Фижор уруши

3 йил аввал 4554 siyrat.uz

Пайғамбар алайҳиссалом 20 ёшга кирганларида Фижор урушига қатнашдилар. Кинона, Қурайш ва Қайс қабилалари ўртасида юз берган урушнинг сабаби қуйидагича эди: Фурот дарёсининг ғарбидаги Хира шаҳрининг подшоси Нўмон ибни Мунзир Мадина яқинидаги ҳар йили бир марта бўладиган Укоз бозорига мол юбориб соттирар эди. У молларни ҳаммага гапи ўтадиган эътиборли одамлар назоратида жўнатар эди. Кунларнинг бирида Кинона қабиласидан бўлмиш Барроз ибн Қайс Нўмоннинг  ҳузурига ташриф буюрди. Ўта золим ва ёвуз бу кимсани қабиладошлари оқсоқолликдан олиб ташлашган эди. У келганда Урва ибн Отбатур Раҳҳол Нўмоннинг ҳузурида ўтирган эди. Нўмон: «Менинг молларимни ким Укозга етказиб қўяди?» деб сўради. Барроз: «Мен молларингни Кинона қабиласидан асраб бераман», деди. Нўмон: «Менинг молларимни бошқалардан ҳам асрай оладиган одам борми, деяпман», деди. Урва гапга аралашиб: «Э, қойил-э, аллақандай пасткаш ит молларингни асрай олармиди. Сенинг молларингни арабларнинг ҳаммасидан мана мен асрайман», деди. Бу гап Баррозга оғир ботса-да, индамади, ўч олишни кўнглига тугиб қўйди. Урва тижорат билан йўлга чиққанда қулай фурсат топиб уни ўлдирди ва Кинона қабиласига одам жўнатиб, Қайс қабиласи уларга ҳужум қилмоқчилигини етказди. Бу хабарни эшитган Қайс қабиласи ёппасига отланиб Нахлага етиб келди, ҳамда Қурайш билан Кинона қабиласига ҳужум қилди. Беадад қонлар тўкилиб, Қайс қабиласи ғолиб келди, мағлуб икки қабиланинг одамлари паноҳ истаб масжиди ҳаромга яшириниб олишди. Уларнинг орасида Расулуллоҳ ҳам бор эдилар. Ғалаба нашъу намосидан ғурурланган Қайслар: «Биз Урванинг қонидан кечмаймиз. Келгуси йили Укозда яна жанг қиламиз!» дея таҳдид солишди. Улар юртига қайтгач, бутун қабилани урушга сафарбар этди, атрофига ўз тарафдорларини йиғди. Сақиф билан яна бир неча қабила уларнинг туғи остига жам бўлди. Қурайш ҳам Кинонадан ташқари Макканинг жанубидаги ўз иттифоқчиларини тўплади. Ҳошим авлодининг бошлиғи Зубайр ибн Абдулмутталиб билан бирга ака-укалари Абу Толиб, Ҳамза, Аббос ҳамда жияни Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бор эдилар. Ҳарб ибн Умайя Қурайш қабиласидаги энг ёши улуғ ва мўътабар киши бўлгани учун бани Умайя аймоғининг бошлиғи ҳисобланарди. Бу қабиладаги ҳар бир аймоқнинг ўз бошлиғи бўлар эди. Икки томон юзма-юз келиб, шиддатли жанг бошланди ва араб тарихида мисли кўрилмаган қирғинбаротга айланди. Муқаддас Макканинг ҳурмати оёқости қилингани учун бу қирғин Фижор уруши — гуноҳкорлар уруши деб аталди. Қайс қабиласининг омади чопмади: унинг тарафдорлари бирин-кетин мағлубиятга учрай бошлади. Шунда тадбирли бир одам ўртага чиқиб, икки томоннинг қанча талофот кўрганини, ким кўп одам йўқотган бўлса, ғолиб томон ўлганларга товон тўлаши лозимлигини айтиб, сулҳга чақирди. Қайс қабиласи кўп талофат кўргани учун қурайшлар товон тўлайдиган бўлди, бу ишни назорат қилишга Ҳарб ибн Умайя масъул этиб тайинланди ва товон тўланиб бўлгунча ўғли Абу Суфённи Қайс қабиласига гаровга бериб қўйди. Жуда кўп бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритган бу мақсадсиз уруш шу зайл барҳам топди. Ислом нури тарқала бошлагач, Аллоҳ арабларнинг қалбини дўстлик, биродарликка мойил қилди, ноҳақ қон тўкишлар тўхтади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ