Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон (8)

4 йил аввал 1685 siyrat.uz

   Пайғамбар алайҳиссалом кўксиларининг ёрилишдаги ҳикматлар ва фойдалар.Давоми ......5. Суҳайлий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари олтин жомда ювилди. Айни олтин хосланганининг сабаби шуки, олтиндан қасд қилинган маънога муносиб бўлиши учундир. Араб тилида«ذَهَبٌ» – «Заҳабун» лафзи «олтин» маъносини билдиради. Агар сиз «ذَهَبٌ» – «Заҳабун»лафзига қарасангиз, у араб тилидаги «кетказиш», «кетиш» маъносини англатадиган «ذَهَابٌ» – «Заҳобун» ўзагидан келиб чиққанлигини кўрасиз. Шундан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бу олтин жом билан Пайғамбар алайҳиссаломдан ёмон нарсаларни кетказишни ҳамда ул Зотни том маънода поклашни истади. Ҳақиқатдан ҳам сиз воқеъликда олтиннинг моҳиятига, унинг сифатларига қарасангиз, уни барча нарсаларнинг ичида энг тоза ва энг мусаффо ҳолатда топасиз».6. Ибн Абу Жамра раҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар алайҳиссалом қалби Жаннат суви билан ювилмади, сабаби замзам сувининг асли келиб чиқиши жаннатдан бўлганлигидир. Кейинчалик ерда қарор топган. Айни ерда қолганлиги билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракалари ҳам ерда қолиши ирода қилинган». Бошқа бир олим айтади: «Аслида, замзам суви Исмоил алайҳиссаломга ато қилинган эди. Ул Зот замзам суви ила тарбияланган эдилар. Қалблари ҳам, таналари ҳам замзам суви ила ўсган эди. Исмоил алайҳиссалом замзам суви ва муборак қадамжонинг соҳиби бўлганлари учун ҳам кейинчалик бу нарсаларга эгалик қилишга ул Зотнинг авлодларидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муносиб деб топилдилар. Шунингдек, Расулуллоҳнинг кўксилари замзам суви ила ювилишида Исмоил алайҳиссаломдан кейин бу нарсаларга эгалик қилишга фақат Расулуллоҳ хосланганларига ишора бордир. Чунки фатҳ бўлгандан кейин бу нарсаларга мутлақ эгадорлик қилиш Расулуллоҳнинг қўлларига ўтган. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларни суғориш иши – «сиқоя»ни Аббос розияллоҳу анҳу ва у кишининг авлодларига топширганлар. Байтуллоҳ устини қоплаш иши – «ҳижобатул байт»ни эса Усмон ибн Абу Шайба ва у кишининг қиёматгача бўладиган авлодларига топширганлар». 7. Шифо манбайи ҳисобланган, ифлос, нопок, кир-чир нарсалар тўпланадиган ернинг турли моддалари билан ифлосланмаган қор ва дўл суви билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларининг ювилишида замоннинг Пайғамбар алайҳиссалом ва У кишининг умматлари учун беғубор бўлиши ҳамда пок шариат ва суннатлари ила ярқирашига ишора бордир. Шунингдек, ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душманлар устидан ғолиб бўлиб зафар қучишлари ила баҳридиллари очилишига ва Аллоҳ таоло умматларининг гуноҳларини мағрифат қилиши ва хато-камчиликларини кечиб юбориши билан қалблари ҳотиржам бўлишига ишора бордир. Ибн Даҳийя раҳимаҳуллоҳ айтади: «Албатта, ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари қор ила ювилди, бунинг боиси қалбларига ёғиладиган қатъий ишонч, чуқур эътиқодни ҳис қилишлари учундир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир билан қироат орасида: «Эй Аллоҳим, менинг хатоларимни қор ва дўл ёмғири ила ювгин», деб дуо қилардилар. Аллоҳ таоло ул Зотнинг қалбларини ичи иймон ва ҳикматга тўла олтин жомда жаннатдан тушган сув ила ювган эди. Тоинки Расулуллоҳ жаннатнинг ҳушбўй уфуридан баҳраманд бўлсинлар, унинг завқини туйсинлар, кейин бунинг натижаси ўлароқ дунёдаги энг зоҳид инсон, башариятни жаннатга даъват этишга энг ҳарисманд киши бўлсинлар. Шу билан бир қаторда, у Зотнинг шону шарафларига қарши ҳар қандай гапларни тўқиб чиқарадиган душманлари бор эди. Аллоҳ таоло ул Зотдан ҳафа бўлиш, сиқилиш ва душманларнинг ҳар қандай гапларига аччиқланиш каби инсоният табиатини йўқ қилишни истади. Пайғамбар алайҳиссалом бағрикенг, танглик, ҳафалик тушунчаларидан йироқ бўлсин, деб қалбларини ювди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Шaксиз, биз улaрнинг (сизни мaсxaрa қилиб) aйтaётгaн сўзлaридaн дилингиз сиқилишини билурмиз». (Ҳижр: 97) Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ул Зотнинг қалбларини бир неча бор ювиб мусаффо қилди. Бунинг натижасида қалблари шундай ҳолатда бўлдики, бирор киши у Зотни урса ёки Уҳуд куни бўлган ҳолатдек, бошлари ёрилиб, тишлари синса-да:«Эй Аллоҳим, қавмимни мағфират айла, чунки улар нима қилаётганларини билмаяптилар», деб дуо қилардилар. 8. «Ҳикмат» сўзининг маъно-мазмуни борасида олимлар турли хил фикр билдиришган. Баъзилар: «Ҳикмат, бу − Аллоҳ таолони маърифати , шу билан бирга, ақлу заковатли, фаросатли бўлиш, нафсни тарбиялаш, ҳақни унга амал қилиш учун рўёбга чиқариш ва унинг зиддига иш қилишдан тийилишни қамраб олган илм демакдир». Имом Нававий айтади: «Ҳикмат, бу − биз учун мусаффо бўлган кўплаб сўзлардир». (У кишининг гаплари тугади). Гоҳида ҳикмат деб Қуръонга ишлатилади. Чунки Қуръон барча ҳикматни ўз ичига олган китобдир. Баъзан пайғамбарликка ҳам ишлатилади. Гоҳида эса фақат илмга нисбатан ёки фақат маърифатга нисбатан қўлланилади. Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар: «Бу борада айтилган таърифларнинг энг саҳиҳи (ишончлироғи, тўғрироғи) қуйидагилардир: «У бир нарсани ўз ўрнига қўймоқдир» ёки «Аллоҳ таолонинг китобини тушунишдир». Иккинчи таърифга кўра, гоҳида инсонда ҳикмат топилиб, иймон бўлмаслиги мумкин. Гоҳида эса ҳикмат ҳам бўлмайди. Лекин биринчи таърифга кўра, ҳикмат билан иймон бир-бирисиз бўлмайди. Чунки иймонга (яъни кишининг мўминлигига) ҳикмат (яъни оғзидан чиқадиган ҳикматли сўзлар) далолат қилиб туради». Муҳим фойда! Ҳабиб, имом, орифумбиллоҳ, саййид Али Ҳабаший Пайғамбар алайҳиссалом кўксиларининг ёрилиши ва ундан шайтоннинг насибаси олиб ташланган ҳодисаси ҳақида шундай деган эди: «Фаришталар ул Зотнинг қалбларидан зарарли нарсани олиб ташламадилар, балки бу билан ул Зотда поклик устига покликни зиёда қилдилар. (Бу гаплар хабарлар ва асарларда ҳам зикр қилинган). Китоб муаллифи Муҳаммад ибн Алавий айтади: «Менинг қалбимга (кўкс ёрилиши воқеаси ҳақида) бошқа бир маъно келди. У ҳам бўлса, албатта, Саййидимиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг қалблари раҳматга тўла эди. Аниқроғи, раҳмат манбайи ва унинг асли эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилганидек: «(Эй Муҳaммaд,) биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз». (Анбиё: 107). Бу раҳмат ҳам шомил ҳам комил раҳматдир. Чунки у раҳмат Аллоҳ таолонинг барча нарсани қамраб олувчи раҳмати эди. Лекин Аллоҳ таоло саноқли кишиларни – шайтонни, унинг гумашталарию дўсту ёрларини ҳамда тақдирига бадбахтлик битилганларни ўз раҳматидан чиқариб ташлади. Шундай экан, улар учун кенг қамровли раҳматдан бирон бир насиба йўқдир. Шу эътибордан (Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўксиларининг ёрилиши ва ундан шайтоннинг насибаси олиб ташланганлик воқеасининг) маъносини қуйидагича тушунсак бўлади: Фаришталар бу муборак қалбдан Расулуллоҳ раҳматларидан бўлган шайтоннинг насибасини чиқариб ташлашган. Шунинг учун ҳам шайтонга бу кенг қамровли раҳматдан бирон бир насиба йўқдир». Валлоҳу аълам.
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил»(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ