«Жаможим» воқеаси ҳақида

3 йил аввал 2519 siyrat.uz

Савол: «Жаможим» воқеаси ҳақида маълумот берсангиз.


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамду лиллаҳи ваҳдаҳ, вассолату вассаламу ала ман ла набийя баъдаҳ. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Жаможим воқеаси Ҳажжожи золим[1] билан Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Ашъаслар ўртасида бўлиб ўтган жангдир. Воқеа бундай бўлган: Ироқ амири Ҳажжож (золим) ибн Юсуф Сақафий Абдураҳмон ибн Муҳаммадни Сижистон[2] подшоҳи Ратбилга қарши юриш қилиш учун қўшин билан жўнатади. Абдураҳмон Сижистоннинг қўмондонлари билан Ҳажжожни Ироқдан қувиб чиқариш ҳақида келишиб олиб, Кўфага қараб йўл олади, чунки у ернинг халқи ҳам Ҳажжожни жуда ёмон кўрар эди. Ҳажжожи золим ҳам тезлик билан Кўфа томон юради. Абдураҳмон Кўфанинг ташқарисидаги Жаможим ерига, Ҳажжож эса унинг қаршисидаги Қуррага бориб жойлашади ва ўрталарида шиддатли жанг бошланади. Бу воқеадан хабар топган қабила раҳбарлари мусулмонларни ноҳақ ўлимдан сақлаб қолиш мақсадида халифа Абдул Малик ибн Марвонга[3] Ҳажжожи золимни Ироқ амирлигидан бўшатишни таклиф қилишади. Халифа укаси Муҳаммад ибн Марвон билан ўғли Абдуллоҳ ибн Абдул Маликларни Ироққа юборади. Улар бориб, ироқликларга ноҳақ қон тўкилишининг олдини олиш учун Ҳажжожни лавозимидан четлатишни таклиф қилишади. Афсуски, фитналар оқибатида Ироқ аҳолиси уларнинг хайрли таклифларини рад этишади. Натижада иккала қўшин бир-бири билан 100 кун давомида урушиб, ҳижрий 83 йили Абдураҳмон ибн Муҳаммаднинг мағлубияти билан жанг тугайди. (انا لله وانا اليه راجعون)

[1] Ҳижрий 41 йилда туғилиб, 95 йилда ўлган.

[2] Эрон ва Афғонистондаги  қадимий минтақа.

[3]  Умавий халифаларнинг бешинчиси ( ҳижрий 65 − 86 йиллари подшоҳлик қилган).

«Ал-мавсуъатул мужаза фит тарихил исломий», (13/137) қомуси асосида тайёрланди.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ