У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмизилишлари

3 йил аввал 2341 siyrat.uz

Ўша вақтда арабларнинг одати бўйича болаларни саҳролик аёлларга эмизилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхши бўлгани учун саҳролик аёлларни эмиб ўсган болалар соғ-саломат, ўткир зеҳнли бўлиб ўсарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни дастлаб бир неча кунга у Зотнинг амакилари Абу Лаҳабнинг жорияси Сувайба эмизиб турди. Ўша кунлари Маккага саҳродан бани Саъд қабиласидан эмизувчи аёллар янги туғилган гўдакларни олиб кетиш учун келиб қолдилар. Ўша йили қурғоқчилик йили эди. Одамлар етишмовчиликдан қийналиб қолишган эди. Аёллар бойроқ оилаларнинг фарзандини эмизиб бир оз даромад топиш ниятида эдилар. Шунинг учун отасиз етим Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизишга қизиқувчи аёллар топилмади. Минган улови оқсоқлиги учун ҳаммадан ортда қолган Ҳалима исмли аёл ҳам бойроқ оиланинг боласини олиш ниятидан холи эмас эди. Лекин кеч қолгани халақит берди. Дугоналари бойларнинг болаларини эгаллаб олишибди. Аввалига Ҳалима ҳам ҳалиги етим болани олишдан бош тортди. Бошқа бола топа олмаганидан кейин бир оз ўйланиб қолди. Нима, эмизгани бола олмай кетадими? Хотинлар, Ҳалима қуруқ қайтди, деб ҳаммаёққа гап тарқатишиб юборишади-ку! Яхшиси, етим бўлса ҳам, Муҳаммад деган гўдакни олиб кетгани маъқул. Аллоҳ таолонинг Ўзи Ҳалиманинг қалбига ўша болага нисбатан меҳр солди. Ҳалима Муҳаммад алайҳиссаломни эмизгани олди. Ҳаммадан охири келиб, ҳаммадан охири қайтган Ҳалима ўзининг оқсоқ улови тузалиб, тезлаб юраётганини пайқади. Ажабо, унинг ҳаммадан орқада қолган ночор улови бошқалардан ўтиб кета бошлади. Кетишда ҳаммадан ортда қолган Ҳалима қайтишда ҳаммадан олдин масканига етиб келди. У ўзи сезмаган ҳолда Аллоҳ таоло халқ қилган одамзодлар ичида энг афзалига кўкрак тута бошлади. Албатта, Ҳалима ўзининг инсоният тарихига охири замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни сут онаси сифатида кириб қолишини ўша онларда билмас эди. У, кейинчалик, асрлар оша, қиёматгача миллионлаб мусулмонлар уни Ҳалимаи Саъдия онамиз розияллоҳу анҳо деб юксак эҳтиром ила ёдга олишларини билмас эди. Аммо у шу болани эмиза бошлаганидан буён ҳамма нарсага барака кириб қолганини яхши билар эди. Ўзининг сути ҳам кўпайиб кетди. Хонадонига ҳам қут-барака кирди. Унинг болалари ҳайвонларини қаерда боқишларидан қатъи назар, уларнинг қорни ўтга, елини сутга тўлиб қайтадиган бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам болани эмизиш муддати тугаганда ҳам, ундан ажралгиси келмади. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ёшга тўлганларида у Зотни оналари ҳузурига олиб бориб, менинг олдимда яна бир оз тарбия топсин, деб илтимос қилди. Омина онамиз бу таклифга рози бўлдилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг эмикдош ака ва опалари билан бирга саҳронинг соф ҳавосида ўйнар эдилар. Бир куни ҳаво жуда ҳам исиб кетди. Ҳалимаи Саъдия болаларни олиб келиб бир оз ухлатмоқчи бўлди. Уларни ичкарига чақириб, ташқарида юрманглар офтоб уриб кетади, деди. Шунда унинг қизи Муҳаммад билан ўйнасак, бизни офтоб урмайди. Чунки унинг устида булут доимо соя солиб туради, деди. Ҳалимаи Саъдия Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий бола эмаслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилди. Кунлардан бир кун у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳро қўйнида болалар билан ўйнаб юрганларида ғалати ҳодиса юз берди. Бу ҳодиса тарихда «шаққуссодр»—кўксини ёриш номи билан машҳур. Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка тайёрлаш чораларидан бири эди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ