Қибланинг ўзгартирилиши

1 ўн йил аввал 2612 siyrat.uz

Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом Меърожга чиққанларида намоз фарз бўлди. Шундан буён мусулмонлар Каъбаи Муаззамага қараб намоз ўқиб юрган эдилар. Пайғамбаримиз ҳижрат қилиб Мадинаи Мунавварага келганларидан сўнг Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиш бошланди. Бу ҳолат ўн олти ёки ўн етти ой давом этди. Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиш Аллоҳнинг Қуръонда келмаган амри ила бўлган. Сўнгра Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло махсус оят тушириб, яна Каъбаи Муаззамани қибла этди. Пайғамбаримизнинг ҳижратларидан сўнг Аллоҳ таолонинг хусусий амри ила қибла Байтул Мақдисга томон бурилди. Ушбу бурилишда катта ҳикмат борлигини уламоларимиз мулоҳаза қилишган. Исломда ҳар бир нарса холис, Аллоҳ учун бўлиши керак. Қалбда фақат Аллоҳга ихлос бўлиши, Исломдан бошқа ҳеч бир нарсага на қиблага, на миллатга, на ерга, на тарихга ихлос ва тобелик қолмаслиги керак. Араблар эса жоҳилият даврларида кўпгина нарсаларга ихлос қўйиб, ўша нарсалар билан фахрланиб юрар эдилар. Уларда фахр уйғотадиган нарсаларнинг гултожи Байтуллоҳ эди. Араблар Байтуллоҳ уларнинг ватанида жойлашганлиги, Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан бери атрофдан одамлар шу Байтуллоҳни ҳаж қилишга келишлари билан керилишар эди. Каъбаи Муаззама бизнинг мулкимиз, шунинг учун биз бошқалардан юқори турамиз, деб билишарди. Бошқа халқлар ҳам шу қабилда ўйлашар эди. Натижада Байтуллоҳ байтуларабга — арабларнинг уйига айланиб қолган эди. Уни ақийда асосида эмас, балки таассуб, тарафкашлик асосида ҳурматлашадиган бўлиб кетган эдилар. Ана шу тарафкашлик асосида бу Пайғамбар бизнинг Каъбага қараб намоз ўқимоқда, уни ҳурмат қилмоқда, шунинг учун унга эргашамиз, дейдиганлар ҳам бўлиши мумкин эди. Бундай ғалат тафаккурлардан, тарафкашликлардан ва бошқа нарсалардан қутулиб, жоҳилият нопокликларидан пок бўлган ҳолда, фақат ақийда асосида Байтуллоҳни эъзозлашга кишиларни тайёрлаш учун қибла вақтинча Байтул Мақдисга бурилди. Шунда миллатчилик, тарафкашлик асосида Пайғамбарга эргашганлар ҳақиқий ақийда асосида Аллоҳга таслим бўлиб эргашганлардан ажраб қолади. Ҳамда мусулмонларнинг қалблари, тафаккурлари, тасаввурлари нолойиқ нарсалардан покланади. Исломга бирор қизиққан нарсаси туфайли эмас, балки Аллоҳ учун кирган бўлади. Аллоҳ таоло маълум муддат қиблани Каъбадан Байтул Мақдисга кўчирганининг бир ҳикмати шудир. Бу амрга итоат этган Пайғамбаримиз бошлиқ мусулмонлар сўзсиз ўша томон юзланиб намоз ўқидилар. Одатдагидек, яҳудийлар иғволарни тарқата бошладилар. «Муҳаммаднинг дини ҳақ бўлса, ота-боболарининг муқаддас уйи — Каъбага қараб намоз ўқийвермасдан, нима учун бизнинг қибламиз Байтул Мақдисга қараб намоз ўқийди, бу ҳам унинг динидан бизнинг динимиз афзал эканининг далили», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғини бажарадилар, яҳудийларнинг гапларига эътибор бермайдилар. Шу ҳолда ўн олти ой ёки ўн етти ой Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилди. Сўнгра қуйидаги оят нозил бўлиб, қибла Каъбаи Муаззамага қаратилди. «Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз. Албатта, китоб берилганлар уни Роббиларидан бўлган ҳақ эканини билурлар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир». Ояти кариманинг аввалидаги жумла васфига кўра, Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Каъбаи Муаззаманинг қибла қилиб берилишини кутиб юрганлар. Каъбага нисбатан чексиз муҳаббат, бунинг устига яҳудийларнинг ортиқча гап-сўзлари ва бошқа омиллар таъсирида у кишининг осмонга тез-тез қараб, шояд ваҳий келиб қибланинг ўзгарганидан хабар берса, дея кутишларини Аллоҳнинг Ўзи кўриб турганлиги баён этилмоқда. «Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрурмиз». Албатта, Аллоҳ таоло бу ишни кўриб-билиб турганидан вақти-соати келганда Каъбанинг қибла бўлганини эълон этди. «Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз». Мақсад Каъба бўлса ҳам, Масжидул Ҳаромнинг, яъни Каъбаи Муаззама атрофидаги масжиднинг зикр қилинганидан уламолар, намоз ўқувчи киши айнан Каъбага қараши шарт эмас, балки ўша томонга қараса ҳам, жоиз, дейишган. Ер юзининг турли бурчакларида истиқомат этувчи мусулмон умматни ягона қибла жамлайди. Ватанлари, турган жойлари, ранглари, тиллари, шакллари, жинслари, ёшлари, ижтимоий ҳолатлари турли-туман бўлишига қарамай, намоз пайтида ягона қиблага юзланадилар. Бир қиблага қараш уларнинг бир тану бир жон эканликларининг, мақсадлари, тутган йўллари бирлигининг, Роббилари, китоблари ва Пайғамбарлари бир эканлигининг рамзидир. Ушбу рамз Исломнинг бошқа рамзлари каби мусулмонларни бошқалардан ажратиб туради. Мусулмон миллати − ўзига мустақил, афзал, Аллоҳнинг йўлидан юрган миллат. Шунинг учун унинг ҳар бир нарсада мустақил экани билиниб туриши керак. Залолатда юрганларга тобе бўлиб қолмаслик зарур. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларни бошқаларга тақлид қилишдан, уларнинг одатлари, шиорлари ва рамзларини олишдан қайтарган. Инсон руҳ ва жасаддан иборат бўлгани учун унда руҳий-маънавий нарсаларга зоҳирий шаклларни рамз қилиб олиш майли бор. Инсондаги ҳис-туйғу ўзининг моддий рамзига эришгандагина таскин топади. Ана шунда кўнгил тўлади. Худди ичи билан таши бирлашгандек бўлади. Исломда мана шу асосда ибодатга тааллуқли барча ҳолатлар йўлга қўйилган. Фақат ният билан ёки ичда баъзи ояту дуоларни ўқиш билан кифояланиб қолмасдан, балки ҳар бир ибодатнинг ўзига яраша шакли, ҳаракати, рамзи борки, ўшаларга амал қилиш керак. Намозда қиём, рукуъ, сажда, салом; ҳажда иҳром, талбия, тавоф, саъйи, вуқуф, тош отиш, қурбонлик сўйиш ва бошқалар ана ўшандай рамзларга киради.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ