Биринчи Ақаба байъати

7 йил аввал 1283 siyrat.uz

Келаси йили ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди. Яна Ақабада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан байъат олдилар. Ўша байъатнинг иштирокчиси Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар: «Ўн икки киши эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга: «Келинглар! Менга Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаслигингиз, ўғрилик, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўлларингиз ва оёқларингиз орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслигингиз, менга маъруф ишда исён қилмаслигингиз ҳақида байъат қилинглар. Сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасида. Ким ундан бирор нарсани бузиб бу дунёда жазосини олса, ўша унинг учун каффоратдир. Ким ундан бирор нарсани бузса-ю, Аллоҳ уни сатр қилса, унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Хоҳласа, иқоб қилади. Хоҳласа, афв қилади», дедилар». Мазкур мусулмонлар ўз юртларига қайтаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни қўшиб, у кишига одамларга Қуръон ўқитиш, Ислом таълими бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни топширдилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва ясриблик мусулмонлар аҳолини Исломга даъват қилишда жонбозлик кўрсатдилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг тавсиялари бўйича иш олиб борар эдилар. У киши одамларга Қуръон ўқитиш, Ислом таълими бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни ажойиб услуб билан йўлга қўяр эдилар. Гоҳида баъзи одамлар у кишининг олдига ўлдирмоқчи бўлиб қурол кўтариб кирар эди. Аммо Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг ширин муомаласи, қироати ва Ислом ҳақидаги сўзларидан кейин кўнгли эриб, мусулмон бўлиб, у киши нима топшириқ берса, ўшани сўзсиз бажарадиган бўлиб чиқар эди. Ясриб бўйлаб Ислом мисли кўрилмаган тезликда тарқалиб борар эди. У ердаги бош қабилалар: Авс ва Хазражнинг кўплаб одамлари, жумладан, Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳузайр каби ўз қавмининг улуғлари ҳам Исломга кирдилар. Бани Ашҳалнинг ҳаммаси битта ҳам қолмай мусулмон бўдилар. Хуллас, Ясрибда Ислом кирмаган оила қолмади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ