туш вақтида қизиган қуёшга чиқариб, қумда қийнашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қийноқларни кўрган мусулмон оиланинг ёнидан ўтар эканлар, уларга «Эй Ёсир оиласи! Сабр қилинг, сизга жаннат ваъда этилмишдир»− дердилар. Охири Амморнинг онасини ўлдирдилар. У Исломдан бошқа бирон динни қабул қилмади ва жонини Аллоҳ йўлида фидо этди. Мусъаб ибн Умайр Макканинг ёш, гўзал ва киборлик нуқтаи назаридан биринчи йигитларидан эди. Онаси жуда ҳам бой хотин эди. Ўғлига чиройли кийимларни кийгизарди. Мусъаб бир куни  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Арқам ибн Арқам уйида Исломга даъват этишларини эшитиб, ул Зотнинг ҳузурларига борди. У ерда мусулмон бўлди ва ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқ этиб, уйига қайтди Лекин онаси ва қабиласидагилардан қўрққанлиги сабабидан мусулмон бўлганлигини ҳеч кимга айтмади. Русулуллоҳга яширин равишда келиб-кетиб турди. Бир сафар Усмон ибн Талҳа Мусъабнинг намоз ўқиётганини кўриб қолди. Дарҳол онаси ва қариндошларига унинг намоз ўқиши ҳақидаги хабарни етказди. Шундан сўнг оиласидагилар уни ушлаб қамаб қўйишди. Биринчи марта мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат қилгунларига қадар қамоқда қолди. Лекин унинг кўриниши ўзгарган, ҳушбичимлиги кетиб, озиб-тўзиб қолган эди. Буни кўрган онаси уни қамоқда сақлашликдан воз кечди... Баъзи мусулмонлар бир қанча мушрикнинг ҳимояси остида эди. Уларни ҳимоясига олган мушриклар қурайшнинг ашрофлари эди. Берган ваъдаларида туриб, у мусулмонларни ҳимоя қилар эдилар. Усмон ибн Маъзун, Валид ибн Муғийранинг ҳимоясида эди. Усмон кейинроқ бундай ҳимояни маъқул кўрмади. Валид берган сўзида турган кофир бўлишига қарамасдан Усмон ибн Маъзун унинг ҳимоясидан воз кечиб: «Аллоҳдан бошқасига сиғинишни истамайман»− деди. Бир кун Усмон билан бир мушрик ўртасида жанжал чиқди. У мушрик ўрнидан ирғиб туриб Усмоннинг кўзига бир мушт туширди. Кўзи кўкариб кетди. Валид ибн Муғийра ўша вақт уларга яқин жойда ўтирар эди. Бу ҳолатни кўргач шундай деди: —Жияним, ўзингга эҳтиёт бўл! Қасам ичиб айтаманки, сенинг кўзинг, у муштдан узоқ эди. Чунки сен яхши бир ҳимоячига эга эдинг. (Буни бошингга келишига ўзинг сабабчи бўлдинг). Усмон унга шундай жавоб берди: —Йўқ, эй Абу Абдшушамс! Аллоҳга қасамки, соғлом кўзим ҳам Аллоҳ йўлида шериги еган муштга муҳтождир. Мен сендан янада азиз, янада қудратли бўлган Аллоҳнинг ҳимоясидадурман...




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ