Ҳабашистон ҳижрати

1 ўн йил аввал 2309 siyrat.uz

Мусулмонлар қанчалик сабр қилсалар, мушриклар уларга бўлган тазйиқни шунчалик орттириб боравердилар. Бора-бора ҳимоячиси бўлмаган, заифҳол мусулмонларнинг дину диёнатлари, соғлигу ҳаётлари аниқ таҳдид остида қолди. Ана шундоқ оғир бир ҳолатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур саҳобаларга: «Агар Ҳабашистон ерига чиқсангиз, яхши бўларди. У ерда бир подшоҳ борки, унинг олдида бировга зулм қилинмас. У ер садоқат еридир. Аллоҳ ҳозирги ҳолатни енгиллаштириб қолса, ажаб эмас», дедилар. Шунда бир гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистон ерига ҳижратга отландилар. Ушбу ҳижрат Исломдаги биринчи ҳижрат эди. Биринчи муҳожирлар ўн тўрт киши бўлиб, уларнинг ўнтаси эркаклар, тўрттаси аёллар эдилар. Уларнинг ичида Усмон ибн Аффон ва у кишининг аёллари −  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам бор эди. Мазкур муҳожирларга Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу амир эдилар. Кейинчалик Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу раҳбарлигида яна бир гуруҳ саҳобалар Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Шундоқ қилиб, у ердаги муҳожир мусулмонларнинг адади саксон уч кишига етди. Муҳожирлар ҳижратлари туфайли Аллоҳ таолонинг марҳаматларига эришдилар. Улар хавф-хатардан кейин тинчлик-омонликка, тазйиқдан кейин ҳурриятга, машаққатдан кейин енгилликка, очлик, ночорликдан кейин тўқлик, фаровонликка эришдилар. Ҳижратнинг бундан бошқа фойдалари ҳам кўп эди. Жумладан, муҳожирлар жўнаб кетганларидан кейин Пайғамбар алайҳиссалом уларга боғлиқ ғам-ташвишлардан холи бўлдилар. Шунингдек, аввал ҳамма нарсадан маҳрум бўлган муҳожирлар ўзлари ҳижрат қилиб борган ўлкада Исломга даъват қила бошладилар. Мусулмонлар эришган бу ҳолат уларнинг ашаддий душманлари бўлмиш Қурайш кофирларини бефарқ қолдириши мумкин эмас эди. Қурайшликларга муҳожирларнинг хабари етиб бориши билан қарши чора кўра бошладилар. Улар муҳожирларнинг ўзларига топширилишини талаб қилиб Ҳабашистонга ўз элчиларини юборишга қарор қилдилар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ