Пайғамбар алайҳиссалом ҳидларининг хушбўйлиги

3 йил аввал 2410 siyrat.uz

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ нарсани: анбарни ҳам, мушкни ҳам ва бошқа нарсани ҳидлаган эмасман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра юмшоқроқ нарсани: дебожни ҳам, ипакни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ушлаган эмасман». Тўртовлари ривоят қилган. Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидлари дунёдаги барча нарсадан хушбўй бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юмшоқликлари дунёдаги барча нарсадан юмшоқ бўлган.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаво исиган пайтда Батҳога чиқдилар ва таҳорат қилиб намоз ўқидилар. Сўнгра одамлар туриб у Зотнинг қўлларини ушлаб юзларига сурта бошладилар. Мен ҳам у Зотнинг қўлларини тутиб юзимга босдим. Қўллари муздан ҳам совуқ ва ҳидлари мискдан хушбўй эди». Бухорий ривоят қилган. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан пешин намозини ўқидим. Сўнгра у Зот ўз аҳлларига чиқдилар. Мен ҳам бирга чиқдим. У Зотни болачалар қаршилаб чиқдилар. Бас, у Зот бирма-бир уларнинг юзларини силай бошладилар. Менинг ҳам юзимни силадилар. Қўлларида совуқликни ва атторнинг халтасидан чиққан қўлда бўладиган хушбўйликни топдим». Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига кириб кундузги уйқуга ётдилар. У Зот терлай бошладилар. Шунда онам бир идиш олиб келиб терни қўли билан сидириб унга тўплай бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб: «Эй Умму Сулайм, нима қилмоқдасан?» дедилар. «Бу сизнинг терингиз. Биз уни ўз хушбўйимизга қўшамиз. У энг яхши хушбўйдир», деди». Иккисини Муслим ривоят қилган.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ