Ҳазрати Умарнинг Исломни қабул қилиши

3 йил аввал 3173 siyrat.uz

Аллоҳ таоло Қурайшнинг Адий қабиласидан бўлган Умар ибн Хаттоб билан Исломни ва мусулмонларни қувватлантирди. Умар ҳайбатли, бақувват, гавдали одам эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг мусулмон бўлишлигини орзу қилиб, Аллоҳдан сўраб дуо қилар эдилар. Ҳазрати Умарнинг Исломга кириши шу тариқа содир бўлди:Умарнинг синглиси Фотима билан куёви Саид ибн Зайд мусулмон бўлишган эди. Ислом ва мусулмонларнинг омонсиз душмани бўлган Умардан қўрқишганидан мусулмон бўлганликларини сир тутушиб, ҳеч кимга билдиришмас эди. Хаббоб ибн Арат вақти-вақти билан уларнинг уйларига бориб, Қуръондан таълим берарди. Бир кун қиличини яланғочлаган Умар, кўчага чиқиб, Расулуллоҳ ва саҳобаларнинг олдига боришга қасд қилди. Унга уларнинг Сафо тепалиги яқинида бир жойда эканликларини айтишган эди. Нуайм ибн Абдуллоҳ йўлда Умар билан учрашиб қолди. У ҳам Бани Адий қабиласидан эди. У мусулмон бўлиб, ҳақ йўлни топганлардан эди. —Эй Умар, қаёққа кетяпсан? —Диндан чиққан, Қурайшнинг бирлигини парчалаган, ақллиларини ахмоқ деган, динларини сўккан, тангриларига куфр келтирган Муҳаммадни топиб, уни ўлдираман! —Эй Умар! Нафсинг сени алдабди! Нима учун ўз оилангга бориб, олдин уларни тўғриламайсан? —Сен нималар деяпсан? —Куёвинг ва амакизоданг бўлмиш Сайид билан синглинг Фотима... Аллоҳга қасамки, иккиси ҳам мусулмон бўлиб, Муҳаммадга тобе бўлганлардан. Сен, бор, аввал уларни тузат! (Нуаймнинг мақсади уларга хиёнат қилиш эмас, балким Умарнинг тўсатдан бостириб боришига монеълик қилиш эди). Умар куёви билан синглисининг уйига борганида, Хаббоб ибн Арат ҳам у ерда бўлиб, Қуръондан таълим бераётган эди. Ёнида «Тоҳа» сураси ёзилган бир саҳифа ҳам бор эди. Умарнинг келганининг хабарини топгач, Хаббоб кичик бир ҳужрага кириб беркинди. Фотима эса саҳифани ўзи билан олди. Умар уйга яқинлашганда Хаббобнинг Қуръон тиловот қилаётган товушини эшитганди. Ичкарига кириши билан сўради: —Шу тушуниб бўлмайдиган товуш нима эди? Уй эгалари: —Сенга шундай туйилган бўлса керак,− деб жавоб бердилар. —Қасам ичиб айтаманки, сизларнинг Муҳаммадга тобе бўлганликларингизни эшитдим. Умар сўнгра куёвини уриб йиқитиб, кўксига ўтирди. Фотима эрини қутқаришлик учун Умарга ёпишди. Умар уни ҳам бир шапалоқ уриб, юзини қонга бўяди. Шу вақт куёви ва синглиси «Ҳа, биз мусулмон бўлдик. Аллоҳга ва Расулига иймон келтирдик. Хоҳлаганингни қил!!!»−деб қаршилик кўрсатдилар. Умар синглисининг юзидаги қонни кўргач, қилган ишига пушаймон бўлганди. Тўхтаб қолди. Синглисига «Бир оз олдин ўқиганингиз, эшитганим саҳифани бер, кўрайлик-чи Муҳаммаднинг келтирганини, шу амрлар нималар экан?»,−деди. Умар ўқиб-ёзишни билар эди. Синглиси шундай деди, —Йиртиб ташлашингдан қўрқамиз. —Қўрқишга хожат йўқ, амин бўлингки, йиртмайман! Умарнинг бу гапларини эшитган Фотима, акасининг мусулмон бўлишлиги умидида унга «Эй ака! Сен ширкдасан, нажассан. Қуръонни покиза одамлардан бошқа бировнинг ушлаши мумкин эмас»− деди. Умар ўрнидан туриб, ғусул қилиб келди. Фотима унга саҳифани берди. Саҳифада «Тоҳа» сурасининг бош қисми ёзилган эди. Умар бу муборак суранинг бошини ўқигач, «Бу қандай ҳам гўзал, қандай ҳам тотли!»−деди. Бу сўзларни эшитган Хаббоб, Умарнинг ёнига чиқиб, шуларни сўзлади: «Эй Умар! Аллоҳ Пайғамбарининг сен ҳақингдаги дуосини қабул қилди; зеро Пайғамбаримиз шундай дуо қилардилар: «Эй Аллоҳим! Исломни ё Абу Ҳаким ибн Ҳишом (Абу Жаҳлнинг куняси) ёки Умар ибн Хаттоб билан қувватлантир».Эй Умар! Аллоҳдан қўрқ! Исломга кир! Буларни эшитгач, Умар ирғиб ўрнидан туриб, «Эй Хаббоб! Менга Муҳаммаднинг турган жойини айт, бориб мусулмон бўлайин!»− деди. Хаббоб:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигининг ёнидаги бир уйдалар. Ёнларида асҳобларидан бир қанчалари бор»,− деди. Умар қиличини яланғочлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари томон йўл олди. Етиб келиб эшикни таққиллатди. Товушни эшитишлари билан бир саҳоба эшик тирқишидан қаради. Умарни қилич яланғочлаган ҳолда кўриб, Расулуллоҳга хабар берди. Қўрқув ичида «Ё Расулуллоҳ! Умар қиличини яланғочлаб келибди»,− деди. Ҳазрати Ҳамза:«Эшикни оч, келсин. Агар яхшилик учун келган бўлса, унга яхшилик қиламиз, агар ёмонликни истаса, уни ўз қиличи билан ўлдирамиз»,−деди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Эшикни оч, келсин», − деган амр бердилар. Эшик очилиши билан Расулуллоҳ уни қаршилаш учун ўрниларидан турдилар. Умар хонанинг ичкарисига киргандан сўнг, уни ёқасидан тутиб шиддат-ла ўзларига қаратдилар. «Эй Ибн Хаттоб!− дедилар,− сени бу ерга келтирган нарса нима? Қўрқаманки, Аллоҳ осмондан бир яшин туширмагунча бу саркашлигингдан воз кечмайдиган кўринасан». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу сўзларни эшитган Умар шундай такбир айтдики, бошқа хонадагилар ҳам Умарнинг мусулмон бўлганлигини дарҳол тушундилар. Умар Исломга киргандан сўнг мусулмонлар ҳам ўзларини кучли ҳис эта бошладилар. Ҳазрати Умардан аввалроқ ҳазрати Ҳамза мусулмон бўлган эди. Ҳазрати Умар мусулмон бўлганлигини сир сақламай ҳаммага эълон қилди. Бу воқеа бутун Қурайш орасида ёйилди. Ҳазрати Умарнинг бу қароридан қайтаришлик учун кўп ҳаракат қилдилар, лекин ҳазрати Умар ўз сўзида турди. Бу ҳолат қурайшликларнинг уни динидан қайтаришдан умидларини узгунга қадар давом этди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ