Нубувват муҳри

1 ўн йил аввал 4050 siyrat.uz

Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Холам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб: «Эй Аллоҳнинг Расули,  синглимнинг ўғлининг дарди бор», деди. Бас, у Зот менинг бошимни силадилар ва менга барака тилаб дуо қилдилар. Сўнгра у Зот таҳорат қилдилар. Мен у Зотнинг таҳорат сувларидан ичдим. Кейин орқа томонларига ўтиб, икки кураклари орасидаги, худди қора уйнинг тугмаларига ўхшаш муҳрларига назар солдим». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқа томонларида кабутарнинг тухумидек муҳрни кўрдим». Муслим ва Термизий ривоят қилган. Термизийнинг лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки кураклари орасидаги муҳр—кабутар тухумига ўхшаш қизил ўсимта эди», дейилган. Осимдан, у Абдуллоҳ ибн Саржисдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим ва у Зот билан бирга нон ва гўшт ёки сарийд едим». Осим: «Мен унга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга истиғфор айтдиларми?» дедим. «Ҳа. Сенга ҳам», деди ва «Гуноҳинг учун ва мўминлару мўминалар учун истиғфор айт» оятини тиловат қилди-да, сўнгра айланиб ортларига ўтдим. Кейин чап кураклари юқорисидаги муштдек нубувват муҳриларига назар солдим. Унинг устида қизил тошмалар бор эди», деди. Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Ушбу ривоятларда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалги самовий китобларда зикри келган пайғамбарлик аломатларидан бири– нубувват муҳрилари ҳақида ҳар ким ўз кўрганини ривоят қилмоқда. Арабчада «хотимин нубуввати» дейиладиган бу аломат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чап куракларининг устки қисмидаги кабутар тухумидек келадиган ўсимта эди. Унинг устида баданга тошадиган қизил рангдаги тошма бор эди. Кўпчилик, хусусан, аввалги самовий китоблардаги охирзамон пайғамбари ҳақидаги маълумотлардан хабардор кишилар у Зотнинг нубувват муҳриларини кўриб иймонга келишган.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ