Ҳабашистон мамлакатиға ҳижрат учун саҳобаларға ижозат

3 йил аввал 2211 siyrat.uz

Қурайш жамоаси ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъвату таблиғларин беасар қолдурмак учун инсоний тадбирларнинг ҳар бирин қилуб кўрдилар. Туҳматларға гирифтор этдилар, ўзлариға ва асҳоблариға тарихи башар кўрмаган ва эшитмаган озорларни бердилар. Худонинг бу қадар кенг дунёсин алар кўзлариға игна кўзидин танг бир ҳолға келтурдилар. Ўз жигар ва ҳамватанлари бўлғон бир Зотға раҳм ва шафқат қилмадилар, Худодин қўрқмадилар, халқдин уялмадилар. Ҳатто бир кун амакилари Абу Толиб қошиға Қурайш катталари келуб, кўб беҳуда сўзларни қилуб, агар биродарзоданг Муҳаммадни даъватдин манъ этмасанг ё ўзин бизға таслим қилмасанг, бутун араб сандин алоқамизни узурмиз, балки сени ҳам қўшуб ҳалок этурмиз, деб қўрқутдилар. Бу ҳолни кўргач, Абу Толиб ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни чақируб насиҳат қилди ва ул жанобни Қурайш таҳдидларидин огоҳ этуб, бироз мулойамат ила иш кўрушларин муносиб кўрди. Ҳазрат Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам гумон қилдиларки, амакилари ҳам бу жанобни ўз паноҳларидин узоқ қилмакчидурлар, дедилар: «Эй меҳрибон амаким, агар Қурайш менинг ўнг қўлумға Кунни ва чап қўлумға Ойни қўюб қўйсалар ҳам, бу даъватни ҳаргиз қўймасман, Худойим буюрган бу хизматни, иншааллоҳ, охириға еткузурман ё шул йўлда ҳаётимни тамом қилурман». Бу сўзни деб ҳазрат Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаган ҳолда ўрунларидин туруб кетмакчи бўлган чоғларида меҳрибон амакилари: «Ўғлум, менга боқ», дедилар. Жаноб амакилариға боқуб эрдилар, дедиларки: «Бор, фарзандим, хоҳлаган сўзунгни қил, мен ҳаёт борман − сени ҳаргиз душманларға топшурмасман, алар бу хусусда бизларға нима муносиб кўрсалар, қилсунлар.

Мана бу воқеадин сўнг Қурайш тарафидин ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлариға, саҳобалариға ва тарафдорлариға озор ва кулфатлари кўб бўла берди. Ночор жаноб Рисолатпаноҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазарот асҳоби киром розияллоҳу анҳумға ижозат бердилар, ҳар ким хоҳласа ўзин, жону иймонин сақламак учун Ҳабашистонға ҳижрат қилсун, дедилар. Бу ижозатдин кейин бир кичик қофила ўн икки эр ва тўрт хотун қоронғу кечада дарё соҳилиға боруб, андин кемаға тушуб, Ҳабашистон мамлакатиға равона бўлдилар. Бу қофила ичида саййидуно Усмон ибн Аффон ва рафиқаи муҳтарамалари Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам нури чашмлари ҳазрат Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам бор эрдилар. Жаноб Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки, ҳазрат Иброҳим ва ҳазрат Лут алайҳимассаломдин кейин Аллоҳ таоло йўлида ватанидин ҳижрат қилғон эр ва хотунларнинг биринчилари Усмон ва Руқайядур.

Булардин кейин яна саксон уч адад эрлардин ва ўн саккиз адад хотунлардин ҳижрат қилдилар. Булар ораларида ҳазрат Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакизодалари ҳазрат Жаъфар ибн Абу Толиб ҳам бор эрдилар. Бу иккинчи жамоани тўсмак учун Қурайш катталари дарё лабиғача қувуб бордилар, лекин Худойи меҳрибон карами ила алар жўнаб кетуб эрдилар. Макка кофирлари аларни тутолмагандин кейин кўб ташвишда қолдилар. Охир машвара қилуб, ўз тарафларидин Ҳабаш подшоҳининг хизматиға бир мунча қимматбаҳо туҳфалар ила элчилар юбордилар. Алар Ҳабашистон марказиға етуб бордилар, подшоҳға туҳфаларин тақдим этуб, Маккадин қочуб келганларни бизларға тобшурулса дедилар. Подшоҳ муҳожирларни ўз дарбори (саройи)ға чақиртурди ва алардин аҳволларин ва ҳижратларин сабабларин сўрди. Ҳазрат Жаъфар розияллоҳу анҳу марҳамат қилдилар: «Эй подшоҳи меҳмоннавоз, биз араблар жаҳолатда қолғон бир тоифа эрдук. Нажосатда олуда (булғанган), ҳаромхўрликда машҳур, сўзлари бемаъно, инсониятдин бехабар, шафқатдин маҳрум, қоида ва қонун билмаган ҳайвон каби ҳаёт кечируб юрган номи инсон бир халқ эрдук. Аллоҳ таоло бизларға бу ҳолатлардин нажот бермак учун бир Зоти баланди сифотни бизларға пайғамбар қилуб юборди. Ул жанобни ҳасаб ва насаблари, садоқат ва омонатлари, диёнат ва тақволари, покдил ва покдоманликлари ҳаммамизға маълум эрди. Ул Пайғамбари аъзам бизларға тавҳидни таълим бердилар, яъни Худони яккаю ягона билинглар, Ул шерикдин муназзаҳдур, андин бошқаға ибодат қилманглар, ҳамиша рост сўзланглар, ёмон феъллардин тортилинглар, гуноҳлардин қочинглар, ваъдаға вафо қилинглар, намоз ўқунглар, закот беринглар, рўза тутинглар, дедилар. Бизлардин бир мунчаларимиз ул Жанобға иймон келтурдик, Пайғамбари барҳақ деб танудик, ҳукмлариға итоат қилдук, мусулмон бўлдук. Иншааллоҳ, мусулмон яшармиз, мусулмон ўлурмиз. Бизнинг маккалик қавмларимиз бизға ва Пайғамбаримизға душман бўлуб, ҳар қисм озор ва кулфатлар бердилар. Дунё бизға танг бўлди, ночор сизнинг мамлакатингизға паноҳ олғоли келдук. Подшоҳ бу сўз эшитгач: «Менга Қуръонларингизни ўқуб беринглар», деди. Филҳол (дарҳол) ҳазрат Жаъфар розияллоҳу анҳу сураи Марямни ўқуб бердилар. Подшоҳға ниҳоятда асар қилуб мажлисда йиғлаб ўлтурди. Қуръон ўқулуб бўлғоч, деди: «Бу Муҳаммад алайҳиссалом ўшал Ийсо алайҳиссалом башорат берган Пайғамбардурлар. Алҳамдулиллоҳ, мен бу Зоти ақдас замоналарин топдим». Кейин подшоҳ ҳукм беруб, Маккадин келган вакилларни дарбордин чиқортуруб юборди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ