Тақриз

8 йил аввал 3940 siyrat.uz

Тақриз

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Жаннатмакон юртимиз истиқлоли шарофати билан ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида тубдан катта ижобий ўзгаришлар бўлгани каби мўмин-мусулмонлар ўзларининг диний таълимотларининг асоси бўлган Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларини қайтадан ўрганиш ва билиш имкониятларига эга бўлдилар.

Шу ўринда Пайғамбаримизнинг сийратлари, наслу насаблари, шаклу шамоиллари, одоб-ахлоқлари, юриш-туришлари, муомалалари, пайғамбарлик замонлари, покдамон аҳлу аёллари, зурриётлари ва бошқа жуда кўплаб маълумотларни билиш ва ўрганиш соҳалари ҳам кенгайди ва ривожланди.

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти устозларидан, Пайғамбаримиз сийратларига доир ўзбек тилида асар битган ёш ва иқтидорли, ўз фанига ихлос ва муҳаббатли мударрис Абдул Азим Зиёуддиннинг навбатдаги «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт» деб номланган рисоласи юқорида зикр этилган ва бошқа кўплаб зарур маълумот ва хабарларни ўзида жам қилган. Мустақил юртимиз аҳли бу китоб орқали Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг чин умматлари сифатида ул Зотнинг мукаммал таржимаи ҳолларини, шаклу шамоилларини билиш ва тасаввур қилиш орқали ул Зотга бўлган ҳақиқий муҳаббатларини яна бир бор изҳор этиш шарафига муяссар бўлганлари муборак бўлсин! Зеро ул Зотга муҳаббат ва эҳтиром қилиш орқали Аллоҳнинг муҳаббатига эришишимиз, иншааллоҳ, муқаррардир.

Абдул Азим Зиёуддиннинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт» рисоласи замон талабига жавоб берадиган, юртдошларимизнинг маънавий ва диний билимларини янада ошириб, ҳидоят йўлида янада собитқадам бўлишларида яқиндан ёрдам берадиган асардир.

Шул сабабдан мазкур асарнинг нашри бу йўлдаги қутлуғ ва савобли амаллардан бири бўлиб ҳисобланади. Муаллифга «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт» китоби охират захираси бўлишини Яратгандан сўраб, холис дуолар қиламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси Фатво бўлими мудири

Абдулҳамид Муҳаммад Турсунов

27.12.2013 йил

Муаллиф муқаддимаси

 

Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн, вассолату вассаламу ъала Росулиҳи Муҳаммад ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

Қўлингиздаги ушбу мўъжазгина китоб ҳижрий 1434, милодий 2013 йилнинг ёз фаслида, файз-баракали Рамазон ойида ёзилди.

Маълумотлар китобча охиридаги адабиётлар ҳамда «Шомила» электрон кутубхонасидаги минглаб китоблар, шунингдек, интернетдаги кўплаб арабий, илмий-маърифий саҳифалардан фойдаланган ҳолда қуйидаги услубда жамланди:

  • Аввал ҳар бир мавзуга алоқадор маълумотлар излаб топилди;
  • Бир мавзу бўйича турли жойлардан топилган маълумотлар бир хил бўлса, дарҳол китобга киритилди;
  • Улар ҳар хил бўлса, маълумотлар ичидан саҳиҳи – ишончлиси ажратиб олинди;
  • Ўша мавзу бўйича бирорта ҳам саҳиҳ маълумот топилмаса, муҳаққиқ уламоларнинг рожиҳ (кучли, эҳтимоли кўп, ҳақиқатга яқин) гаплари олинди;
  • Агар муҳаққиқ уламолар ҳам бир фикрга кела олмаган бўлсалар, уламолар жумҳурининг – кўпчилигининг фикри олинди;
  • Агар муҳаққиқ уламолар тенг иккига бўлинган бўлиб, иккала томоннинг гаплари ҳам кучли бўлса, иккала тарафнинг ҳам фикрлари олинди.

Маълумки, тарихий маълумотлардан тўғри фойдаланмоқчи бўлган киши ривоятларни текшириб, аниқлаб, ундан кейин қабул қилиши керак.

Бу борада ҳофиз Ироқий машҳур «Алфийятус сийра» китобида: «Илм толиби билсинки, тарих китоблари ичида ишончли бўлган маълумотлар қатори ишончсизлари ҳам бор», деган.

Шайх Абдурраҳмон Муъаллимий Ямоний «Илмур рижол ва аҳамийятуҳу» китобида: «Тарихнинг тарихий воқеаларни ривоят қилувчилар аҳволини билишга бўлган эҳтиёжи ҳадиснинг бунга бўлган эҳтиёжидан кўра кучлироқдир, чунки тарих китобларида ишончсиз маълумотлар билан бир қаторда нақл қилувчиларнинг бепарволиклари ҳам кўп учрайди», деган.

Мисол учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари имом Ҳасан розияллоҳу анҳу аёлларининг адади масаласини олайлик. Айрим манбаларда «У киши кўп марта уйланган, хотинларини тўрттадан оширмаслик учун кўп талоқ қилган ва хотинларининг сони 70 та, 90 та, ҳатто 250 та, 300 та бўлган», дейилади.

Ривоятларнинг санадлари синчиклаб ўрганиб кўрилганида эса, бу маълумотларнинг бирортаси ҳам ўз тасдиғини топмади:

Биринчидан, бу ривоятларнинг ҳужжат бўлишга ярайдиган бирорта ҳам саҳиҳ санади йўқ;

Иккинчидан, санадларининг айрими жуда заиф, баъзиси асли йўқ, қолгани эса тўқимадир;

Учинчидан, бу ривоятлар тарихда сиёсий тарафкашликлар авж олган даврларда пайдо бўлган;

Тўртинчидан, бу ривоятларни дастлаб тўқиб чиқарган кимсаларнинг шахслари маълум бўлиб, улар Мадоиний, Шабланжий ва Абу Толиб Маккийлардир. Қолган олимлар эса юқоридаги гапни мана шулардан олишган;

Бешинчидан, имом Ҳасан розияллоҳу анҳу уйланган аёлларнинг исм-шарифлари маълум бўлиб, санаб кўрилса, ўнта атрофида бўлган.[1]

Юқоридаги асоссиз ривоятларнинг ёмон тарафларидан бири шуки, ашаддий миссионер Анри Ламменс (Henri Lammens, 1862-1937) каби нохолис тарихчилар бундай уйдирма ривоятлардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб, янада қўшиб-чатиб, мусулмонларнинг буюк сиймоларини қоралашга ҳаракат қилишган.[2]

Бу китобчадаги қамарий ва милодий саналар «Hijri-Gregorian Converter» ва (محول القياسات) дастурлари ёрдамида ҳисобланган.

[1] Доктор Али Муҳаммад Саллобий, “Амирул мўминин Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу, шахсиятуҳу ва асруҳу”, 27 – 33-бетлар.

[2] Доктор Али Муҳаммад Саллобий, “Амирул мўминин Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу, шахсиятуҳу ва асруҳу”, 34-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ