Ҳабашистонлик гуруҳнинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиши

1 ўн йил аввал 2357 siyrat.uz

Муҳаммад ибн Исҳоқнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ҳақидаги китобида қуйидагилар келтирилади: «Сўнгра Маккада турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йигирматача насоролар келишди. У кишининг хабарларини Ҳабашистондан эшитишган эди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидда топишди. У киши билан ўтириб гаплашишди. Савол беришди. Қурайш одамлари эса Каъба атрофида ўз суҳбатхоналарида эдилар. У насоролар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хоҳлаган нарсаларини сўраб бўлганларидан кейин у Зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар, уларга Қуръон тиловат қилиб бердилар. Улар Қуръон тинглаганларида кўзларидан дув-дув ёш тўкдилар. Сўнгра Аллоҳнинг даъватига истижобат этиб, унга иймон келтириб, тасдиқ қилдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда ўз китобларида васф қилинган сифатларни кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан қайтиб кетаётганларида бир гуруҳ қурайшликлар билан Абу Жаҳл ибн Ҳишом уларнинг йўлларини тўсиб чиқиб: «Аллоҳ додингларни берсин! Ўз динингиз аҳли сизни бу томон юборса, энди уларга бу одамнинг хабарини олиб борасизларми?! Унинг олдида озгина ўтириб динингизни тарк этиб, уни тасдиқладингизми?! Сиздан кўра аҳмоқроқ гуруҳ кўрмаган эдик!» дедилар. Шунда улар қурайшликларга: «Сизга саломлар бўлсин. Биз сизларга ўхшаб жоҳиллик қилмаймиз. Бизга ўзимиз, сизга ўзингиз ихтиёр қилган нарса бўлсин. Биз ўзимизга яхшилик топа олмай қилганимиз йўқ», дедилар». Илгари китоб берилганларнинг бу шаклда иймон келтирганликлари Қуръоннинг ҳақ китоб эканига яна бир далилдир. Улар Қуръон ўқилса, ўзларини мушрикларга ўхшаб тутмайдилар, балки тамоман бошқача тутадилар. Ўша ҳодисадан кейин Аллоҳ таоло қуйидаги оятларини нозил қилди: «У(Қуръон)дан олдин китоб берилганлар унга иймон келтирурлар. Уларга тиловат қилинган чоқда: «Биз унга иймон келтирдик. Албатта, у Роббимиздан келган ҳақдир. Албатта, биз бундан олдин ҳам мусулмон эдик», дедилар. Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ажрлари икки марта берилган. Улар яхшилик ила ёмонликни дафъ қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар. Қачонки беҳуда нарса эшитсалар, ундан юз ўгириб: «Бизга ўз амалларимиз, сизга ўз амалларингиз, омон бўлинглар, биз жоҳилларни истамасмиз», дерлар». Кейинчалик Нажошийнинг ўзи ҳам иймон келтириб мусулмон бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан муҳожирлик ҳолидаги муслималардан бирларига совчилик қилди. У вафот этганида Жибрил алайҳиссалом хабар келтириб, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ғойибона жаноза намози ўқидилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ