Оминанинг вафотлари

3 йил аввал 2631 siyrat.uz

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшга кирганларида оналари у Зотни Ясриб шаҳрига олиб бордилар. Она-бола бирини ёш бева, бирини туғилмасдан туриб етим ташлаб кетган маҳбублари Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибнинг қабри зиёратига борган эдилар. Уларнинг бири висолига тўймаган эрини, иккинчиси дийдорини кўрмаган падарини зиёрат қилганларидан сўнг яна Макка томон юзландилар. Йўлда, ал-Авбаа номли жойга етганларида, Омина ҳам вафот топдилар. Онасининг қорнидаги ҳолида отасидан ажраган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшда оналаридан ҳам ажраб тўла етим бўлиб қолдилар. Дунё тарихида ҳали йигирма ёшга етмаган эр-хотиндан бола етим қолиши ҳодисаси кўрилмаган бўлса керак. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг келажак Пайғамбар камолоти учун кўрган ҳикматли чораси бўлса ажаб эрмас. Ғурбатда онадан ажраб қолган болани ходима Умму Айман ал-Ҳабашия Маккага олиб келиб бобоси Абдулмуттолибга топширди. Қурайшнинг шайхи Абдулмуттолиб ўзининг етим қолган набирасига ўта меҳрибон эди. У Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни доимо ўзи билан олиб юрар, Каъбанинг соясида ўз тўшагига ўтқазиб қўяр эди. Шу тариқа икки йил ўтди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ёшга тўлдилар. Энди эс таниб бирор нарсани ўрганиш пайти келганда Абдулмуттолиб ҳам вафот этиб қолди. Етимлик дарди яна янгиланди. Аммо уламоларимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етимликда ўсишларига Аллоҳ таолонинг ҳикмати деб қарайдилар. Агар у Зот етим ҳолда ўсмаганларида пайғамбарлик келганида душманлар, ота-онасидан ёки бобосидан ўрганиб олган нарсаларни айтиб, мен пайғамбарман, демоқда дейишлари мумкин эди. Етим ўсган кишини олиймақом таълимотларни келтириши эса ўша таълимотлар Аллоҳ таолодан эканига далолат бўлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ