Ҳижрат ҳақида

7 йил аввал 1756 siyrat.uz

Аллоҳ таоло: «Куфр келтирганлар сени ушлаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла. Улар макр қилдилар ва Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «макр» қилгувчиларнинг устасидир», (Анфол, 30) деган. Шарҳ: Қуръон ёки ҳадисда Аллоҳ таолога нисбатан «макр» лафзи ишлатилса, уни бандаларга нисбатан қўлланилгани каби тушунмаслик керак. Кофирлар ўзларича макр қилишга уринадилар, аммо Аллоҳ таоло уларнинг макрини йўққа чиқаради, макрларининг жазосини беради. Ушбу ояти каримадаги хитоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган: «Куфр келтирганлар сени ушлаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла», деб ёдга солинаётган ҳодиса, Маккада бўлиб ўтган. Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Қурайш бир кеча Маккада машварат қилди. Кимдир эрталаб Муҳаммадни ушлаб, боғлаб қўйинглар, деди. Бошқалари эса, йўқ, уни ўлдириш керак, дейишди. Баъзилари, Маккадан чиқариб юборинглар, деди. Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга буни билдирди. Ҳазрати Али Расулуллоҳнинг тўшакларига кириб ётди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Маккадан чиқиб ғоргача етиб олдилар. Мушриклар Али розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб ўйлаб, кечаси билан пойлаб чиқдилар. Эрталаб ёпирилиб кириб, Алини кўрганларида, Аллоҳ уларнинг макрларини ўзларига қайтарди. Улар: «Оғайнинг қани?» деб сўрадилар. Ҳазрати Али: «Билмайман», деди. Улар Расулуллоҳнинг изларидан ахтариб кетдилар. Тоққа етганларида адаштириб юбордилар. Тоғ тепасига чиқиб, ғор ёнидан ўтдилар. Ғорнинг оғзида ўргимчак уясини кўриб: «Агар у бу ерга кирганида, ўргимчак уяси бўлмас эди», деб ўтиб кетдилар. Ўша жойда Расулуллоҳ уч кун қолдилар».

Аллоҳ таоло яна: «Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир», деган. Шарҳ: Эй мўминман деб юрганлар, агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ, Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Уни Маккада кофирлар ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Аллоҳ кофирларнинг ёмон ниятларини унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган. «Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди». Ўшанда Аллоҳ унга ёрдам бермаса, ҳеч ким ёрдам бера олмас эди. Мушриклар орқаларидан етиб келиб қолган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шериклари Абу Бакр Сиддиқ у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмонлик етишидан қўрқиб, агар мушриклардан бирортаси оёғи остига қараса, бизни кўриб қолади, деб титраб турардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса хотиржам эдилар. «...икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди». Пайғамбаргагина хос бўлган хотиржамликдир бу. Чунки у Аллоҳнинг доимо ўзи билан бирга эканини сезиб туради. «Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади». Қуръони каримда ҳижратга тарғиб қилувчи бир қанча оятлар бор. Ана ўша оятлардан бирини ўрганайлик. «Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топадир. Ким уйидан Аллоҳ ва Расулга ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушадир. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли Зотдир». Ушбу оятда ҳижрат қилишга тарғиб бор. Бу улуғ ишга кишиларни маънавий жиҳатдан тайёрлаш, кўнгилларига келиши мумкин бўлган баъзи хаёлларни кўтариш бор. Ҳижрат дину диёнатни деб ватанни тарк этишдир. Кишилар ўзларича, ватандан узоқда бўлган киши хавф-хатарда қолади, ризқ-рўзи қийилади, деган фикрда бўладилар. Демак, улар тинчлик-омонлик ва ризқ-рўзни яшаш жойга боғлиқ, деб тушунадилар. Бу эса мусулмончиликка ҳеч тўғри келмайдиган нотўғри фикрдир. Ана шу нотўғри фикрни кишилар хаёлидан кўтариш учун бу оятда: «Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенглик топадир», дейилмоқда. Аллоҳ таоло ҳеч қачон Ўзининг йўлида ҳижрат қилган бандасини чорасиз ҳолда ташлаб қўймайди. Унга хавф-хатарлардан асрайдиган паноҳгоҳлар ато қилади ва ризқини кенг қилиб қўяди. Кўпгина кишилар ҳижратдан кейин олий даражаларга, кенг ризқларга эришгани тажрибадан маълум. Одамларни ҳижратдан тўсиб турадиган нарсалардан бири ўлимдан қўрқишдир. Аслида эса, аввал ўтган оятларда таъкидланганидек, ўлим жой танламайди. Вақти-соати етганда муҳожир ҳам, муқим ҳам ўлаверади. Аммо у ўлим билан бу ўлимнинг фарқи бор. Муҳожирликда ўлишнинг бахтига нима етсин! «Ким уйидан Аллоҳ ва Расулга ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушадир. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли Зотдир». Бундан ортиқ яна нима керак? Соф ният билан йўлга чиқса бўлди. Муҳожирлар сафидан ўрин олади. Мабодо йўлда ажали етиб ўлиб қолса, муҳожир сифатида ўлади. Шунинг учун фақат Аллоҳнинг йўлида ва Пайғамбарнинг йўлида ҳижратни ният қилиб чиқиш керак. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ишлар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир одамга ният қилгани берилади. Кимнинг ҳижратдан нияти Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Расулига бўлади. Кимнинг ҳижратдан нияти дунё учун бўлса, унга эришади ёки аёл учун бўлса, унга уйланади. Нима учун ҳижрат қилса, ўшанга етишади», деганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Эсимни таниб, ота-онамни билибманки, икковларини Ислом динини дин тутганларини биламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига ҳар куни эртаю кеч келар эдилар. Мусулмонлар балога учраганларида Абу Бакр Ҳабашистон ерига ҳижрат қилмоқчи бўлиб чиқди. У Баркул Ғимодга етганда йўлида Ибн ад-Дуғанна учради. У Қорра қабиласининг улуғи эди. У: «Қаёққа бормоқчисан, эй Абу Бакр?» деди. «Мени қавмим қувиб чиқарди. Ер юзида кезиб юриб Роббимга ибодат қилмоқчиман», деди у. Ибн ад-Дуғанна: «Эй Абу Бакр, сен кабилар чиқмаслар ва чиқарилмаслар. Албатта, сен йўқсилга ато берасан. Силаи раҳм қилурсан. Заифга ёрдам берурсан. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласан. Меҳмонга зиёфат берасан. Фалокатга учраганларга ёрдам берасан. Мен сенинг кафилингман. Ортингга қайтиб, ўз юртингда Роббингга ибодат қилавер», деди. Бас, у қайтди. Ибн ад-Дуғанна ҳам у билан бирга борди. Кечқурун Ибн ад-Дуғанна айланиб Қурайш ашрофлари билан учрашди ва: «Албатта, Абу Бакр кабилар чиқмаслар ва чиқарилмаслар. Йўқсилга ато берадиган, силаи раҳм қиладиган, заифга ёрдам берадиган, одамлар қилмаган яхшиликларни қиладиган, меҳмонга зиёфат берадиган, фалокатга учраганларга ёрдам берадиган бир одамни чиқарасизларми?!» деди. Қурайш Ибн ад-Дуғаннанинг кафиллигини ёлғонга чиқармади. Улар унга: «Абу Бакрга айт, Роббига ўз уйида ибодат қилсин. У ерда хоҳлаганича намоз ўқиб, қироат қилсин. Ўшаниси билан бизга озор бермасин. Ўшанисини ошкор қилмасин. Биз аёлларимиз ва болаларимизни фитнага солишидан хавфсираймиз», дедилар. Ибн ад-Дуғанна у гапларни Абу Бакрга етказди. Абу Бакр шунга биноан, Роббига ўз уйида ибодат қилиб турди. Намозини ошкора қилмади. Уйидан бошқа жойда қироат қилмади. Кейин Абу Бакрга ўз ҳовлисида масжид бино қилиш ёқиб қолди. У ўша ерда намоз ўқиб қироат қиладиган бўлди. Мушрикларнинг аёллари ва болалари унинг олдида тўпланадиган бўлдилар. Улар унга назар солишар ва ажабланишар эдилар. Абу Бакр йиғлоқи одам бўлиб, Қуръон ўқиса кўзларини тута олмас эди. Бу нарса мушриклардан Қурайш ашрофларини ташвишга солди. Улар Ибн ад-Дуғаннага одам юбордилар. У етиб келди. Улар унга: «Биз Абу Бакрга кафил бўлишингга унинг Роббига ўз уйида ибодат қилиши шарти ила рози бўлган эдик. У ҳаддидан ошиб ҳовлиси саҳнига масжид қуриб олди. Намоз ўқишни ва қироат қилишни ошкора қилди. Батаҳқиқ, биз хотинларимиз ва болаларимизни фитнага солишидан қўрқиб қолдик. Сен уни қайтар. Агар Роббига ўз уйидагина ибодат қиладиган бўлса, қилаверсин. Агар бош тортадиган бўлса, кафиллигингни қайтариб беришини сўра. Албатта, биз сенга берилган аҳдни бузишни ёқтирмадик. Абу Бакрнинг ошкоралигига иқрор эмасмиз», дедилар. Ибн ад-Дуғанна Абу Бакрнинг олдига бориб: «Сен учун келишган аҳдимни ўзинг биласан. Ёки ўшанга амал қил, ёки аҳдимни ўзимга қайтар. Араблар менинг бир одамга аҳд бериб туриб, аҳдим бузилгани ҳақида эшитишини истамайман», деди. «Мен сенинг кафиллигингни ўзингга қайтариб бераман ва Аллоҳ азза ва жалланинг кафиллигига рози бўламан», деди Абу Бакр унга. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунлари Маккада эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга: «Менга ҳижрат диёрингиз кўрсатилди. У хурмозор экан. Икки ҳарра (қора тошли майдон) орасида экан», дедилар. Бас, ким хоҳласа Мадина томон ҳижрат қилди. Ҳабашистонга ҳижрат қилганлардан кўплари Мадинага қайтиб келдилар. Абу Бакр ҳам Мадина томон тайёргарлик кўрди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен шошилма. Мен ўзимга ҳам изн берилишининг умидидаман», дедилар. Абу Бакр: «Ота-онам сизга фидо бўлсин. Шундоқ умид қилурмисиз?!» деди. «Ҳа», дедилар у Зот. Бас, Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамроҳ бўлиш учун ўзини тутиб турди. Тўрт ойгача ўз ҳузуридаги икки уловни Самарнинг тўкилган барги ила парвариш қилди». Шарҳ: «Баркул Ғимод»—Яман томонга денгиз бўйлаб юрганда беш кунлик йўлда жойлашган диёр. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тушимда Маккадан хурмоли ерга ҳижрат қилганимни кўрдим. Хаёлим Ямома ёки Ҳажарга кетди. Қарасам, у Ясриб шаҳри экан», дедилар», Иккисини Бухорий ривоят қилган. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Бир куни ҳаво роса қизиган пайтда Абу Бакрнинг уйида ўтирган эдик. Биров Абу Бакрга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини тўсган ҳолларида келмоқдалар», деб қолди. Одатда бундоқ вақтда у Зот бизникига келмас эдилар. Абу Бакр: «Ота-онам у Зотга фидо бўлсин. Аллоҳга қасамки, у Зотни бу соатда муҳим иш олиб келган бўлса керак», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб изн сўрадилар. У Зотга изн берилди. У Зот кирдилар ва Абу Бакрга: «Олдингдагиларни ташқарига чиқар», дедилар. «Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули. Булар ўз аҳлингиз, холос», деди. «Менга чиқиш учун изн берилди», дедилар. «Ҳамроҳликми? Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Бакр. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Абу Бакр: «Эй Аллоҳнинг Расули, анави икки уловимдан бирини олинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз баҳосига», дедилар. Оиша айтади: «Икковларини чиройли қилиб жиҳозладик. Бир қўйни қовуриб мешга жойладик. Опам Асма белбоғидан йиртиб мешнинг оғзини боғлади. Шунинг учун у «Зотуннитоқ» — «белбоғ эгаси» деб номланган. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Савр тоғидаги бир ғорга етиб бордилар. Унинг ичида уч кеча беркиниб ётдилар. Икковларининг олдиларида Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ҳам тунни бирга ўтказар эди. У ёш, сезгир ва ўткир зеҳнли эди. У икковларининг олдиларидан тонг қоронғусида чиқиб, тонгни Қурайшнинг ҳузурида, Маккада худди ўша ерда тунагандек отдирар эди. У икковлари ҳақида қилинган ҳар бир гапни яхшилаб эшитиб олиб, зулмат тушиши билан олдиларига келиб унинг хабарини етказар эди. Абу Бакрнинг мавлоси Омир ибн Фуҳайра бўлса, уларнинг устида қўй боқар эди. Хуфтон вақтидан бир оз ўтганидан кейин у қўйларни икковлари устида роҳатлантирарди. Икковлари тузуккина таом: офтобда иситилган идишдаги қўйларининг сутига, Омир тонг қоронғусида у(қўй)ларни қичқириб ҳайдагунча эга бўлар эдилар. У бу ишни мазкур уч кечанинг ҳар бирида қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр бани Дайлдан бир моҳир кишини ижарага йўл бошловчи қилиб олдилар. У Осс ибн Воил ас-Саҳмийнинг аҳли ила аҳднома учун қўл ботирган эди. У Қурайш кофирлари динида эди. Икковлари унга ишонишди. Уловларини унга бериб, уч кечадан сўнг ғор оғзида учрашишга келишишди. У учинчи кечанинг тонгида уловларни олиб икковлари олдиларига келди. Икковлари билан Омир ибн Фуҳайра ҳам юриб кетди. Йўл бошловчи пастқам йўлларни танлади». Шарҳ: Йўл бошловчининг исми Абдуллоҳ ибн Урайқит эди. Ўша вақтда аҳдлашганда қўлини қонгами ёки бошқа бир рангли нарсагами ботириб туриб аҳдлашилар эди. Матндаги «аҳднома учун қўл ботирган эди», дейилган жумлада ўша маъно кўзда тутилган. Суроқа ибн Молик ибн Жўъшам ал-Мудлажий айтади: «Бизга Қурайш кофирларининг элчилари келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакрни ким ўлдирса ёки асирга олса, икковларининг диясича мукофот борлигини айтдилар. Мен ўз қавмим бани Мудлиж билан бир мажлисда ўтирган эдим. Бирдан улардан бир киши илгарилаб келиб қолди. Бошимиз устига келиб тўхтади. Биз ўтирибмиз. Бас, у: «Эй Суроқа, мен ҳозиргина соҳилда одамларнинг қорасини кўрдим. Менимча, Муҳаммад ва унинг ҳамроҳлари бўлса керак», деди. Суроқа айтади: «Мен дарҳол ўшалар улар эканлигини англадим. Лекин улар бўлмаса керак, сен фалончи ва фалончиларни кўрган бўлсанг керак. Ҳозиргина кўз олдимизда ўтиб кетишувди», дедим. Сўнгра мажлисда бир муддат ўтирдим. Кейин ўрнимдан турдим, уйга кирдим. Жориямга отни олиб чиқиб ушлаб туришни амр қилдим. У тепалик ортида эди. Найзамни олиб уни пастлатиб, ерга судраб уйнинг орқа томонидан чиқдим. Отимнинг олдига келиб, уни миниб, учириб кетдим. У оёқларини тенг ташлаб чопиб мени уларга яқинлаштирди. Шунда отим қоқилиб, мен қулаб тушдим. Ўрнимдан туриб ўқдонимдан фол очиш чўпларини олдим. Уларга зарар етказаманми-йўқми, деб фол очдим. Менга ёқмаган нарса чиқди. Фол очиш чўпларига исён қилдим-да, отимни миндим. У мени уларга яқинлаштирди. Ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларини эшитдим. У Зот атрофга қарамас эдилар. Абу Бакр тез-тез атрофга қарар эди. Бирдан отимнинг олдинги оёқлари тиззасигача ерга ботиб кетди. Мен унинг устидан қулаб тушдим. Сўнгра отни қистадим. У ўрнидан турди. Олдинги оёғини чиқара олмай, чираниб зўрға чиқарди. У ўзини тиклаши билан олдинги оёқлари ўрнидан тутунга ўхшаш чанг отилиб чиқди. Фол чўплари ила фол очдим. Менга ёқмаган нарса чиқди. Мен уларга омонлик сўраб нидо қилдим. Улар тўхтадилар. Отимни миниб олдиларига бордим. Мен улардан тўсилганимни ўйлаб кўнглимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари тезда зоҳир бўлиши ўтди. Бас, у Зотга: «Албатта, қавмингиз сиз учун дия миқдорида мукофот эълон қилдилар», дедим. Кейин одамлар уларга қарши нима қилмоқчи эканлари ҳақида хабар бердим. Уларга зод ва матоъ бермоқчи бўлдим. Улар мендан ҳеч нарса олмадилар. Улар мендан ҳеч нарса сўрамадилар ҳам. Фақат биз ҳақимиздаги гап махфий қолсин, дедилар. Мен у Зотдан омонлик китоби ёзиб беришларини сўрадим. У Зот Омир ибн Фуҳайрага амр қилдилар. У бир парча терига ёзди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар». Шарҳ: Оддий инсоний ўлчов билан қаралганда ўзидан кўп марта кучли душмандан қочиб кетаётган киши бировга омонлик хати ёзиб, менинг ишим юришганда сенга омонлик бераман дейиши мумкин эмас. Аммо Аллоҳ таоло юборган ҳақ пайғамбар учун бу оддий иш. У Зот ўзларининг иши, албатта, ғолиб келишини биладилар. Шунинг учун бемалол Суроқага омонлик хати бердилар. Суроқа ўша хатни яхшилаб сақлаб юрди. Макка фатҳ қилиниб, Ҳунайн ва Тоиф ҳодисаларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам музаффар бўлганларида уни кўтариб келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб хатни боши устига кўтарди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу менга берган хатингиз! Мен Суроқа ибн Моликман!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кун вафо кунидир!» дедилар. Имом Ибн Абдул Барр «Ал-Истийъоб фии тамйизи ал-асҳоб» китобида қуйидаги қўшимчани ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Суроқага Кисронинг кўйлакларини кийишингга нима дейсан?» дедилар. Шундоқ бўлди ҳам. Умар ибн Хаттобга Кисронинг кўйлаклари, камари ва тожи келтирилганда Суроқани чақирди ва уларни унга берди». Суроқа ортда қолганидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамроҳлари билан ҳижрат сафарини давом эттирдилар. Улар йўлда чодири атрофида уй ишлари билан машғул бўлиб юрган Умму Маъбад ал-Хузоъияга йўлиқдилар. Унинг қарилиги ва касаллиги туфайли подадан ажраб қолган совлиғи бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн сўраб ҳалиги совлиқнинг елинини ушлаб туриб «бисмиллаҳ»ни айтдилар ва дуо қилдилар. Бирдан елин сутга тўлди. У Зот сутдан Умму Маъбадга ҳам, ўз ҳамроҳларига ҳам бердилар. Ҳамма сутга тўйди. Сўнгра ўзлари ҳам ичдилар. Кейин идишларни ҳам сутга тўлдирдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусофирлар йўлларида давом этдилар. Абу Маъбад келиб, Умму Маъбаддан қиссани сўради. Умму Маъбад: «Аллоҳга қасамки, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Фақат бир муборак одам ўтди, холос», деб у Зотни гўзал сифат ила васф қилди. Абу Маъбад: «Аллоҳга қасамки, менимча, бу Қурайш қидириб юрган одам бўлса керак», деди. Ибн Шиҳоб айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ мусулмон отлиқлар билан келаётган Зубайрга йўлиқдилар. Улар Шомдан келаётган тожирлар эдилар. Бас, Зубайр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Абу Бакрга оқ кийим кийгазди. Мадинадаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан чиққанларини эшитдилар. Улар ҳар куни эрталаб ҳаррага чиқиб у Зотни интизор бўлиб кутар эдилар. Токи пешиннинг иссиғи уларни қайтаргунча турар эдилар. Бир куни интизорлари чўзилиб кетгандан сўнг ортга қайтдилар. Улар уйларига кирганларидан кейин яҳудийлардан бир киши қўрғонларидан бирининг устига ўз иши билан чиқди. Бас, унинг кўзи оппоқ бўлиб саробда кўриниб-йўқолиб келаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотнинг ҳамроҳларига тушди. Яҳудий ўзини тута олмай баланд овоз билан: «Эй араблар жамоаси! Сизлар интизор бўлиб кутаётган бобонгиз ана!» деб қичқирди. Мусулмонлар силоҳларига отилдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳарранинг юқорисида кутиб олдилар. У Зот уларнинг ўнг томонларида юриб келиб бани Амр ибн Авфникига тушдилар. Ўшанда Робиъул аввал ойи, душанба куни эди. Абу Бакр одамларни кутиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим ўтирар эдилар. Ансорлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаганлари Абу Бакрга салом беришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қуёш тушиб қолганида Абу Бакр у Зотни ридоси билан соя қилиб тўсди. Ана шунда одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танидилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Амр ибн Авфникида ўн кеча турдилар. Тақвога асосланган масжидга асос солдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унда намоз ўқидилар. Сўнгра уловларини миндилар. Одамлар у Зотнинг атрофларида пиёда юриб кетдилар. Охири уловлари Мадинадаги масжидур расулнинг ўрнига чўкди. Ўша кунларда у ерда баъзи мусулмонлар намоз ўқир эдилар. Аслида бу жой Асъад ибн Зуроранинг тарбиясидаги Суҳайл ва Саҳл исмли икки етимнинг хурмо хирмони эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари у Зот билан чўкканида: «Иншааллоҳ, мана шу манзилдир», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам иккала ғуломни чақирдилар ва хирмонни масжид қилиб олиш ниятида савдолашдилар. Икковлари: «Йўғ-е! Биз сизга уни ҳадя қиламиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан уни ҳадя ўлароқ қабул қилишдан бош тортдилар. Охири сотиб олдилар. Кейин у ерга масжид бино қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бино қилишда одамлар билан ғишт кўтаришдилар. У Зот ғиштни кўтариб кетаётиб қуйидаги байтни айтардилар: «Бу юклар Хайбар юкларидек эмасдир. Эй Роббимиз, бу яхшироқ ва покроқдир». У Зот яна: «Эй бор Худоё! Ажр охират ажридир. Ансору муҳожирларни раҳм қил!» дердилар. У Зот мусулмонлардан бир кишининг шеърини мисол қилдилар. Унинг кимлиги менга айтилмади. Ибн Шиҳоб: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу байтлардан бошқа шеърнинг тўлиқ байтини мисол қилганлари ҳадисларда етмади», деди». Шарҳ: Тақвога асосланган масжидга асос солдилар, деганидан мурод Қубо масжидидир. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага Абу Бакрни мингаштирган ҳолларида кириб келдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш кўринар ва танилган эмасдилар. Абу Бакр шайх ва танилган эди. Унга учраган киши: «Эй Абу Бакр, олдингдаги одам ким?» деб сўрарди. Абу Бакр бўлса: «Бу мени йўлга ҳидоят қиладиган», дер эди. Эшитган йўлни тушунар эди. У эса яхшилик йўлини қасд қилар эди. Абу Бакр қайрилиб қараб, бирдан уларга етай деб қолган отлиқни кўрди ва: «Эй Аллоҳни Расули! Ана отлиқ! Бизга етиб қолди!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайрилиб қарадилар ва: «Эй бор Худоё, уни йиқитгин!» дедилар. Бас, уни оти йиқитди ва туриб кишнай бошлади. У: «Эй Аллоҳнинг набийи! Мени хоҳлаган нарсангизга амр қилинг!» деди. У Зот: «Жойингда туриб бизга бировнинг етиб олишига йўл қўйма», дедилар. У наҳорнинг аввалида Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душман эди. Наҳорнинг охирига келиб у Зотга ёрдамчи бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳарранинг бир томонига тушдилар. Бас, у Зот ансорийларга одам юбордилар. Улар келиб у Зотга салом бердилар ва: «Икковингиз омонлик-ла ва итоат қилинган ҳолда маркабга мининглар», дедилар. Набийюллоҳ ва Абу Бакр миндилар. Улар силоҳлар билан иккиларини ўраб олдилар. Мадинада, Набийюллоҳ келдилар, Набийюллоҳ келдилар, дейилди. Улар интилиб назар солишар ва: «Набийюллоҳ келдилар! Набийюллоҳ келдилар!» дейишарди. У Зот юриб бориб, Абу Айюбнинг ҳовлиси ёнига тушдилар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳлимизнинг уйларидан қай бири энг яқин?» дедилар. Абу Айюб: «Меники, эй Набийюллоҳ! Манави ҳовлим, манави эшигим», деди. У зот: «Сен бориб биз учун кундузги уйқуга жой ҳозирла», дедилар. У: «Икковингиз Аллоҳнинг баракаси ила ўрнингиздан туринглар», деди». Ушбу учовини Бухорий ривоят қилган. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят: «Абу Бакр отамдан ўн уч дирҳамга бир эгар сотиб олди», деди. Сўнгра Абу Бакрдан ҳижрат ҳақидаги ҳадисни ривоят қилиб келиб қуйидагиларни айтди: «Суроқа бизга яқинлашиб келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг зиддига дуо қилдилар. Бас, унинг оти қорнигача ерга кириб кетди. Унинг ўзи отилиб тушди ва: «Эй Муҳаммад! Мен билдим. Бу сенинг ишинг. Аллоҳга дуо қил. Мени гирифтор бўлган нарсамдан халос қилсин. Сен учун ортимдагиларнинг кўзини кўр қилиш менинг зиммамда. Манави ўқдоним. Ундан битта ўқни олвол. Фалон жойда менинг туяларим ва ғуломларим олдидан ўтасан. Улардан керагича ол», деди. «Бизга сенинг туянгнинг кераги йўқ», дедилар У Зот. Бас, икковлари Мадинага кечаси келдилар. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қай бирлариникига тушишлари ҳақида талашиб кетдилар. У Зот: «Бани Нажжорникига, Абдулмуттолибнинг тоғалариникига тушаман. Бу билан уларни эҳтиром қиламан», дедилар. Эркак-аёллар уйларнинг устига чиқиб олган, ғуломлар ва ходимлар кўчаларни тўлдириб юборган эди. Улар: «Эй Муҳаммад! Эй Расулуллоҳ! Эй Муҳаммад! Эй Расулуллоҳ!» деб қичқиришар эди». Муслим ва Бухорий ривоят қилган. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадинага, бизнинг олдимизга биринчи келган киши Мусъаб ибн Умайр ва Ибн Умму Мактум бўлдилар. Икковлари одамларга Қуръон ўқитишар эди. Кейин Билол келди, Саъд ибн Аби Ваққос, Аммор ибн Ясир. Сўнгра Умар ибн Хаттоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирмата саҳобалари билан келди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Мадина аҳлининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хурсанд бўлганларидек хурсанд бўлганларини кўрмаганман. Ҳаттоки чўрилар ҳам: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар» дейишарди». Бухорий ривоят қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан кейин бошқа мусулмонлар ҳам Мадинага ҳижрат қилиша бошладилар. Бунга қуйидаги ривоят ҳам далилдир.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ