Пайғамбар алайҳиссалом илмларининг комиллиги

9 йил аввал 4578 siyrat.uz

Давоми... Пайғамбар алайҳиссалом илмларининг комиллиги  Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматнинг кичик, ўрта ва катта аломатлари, охират, барзах ҳолатлари[1], жаннат ва жаҳаннамдагиларнинг ҳолатлари ҳамда уларнинг барча тафсилотлари ҳақида хабар берганлар. Буларнинг барчаси ҳадис китобларида зикр қилинган. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур нарсалар ҳақида хабар беришлари Аллоҳ таоло ул Зотга Ўз файзи илоҳийси ила ато этган илмларнинг нақадар кенг бўлганидан даракдир. Илмларининг кенг эканига мисол, ул Зот алайҳиссаломнинг барча оламлар ҳақида хабардор эканларидир. Меърож воқеаси борасида келган ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етти осмонга кўтарилганлари, ҳар бирига бирма-бир кирганлари, у жойларда анча-мунча нарсаларни кўрганлари ва расул алайҳимус саломлар билан учрашганлари зикр қилинган. Шунингдек, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни Арш оламидан ҳам хабардор қилган. Бунга далил шуки, у Зот алайҳиссалом Аршнинг кенглиги, унинг ҳажм жиҳатидан бутун оламлардан кенгроқ экани ҳақида баён қилганлар. Ҳадисларда келишича, ул Зот Арш ҳақида сўзлаб, унинг соялари, устунлари ва хазиналари бор эканини айтганлар. Шунингдек, Аршни кўтариб турувчи фаришталар, уларнинг қувватлари, буюкликлари тўғрисида ҳам гапирганлар. Муснад китобида келган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Мен уммий бўлган[2] Муҳаммад Пайғамбарман. Мендан кейин бирорта пайғамбар бўлмайди (Бу гапларини уч марта қайтардилар). Менга каломнинг бошию охири (яъни фасоҳат ва балоғат билан гапириш, маъноларнинг сиру асрорларига етишиш, ажойиб ҳикматлар, гўзал иборалар ишлатиш қобилияти) ато қилинди. Мен жаҳаннамнинг қўриқчилари ва Аршни кўтарувчилари нечталигини биламан». Яна ҳадисларда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни жаннат ва жаҳаннам оламидан хабардор қилгани ва у иккалалари ул Зотга бир неча муносабат ва ҳолатларда кўрсатилгани ҳам зикр қилинади. Меърож воқеаси ҳақидаги ҳадисда Расулуллоҳ: «Сўнгра мен жаннатга киритилдим. Шунда қарасам, у ерда дурдан бўлган гумбазлар бор экан. Тупроқлари ҳушбўй ҳидли мушк экан», деб айтганлар. Шунингдек, ҳадисларда зикр қилинишича, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни барзах олами ва унинг ҳолатлари, маҳшар олами[3], у ерда инсонларнинг ҳолатлари, арз олами[4], ҳавз олами[5], саҳифаларнинг кўрсатилиши, ҳисоб-китоб, мезон, сирот кўприги бўлиши, жаннатийлар, жаҳаннамийларнинг ҳолатлари ҳақида хабардор қилгандир. Пайғамбар алайҳиссалом ана шу оламларнинг барчаси ҳақида гапириб берганлар, у ерларда бўладиган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берганлар. Яна ҳадиси шарифларда келган хабарларга кўра Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни самодаги оламлар, у жойларда каффоротлар ва даражалар борасида фаришталар ўзаро баҳслашаётганлари ҳақида хабардор қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга барча нарса намоён қилинган, у Зот уларнинг ҳаммасини билиб олганлар. Бу ҳақида Имом Термизий, Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен кечаси туриб, тақдир қилинганча намоз ўқидим. Намозимда мени мудроқ босди, ҳатто оғирлашиб кетдим. Ўша ҳолатимда Роббим менга: «Эй Муҳаммад, фаришталар нима тўғрисида баҳслашяптилар?» деди. Мен: «Билмайман», дедим». Шу ҳадиснинг давомида Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга кўплаб илмларни ато қилгани зикр қилинади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Менга барча нарса намоён бўлди, мен уларнинг барчасини билиб олдим». Бошқа бир ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен осмонлар ва ердаги барча нарсаларни билдим», деб айтганлар. Табароний раҳматуллоҳи алайҳининг ривоятида эса: «Роббим менга барча нарсани ўргатди», деб айтганлар. Табаронийнинг бошқа ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло мендан нима ҳақида сўраса, уни билар эдим. Сўнгра Роббим менга: «Эй Муҳаммад, фаришталар нима ҳақида баҳслашяпти», деди. Шунда мен: «Каффоротлар ва даражалар ҳақида», дедим». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам махлуқотларнинг навлари, ҳайвонот оламининг турлари, ҳукмлари, ҳолатлари ва уларнинг батафсил маълумотлари ҳақида хабардорликлари илмларининг кенглигидандир. Бу борада Табароний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг ҳадис ривоят қилишларидаги ишончли кишиларининг санади ила Абу Дардо розияллоҳу анҳудан қилган ривоят қиладилар, у киши айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёни тарк қилишларидан олдин ҳатто осмондаги икки қаноти ила учадиган қуш борки, албатта, ўша ҳақидаги илмни ҳам бизларга айтиб берганлар». Имом Аҳмад Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у киши айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуёни тарк қилишларидан олдин осмондаги икки қаноти ила ҳаракатланадиган бирорта қуш борки, албатта, у ҳақидаги илмни ҳам ўргатганлар». Табароний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг мазкур ривоятларига қуйидаги жумлаларни ҳам қўшиб қўйганлар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга яқинлаштириб, жаҳаннамдан узоқлаштирадиган бирор амал борки, албатта, у ҳақида сизларга баён қилиб бердим», деб айтганлар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қушлар олами ҳақида улкан илм ўргатдилар. Албатта, бу нарсада ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг барча олам турларининг мавжуд томонлари ҳақида илмлари кенг бўлганига, у Зот алайҳиссалом бутун оламга манфаат келтирадиган борлиқдаги барча муҳим нарсаларни ҳамда инсониятнинг саодатини таминлайдиган барча кўрсатмаларни, эътибор қаратиш керак бўлган маълумотларни баён қилиб берганларига далил бордир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қушлар оламиники зикр қилган эканлар, инсониятни ислоҳ қиладиган, унга манфаат келтирадиган барча томонларини баён қилиб бермасликларини тасаввур қилиб бўлмайди. Яна шуни билишимиз лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммондек илмларининг қанчалигини фақатгина ул Зотга у илмларни ато этган Зот Аллоҳ таоло билади. Икки саҳиҳда ва бошқа китобларда Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, (ҳадис матнининг лафзлари Имом Бухорийга тегишлидир): «Пайғамбар алайҳиссалом қуёш завол топган вақтда чиқиб, пешин намозини ўқидилар. Салом берганларидан кейин минбарга чиқиб, қиёмат ҳақида зикр қилдилар. Ҳамда қиёматдан олдин содир бўладиган катта-катта ишларни ҳам айтиб бердилар. Сўнгра: «Ким бирор нарса ҳақида сўрашни истаса, сўрасин. Аллоҳга қасамки, мендан бирор нарса ҳақида сўрасангизлар, модомики мана шу ўрнимда турар эканман, албатта, хабар бераман», дедилар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ўшанда Ансорлар кўп йиғладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «сўранглар», деб кўп айтдилар». Шунда бир киши туриб: «Ё Расулуллоҳ, (Қиёмат куни) менинг кирадиган жойим қаерда бўлади?», деб сўради. Расулуллоҳ: «Жаҳаннам», деб жавоб бердилар. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа: «Отам ким, ё Расулуллоҳ?», деб сўради. Шунда Расулуллоҳ: «Отанг Ҳузофа», деб айтдилар. Сўнгра яна Расулуллоҳ: «Сўрайверинглар, сўрайверинглар», деб кўп қайтардилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу тиззаларига чўкиб: «Биз Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул деб рози бўлдик», деб айтдилар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Умар розияллоҳу анҳу ана шу гапларини айтганларидан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапирмай жим турдилар». Бироз вақт ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг нафсим Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳозиргина намоз ўқиётган пайтимда менга жаннат билан жаҳаннам кўндаланг қилинди. Бугун яхшилик ва ёмонлик борасида илгари кўрмаган нарсаларни кўрдим», деб айтдилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам модомики ўша ўринларида турар эканлар, саҳобаларга нима ҳақида бўлса ҳам сўрашларига изн берган эдилар.

    «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам −комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

[1] Барзах - бу дунё билан нариги дунё ўртаси, инсон вафот этган лаҳзадан қиёматгача бўлган вақт, яъни қабрдаги ҳаётдир. [2] Уммий – ўқув-ёзувни ўрганмаган. [3] Маҳшар олами – Қиёмат куни, инсонлар қайта тирилганларида ҳисоб-китоб учун йиғиладиган жой. [4] Арз олами – Қиёмат куни инсонларнинг дунё ҳаётида қилган амаллари ўзларига кўрсатиладиган ҳолат. [5] Ҳавз олами – Қиёмат куни Пайғамбар алайҳиссалом ҳавзи кавсарларидан ўз  умматларига ичирадиган кун.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ