Кема соҳибларининг ҳижрати

3 йил аввал 2494 siyrat.uz

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиққанлари хабари бизга Ямандалигимизда етди. Бас, биз – мен ва икки акам, мен иккисидан ҳам кичик эдим, уларнинг бири Абу Бурда, бошқаси Абу Руҳм, ўз қавмимиздан элликдан ортиқ киши билан у Зот томон ҳижрат қилиб чиқдик. Кемага миндик. Бас, у бизни Нажошийга, Ҳабашистонга олиб бориб ташлади. Унинг ҳузурида Жаъфар ибн Абу Толиб ва унинг шерикларини кўрдик. Жаъфар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бизни шу ерга юборганлар ва шу ерда туришга амр қилганлар. Сизлар ҳам биз билан туринглар», деди. Кейин ҳаммамиз биргаликда келдик. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбарни фатҳ қилганларига тўғри келди. Бас, у Зот бизга ҳам ўлжа бердилар ёки бизга ҳам ундан бердилар. У Зот Хайбар фатҳидан ғойиб бўлган бирор кишига ҳам (ўлжа) тақсим қилмадилар. Илло бизнинг Жаъфар ва унинг асҳоблари билан бўлган кемамиз одамларигагина улар билан бирга (ўлжа) тақсим қилдилар. Баъзи одамлар бизга: «Биз ҳижрат ила сиздан ўзиб кетдик», дедилар. Асма бинти Умайс Ҳафса розияллоҳу анҳонинг зиёратига кирди. Шунда Умар икковларининг олдиларига келиб қолди ва: «Бу аёл ким?» деди. «Асма бинти Умайс», деди. Умар: «Ҳабашистонлик аёлми? Денгизчи аёлми?» деди. «Ҳа», деди Асма. Умар: «Биз сизлардан ҳижрат ила ўзиб кетдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биз сизлардан кўра ҳақлироқмиз», деди. Шунда (Асманинг) ғазаби чиқди ва: «Ёлғон айтасан! Эй Умар! Ундоқ эмас! Аллоҳга қасамки, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлдингизлар. У Зот сизларнинг очингизга таом бердилар, жоҳилингизга ваъз қилдилар. Биз эса узоқлик ва ёмон кўриш ерида, Ҳабашистонда бўлдик. Бу Аллоҳ учун ва Унинг Расули учун бўлди. Аллоҳга қасамки, сен айтган нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилмагунимча таом ҳам емайман, шароб ҳам ичмайман! Биз озор чекиб, хавфда қолган эдик. Буни, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтаман ва У Зотдан сўрайман. Аллоҳга қасамки, ёлғон гапирмайман, бурилмайман ва ўшанга зиёда ҳам қилмайман», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида: «Эй Аллоҳнинг Набийи, Умар бундоқ, бундоқ, деди», деб айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У менга сизлардан ҳақлироқ эмас. Унга ва унинг шерикларига бир ҳижрат бор. Сизларга ва сизларнинг кемангиз аҳлига икки ҳижрат бор», дедилар. Асма айтади: «Абу Мусо ва кема соҳиблари жамоат-жамоат бўлиб келиб, мендан ушбу ҳадис ҳақида сўрар эдилар. Улар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида айтганларидан кўра дунёда каттароқ ва қувончлироқ нарса йўқ эди. Абу Мусо мендан бу ҳадисни қайта-қайта сўрар эди».




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ