Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатна масаласи

1 ўн йил аввал 4182 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хатна қилинган ҳолда туғилганмилар ёки кўпчилик қатори оддий ҳолатда бўлганмилар? Агар хатна қилинмаган ҳолда туғилган бўлсалар, унда қачон ва ким томонидан хатна қилинганлар?

Аввало, у Зотнинг хатна қилинишлари масаласида биронта ҳам саҳиҳ ҳадис йўқлигини ва шу сабабли уламоларимиз кўп ва хўб баҳслар олиб боришганини айтиб ўтмоқчимиз.

Муҳаққиқ уламоларнинг кўпчилиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатна қилинган ҳолда туғилмаганларини, балки етти кунлик бўлганларида боболари Абдулмутталиб хатна қилганларини «рожиҳ» (ҳақиқатга яқин, эҳтимоли кўп), деб ҳисоблашган[1].

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти кунлик чақалоқ бўлганларида боболари Абдулмутталиб бутун арабларнинг урф-одатларига кўра, ўзи хатна қилган, қўчқор сўйиб, зиёфат берган ва «Муҳаммад» деб исм қўйган»[2].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатна қилинган ҳолда туғилганликлари ҳақидаги (مِنْ كَرامَتِى عَلَى رَبِّي أنِّي وُلِدْتُ مَخْتونًا ولَمْ يَرَ أحَدٌ سَوْأتِي) «Роббимнинг менга кўрсатган кароматларидан бири – мен хатна қилинган ҳолда туғилдим ва авратимни ҳеч ким кўрмаган» деган маънодаги ҳадисни Табароний ривоят қилган ва: «Мазкур ҳадисни Юнус ибн Убайддан фақат Ҳушайм ривоят қилган, ундан эса ёлғиз Суфён ибн Муҳаммад Фазорий ривоят қилган» деб қўшимча қилади.

«Жарҳ ва таъдил» уламоларидан Ибн Адий: «Фазорий саҳиҳ ҳадисларнинг иснодларини ўғирлаб олиб, улардан «мавзуъ» (сохта, тўқима) ҳадисларни ясаган», деб айблаган. Ибн Ҳиббон: «(لا يُحْتَجُّ به) унинг ривояти ҳужжатга ярамайди», деган[3]. Ҳофиз Нуриддин Ҳайсамий[4]: «(هو مُتَّهَمٌ بِه) Фазорий ишончсизликда айбланган», деган. Абу Нуайм[5]: «Ғариб», деган[6].

Ҳадиснинг исноди ҳақида ҳофиз Заҳабий, аллома Ибн Касир, ҳофиз Зайниддин Ироқий, ҳофиз Ҳайсамий, Абу Нуайм Исфаҳоний, Ибн Жавзий, Ибн Қаййим Жавзия, аллома Ибн Адим, шайх Муновий, мулла Али Қори, Ибн Ҳажар Асқалоний ва бошқа муҳаққиқ олимлар: «Саҳиҳ эмас, заиф, ривояти ғариб, ҳукми мункар, Пайғамбаримиздан собит бўлмаган», дейишган[7].

Аҳмад ибн Ҳанбалдан «Пайғамбар алайҳиссалом хатна қилинган ҳолда туғилганмидилар?» деб сўрашганида, «Аллоҳу аълам, мен билмайман», деб жавоб бериб, У Зотнинг хатна қилинган ҳолда туғилганларини тасдиқламаган[8].

Ҳокимнинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатна қилинган ҳолда туғилганлари ҳақидаги хабарлар мутавотирдир», деган гапига имом Заҳабий ва Ибн Касирлар раддия билдириб: «Қандай қилиб мутавотир бўлар экан, ахир улар саҳиҳ ҳам эмас-ку?!» дейишган[9]. Муҳаммад Муновий[10], Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий[11] ва бошқа бир қанча олимлар эса «Ҳокимнинг «мутавотир» деган сўзи «машҳур» маъносидадир, истилоҳий маънода эмас, деб таъвил қилганлар.

Ибн Талҳа[12]нинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хатна қилинган ҳолда туғилганлар», деган гапига аллома Ибн Адим раддия билдириб, унинг келтирган маълумотлари собит эмаслигини, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша пайтдаги арабларнинг урф-одатларига кўра хатна қилинганлари ҳақиқатга ва воқеликка яқинлигини баён қилган[13].

«Пайғамбаримиз хатна қилинган ҳолда туғилганлар», деган гап у Зотнинг «Хатна фитратдандир»[14], деган маънодаги саҳиҳ ҳадисларига зид бўлгани учун мункардир[15].

Хуллас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатна қилинган ҳолда туғилганлари ҳақидаги маълумот «маржуҳ» (ҳақиқатдан узоқ, эҳтимоли кам)дир.

Шайх Муновий, Жалолиддин Суютий, Сулаймон Надавий ва Ибн Қаййим Жавзия каби уламолар ҳамда «Фатово ал-Азҳар» хатна қилинган ҳолда туғилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хусусиятлари (ўзларига хос фазилатлари) эмаслигини таъкидлашган. Зеро, бошқа инсонлар ҳам хатна қилинган ҳолда туғиладилар[16].

Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида пайғамбарлик даъвосини қилган дажжоллардан бири Ибн Сайёд ҳам хатна қилинган ҳолда туғилган эди[17].

«Жаброил алайҳиссалом «Шаққус садр» воқеасида хатна қилган», деган маънодаги ривоят ҳам саҳиҳ бўлмай, ҳужжатга ярамайдиган даражада ғариб, шозз[18] ва матни-маъноси мункардир. Чунки «Шаққус садр» воқеаси баён қилинган барча саҳиҳ ҳадисларда хатна масаласи умуман зикр қилинмаган[19].

Абдул Азим ЗИЁУДДИН.

[1] «Фатово ал-Азҳар» (8/177); «Фатово ал-Ислом – савол-жавоб» (1/3081); Надавий, «Сийратун Набий» (1/39); Имом Заҳабий; Ибн Қаййим Жавзия, «Зодул маъод фи ҳадйи хойрил ибод» (1/80,81); Аллома ибн Адим (Абул Қосим Умар ибн Аҳмад Ҳалабий, ҳижрий 660 йил вафот этган, 30 жузлик «Тариху Ҳалаб» китоби муаллифи); Абу Умар ибн Абдул Барр, «Ат-тамҳид лима фил Муваттои минал маъоний вал асонид» (23/140); Жалолиддин Суютий, «Танвирул ҳаволик шарҳу Муваттои Молик» (1/165); Доктор Муҳаммад Низор Дақр, «Равоиут тиббил исломий» (1/97); Шайх Закариё Ансорий, «Манҳажут туллоб» (10/160); Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, «Мавсуъату фиқҳил ибодот» (6/244), «Мавсуъатул хутабил минбария» (2/345).

[2] Абу Умар ибн Абдул Барр, «Ат-тамҳид лима фил Муваттои минал маъоний вал асонид» (23/140).

[3] Абул Фараж ибн Жавзий, «Шарҳу муқаддима фи усулит тафсир» (16/102).

[4] «Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид» (8/224), ҳижрий 807 йил вафот этган.

[5] «Ал-ҳулия» (3/24).

[6] Жалолиддин Суютий, «Жомеъул аҳодис» (22/57).

[7] «Фатово ал-Азҳар» (8/177); «Фатовош шабакатил исломия» (4/8642); Абул Фараж ибн Жавзий, «Ал-мавзуъот»; Муновий, «Файзул Қодир» (3/40), «Ат-тайсир бишарҳил жомеъис сағир» (2/741); Ҳайсамий, «Мажмаъуз завоид ва манбаъул фавоид» (8/224); Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий, «Ас-сийратул ҳалабия» (1/116); Жалолиддин Суютий, «Жомеъул аҳодис» (22/57); Ибн Қаййим Жавзия, «Зодул маъод» (1/80); «Ҳошиятул Бужайримий ъалал Хатиб» (13/276).

[8] Ҳофиз Ибн Ражаб, «Латоифул маориф» (1/92).

[9] «Талхисул мустадрак» (2/602); «Ал-бидоя ван ниҳоя» (2/265).

[10] «Файзул Қодир шарҳул жомеъис сағир мин аҳодисил баширин назир» (3/40).

[11] «Инсонул ъуюун фи сийратил аминил маъмун» (1/116).

[12] Абу Солим Муҳаммад ибн Талҳа Қураший Шофеъий, ҳижрий 652 йил вафот этган.

[13] Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий, «Ас-сийратул ҳалабия» (1/116); Ибн Қаййим Жавзия, «Зодул маъод» (1/81), «Туҳфатул мавдуд фи аҳкомил мавлуд» (1/206); «Шарҳуз Зурқоний ъалал мавоҳиб» (1/233).

[14] Бухорий, «Ал-жомеус саҳиҳ» (5550-ҳадис), «Ал-адабул муфрад» (1/439); «Саҳиҳи Муслим» (257-ҳадис); Абу Довуд, «Сунан» (4/135); Термизий, «Сунан» (5/91); Ибн Можа, «Сунан» (1/54); Насоий, «Сунан» (6/428); Байҳақий, «Ал-одоб» (1/336); Ибн Абу Шайба, «Ал-мусаннаф» (13/384).

[15] Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, «Мавсуъату фиқҳил ибодот» (6/244).

[16] Ўша китоблар.

[17] Ибн Абу Шайба «Ал-мусаннаф» (159/15)да ва Абду Раззоқ «Ал-мусаннаф» (11)да саҳиҳ иснодлар билан ривоят қилишган.

[18] Абу Яъло Халилий «шозз» сўзига қуйидагича таъриф берган: «Шозз» ривоятнинг бор-йўғи битта исноди бўлиб, ровийи ишончли бўладими, бўлмайдими фарқи йўқ. Агар ишончсиз бўлса, ривояти «матрук» бўлиб, қабул қилинмайди. Ровийи ишончли бўлса, ўзида тўхтайди ва ривояти ҳужжатга ярамайди» (Шайх Абдул Карим ибн Абдуллоҳ Хузайр, «Шарҳун нухба» 1/56).

[19] «Фатово ал-Азҳар» (8/177); «Фатово ал-Ислом – савол-жавоб» (1/3081); Имом Заҳабий; Ибн Қаййим Жавзия, «Зодул маъод» (1/80); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, «Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод» (1/347).




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ