Ваҳий, нубувват ва рисолат ҳақида

1 ўн йил аввал 3528 siyrat.uz

Аллоҳ таоло: «Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (Ҳидоят қилурсан). Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур», деган. Шарҳ: «Ат-тожул жомеъ» китоби муаллифлари шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи ваҳий, нубувват ва рисолат ҳақида қуръоний маълумот бермоқ ниятида Шуро сурасидаги ушбу икки оятни келтирадилар. Аслида улардан олдинги бир оятни ҳам олганларида яна ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунинг учун биз ўша қолган аввалги оятдан бошлаб ўрганишга киришамиз. Шояд, ушбу масала бўйича батафсилроқ маълумот олсак. «Аллоҳ башар билан гаплашмоғи бўлмаган, магар ваҳий орқали, ёки парда ортидан, ёхуд элчи юборади-ю, у (Аллоҳ)нинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур. Албатта, У Зот ўта олий ва ўта ҳикматлидир». Инсон зоти учун Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашиш муяссар бўладиган нарса эмас. Аллоҳ таоло билан башар орасидаги алоқа бавосита бўлур. Воситанинг бир тарафида инсонлар орасидан танлаб олинган энг етук зотлар, пайғамбар алайҳиссаломлар турур. Яъни ўша воситали гаплашишга ҳам ҳар бир инсон қодир эмас. Шунингдек, одамлар орасидан танлаб олинган пайғамбарлар ҳам баробар эмаслар, худди осмондаги нур сочиб турган юлдузлар ҳажм ва нур жиҳатидан хилма-хил бўлганларидек, улар ҳам хилма-хилдирлар. «Аллоҳ башар билан гаплашмоғи бўлмаган». Аллоҳ таоло инсон зоти билан бевосита гаплашиши бўлмаган ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки ожиз инсон бу мақомга чидай олмайди. Демак, Аллоҳнинг каломини ваҳий орқали қабул қилиб олишга ҳар бир одам ҳам қодир эмас. Фақат танланган, етук ва маълум сифатларга эга кишиларгина бунга лойиқдирлар. Уларни − ҳамма нарсани Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаб олади. Аллоҳ таоло Ўзи танлаб пайғамбар қилган бандаларига Ўз Каломини қуйидаги уч воситанинг бири ила етказади: 1. «Магар ваҳий орқали». Ваҳий Аллоҳ томонидан бандага бирор хабарнинг махфий ва тез етказилишидир. Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбига бирор хабарни етказади, пайғамбар эса унинг Аллоҳ таолодан эканлигини дарҳол билади. 2. «ёки парда ортидан». Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўзи кўринмай туриб гапиргани каби. 3. «ёхуд элчи юборади-ю, Унинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур». Бунда Аллоҳ таоло Ўзи билан пайғамбари орасида воситачи-элчи қилиб фариштани юборади. Фаришта келиб Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани пайғамбарга етказади. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тажрибаларида ушбу фаришта воситасида бўладиган учинчи тур ваҳий тўрт хил келган: Биринчи хили. Фаришта келиб ўзи кўринмаган ҳолда керакли хабарни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига етказар эди. Бунга мисол қилиб уламоларимиз қуйидаги ҳадиси шарифни келтирадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муқаддас руҳ (фаришта) менинг қалбимга етказдики, албатта, ҳеч бир жон ўз ризқини мукаммал олмай туриб ўлмас. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва талаби ризқни гўзал қилинглар», дедилар. Иккинчи хили. Фаришта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эркак киши шаклида кўриниб гаплашар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гапларини ўзларига сингдириб олганларидан кейин қайтиб кетар эди. Фариштанинг Диҳятул Калбий исмли саҳобийга ўхшаб келгани ҳақида ривоятлар кўп. Учинчи хили. Қўнғироқ чалинганидек овоз билан келарди. Худди мана шу хили Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун қийин кечар эди. Ана ўшанда қаттиқ совуқ кунларида ҳам у Зот терлаб кетар эдилар, улов минган бўлсалар, улов чўккалаб қолар эди. Бир марта у Зотнинг тиззалари Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг тиззаларига тегиб турганда ваҳий келиб қолиб, Зайд розияллоҳу анҳунинг тиззалари ёрилиб кетай деган. Тўртинчи хили. Фаришта пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ўзининг асл яратилган суратида келар эди. Бу ҳолат икки марта такрор бўлган. Ўша марталарда Жаброил алайҳиссалом қанотлари билан осмони фалакни тўсган ҳолларида кўриниб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хабарни етказганлар. Кўриниб турибдики, бу ҳаммага ҳам муяссар бўлаверадиган нарса эмас. Бунинг учун Аллоҳнинг ихтиёри ва иноятига, фазлу карамига сазовор бўлган инсон керак. Бунинг учун Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам керак. Бунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк қалби керак! Аллоҳ таоло Ўз каломини ким орқали, кимга юборишини жуда яхши билади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал пайғамбарлиги учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танлади. Аллоҳнинг танлови тўғридир. «У Зот ўта Олий ва ўта ҳикматлидир». Шунинг учун ҳам У Зотнинг бу танлови олий мақом ва пурҳикмат бўлди. Аллоҳ таоло кейинги оятларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хитоб қилиб, у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий қандоқ ва нима учун юборилганини яна бир бор баён қилади. «Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак, ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан». Яъни Эй Муҳаммад, Биз сендан олдин ҳам пайғамбарларга юқорида баён қилганимиздек услублар ила ваҳий қилиб келганмиз. «Ана шунга ўхшаш, Биз сенга ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик». Яъни аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек Биз сенга Ўз ихтиёримиз ва амримиз ила инсониятга маънавий руҳ қилиб Қуръонни туширдик. Аллоҳ таоло бу ояти каримада Қуръони каримни, Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий орқали юборган сўнгги китобини, руҳ-жон, деб атамоқда. Дарҳақиқат, Қуръони карим инсоният учун маънавий руҳдир. Фақат Қуръони каримгина инсоният учун маънавий руҳдир. Фақат у билангина инсоният маънавий жиҳатдан тирик бўла олади. Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Уни Аллоҳ таолонинг Ўзи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилгандир. Кофир ва мушриклар даъво қилаётгандек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўзлари тўқиб олган эмаслар. Бунинг бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Чунки ваҳий келмасдан олдин: «Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг». Ўқиш, ёзишни ўрганмаган уммий эдинг. Дин нима, диёнат нима, ваҳий нима, илоҳий китоб нима билмас ҳам эдинг. Агар буларни билганингда, ўқиб-ўрганганларидан таъсирланиб, ўзига дин тўқиб олди, энди китоб нозил бўлди, деб даъво қилмоқда десалар бўлар эди. «Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак, ҳидоят қилурмиз». Қуръонни сен тўқиганинг йўқ. Уни Биз Ўзимиз бир нур қилиб қўйдик. Ўша нур ила бандаларимиздан кимни хоҳласак, жоҳилият зулумотларидан иймон ёруғлигига чиқарамиз. Ушбу китобга амал қилиб, «Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан». «Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан). Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур». Яъни Эй Муҳаммад, сен одамларни ҳидоят қиладиган тўғри йўл осмонлару ердаги барча нарсаларнинг молики бўлмиш Аллоҳ таолонинг йўлидир. Сен Аллоҳнинг китоби ваҳийлари ила Аллоҳнинг бандаларини Аллоҳнинг тўғри йўлига ҳидоят қилурсан. «Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур». Шунингдек, Аллоҳ Нисо сурасида қуйидагиларни айтади: «Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонларга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик». Демак, ҳамма пайғамбарларга ваҳий юбораётган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган Зот битта. Мазкур пайғамбарларга ваҳий юборган ўша Зот Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам ваҳий юборган. Мазкур кишиларни пайғамбар қилиб танлаб олган Зот Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам пайғамбар қилиб танлаб олган. Довуд алайҳиссаломга Забурни берган бўлса, Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни берган.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ