Асирлар муомаласи

1 ўн йил аввал 2265 siyrat.uz

Расулуллоҳ алайҳиссалом асирларни саҳобаларга тарқатдилар ва уларга яхши муомалада бўлишни тайинладилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ўтиб кетаётса, туғишган укасини бир ансорий асир қилиб олиб кетаётган экан. Унга қараб: «Буни маҳкам ушла, онасининг молу дунёси кўп. Сендан сотиб олиши мумкин», деди. Ўша асир –Абу Азиз ибн Умайр айтади: «Мени Бадрдан ушлаб, ансорийлар яшайдиган жойга олиб келишди. Агар уларга бирон егулик келтирилса, нонини менга бериб, ўзлари хурмо ер эдилар. Кимнинг қўлига нон тушса, менга келтириб берарди. Мен нонни қайтарсам, улар қўл ҳам тегизишмас эди». Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирганлар: «Тўқнашув бўлган куни Аллоҳ мушрикларни мағлуб этди. Улардан етмиш киши ўлдирилди ва етмиштаси асир олинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр, Умар ва Али розияллоҳу анҳумга асирлар тўғрисида маслаҳат қилдилар. Абу Бакр: «Эй Аллоҳнинг Расули, улар амакивачча, қабиладош ва ёки биродар одамлар, менимча, улардан тўлов олсангиз, яхши бўларди. Улардан олинган маблағ биз учун кофирларга қарши қувват бўлади. Ажаб эмаски, Аллоҳ уларни ҳам ҳидоятга солиб, бизга елкадош бўлсалар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен нима маслаҳат берасан, эй Ибн Хаттоб?» дедилар. «Аллоҳга қасамки, мен бу Абу Бакрнинг гапларига қўшилмайман. Фикрим шуки, менга агар изн берсангиз, фалончининг (Умарнинг қариндошларидан бири) бўйнини узсам, Алига изн берсангиз, акасини бўйнини узса, токи Аллоҳга қалбимизда мушрикларга нисбатан юмшоқлик йўқлигини кўрсатайлик. Булар мушрикларнинг бошлиқлари ва йўлбошчиларидир», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг айтганларига мойил бўлдилар, менинг гапларимни ёқтирмадилар. Улардан тўлов олдилар. Эртасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакрнинг олдиларига борсам, икковлари йиғлаб ўтирибдилар. «Сизни ва соҳибингизни нима йиғлатди? Агар йиғлайдиган нарса бўлса, мен ҳам йиғлай. Йиғланмайдиган нарса деб билсам, сизлар учун мен ҳам ўзимни йиғлаганга солай», дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Соҳибларинг тўлов олиши сабабидан менга сизнинг азобланишингиз анави дарахтдан ҳам яқинроқ қилиб кўрсатилди ва Аллоҳ таоло: «Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши яхши эмас эди...» дан то «Бас, ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалоли-пок бўлгани ҳолда енглар»гача нозил қилди, дедилар». Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло дастлабки даврларда то Ислом собитқадам бўлиб, у билан ҳамма ҳисоблашадиган бўлгунича бошқача иш тутишни –асирларга тўлов олмай, қилмишига яраша ўлдиришни ирода қилган эди. Аммо ҳали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бунга амр этмай турарди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан маслаҳатлашиб, асирлар учун тўлов олишга қарор қилдилар. Шундан кейингина Аллоҳ таоло оятларини нозил қилиб, хатони тузатди. Имом Ибн Шиҳоб Зуҳрий қуйидагиларни ривоят қилади: «Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга асирларнинг тўловини бериб, озод қилиш учун одам юбордилар. Ҳар бир қавм қариндошини ўзи рози бўлган тўловни бериб қутқариб олди. Шунда Аббос: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен мусулмон эдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлигингни Аллоҳ билади. Агар айтганинг рост бўлса, сенга Аллоҳнинг Ўзи мукофот беради. Аммо сен сиртдан бизга қарши бўлдинг. Ўзинг учун, акаларингнинг ўғиллари Навфал ибн Ҳорис ибн Абдумуттолиб ва Ақийл ибн Абу Толиб ибн Абдумуттолиб учун ҳамда иттифоқдошинг бани Ҳорис ибн Фиҳрнинг укаси Утба ибн Амр учун тўлов бер», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, менда унча мол йўқ», деди Аббос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умму Фазл икковингиз кўмган моллар қани?» дедилар. «Аллоҳга қасамки, эй Муҳаммад, сиз Аллоҳнинг Расули эканингизни яхши биламан, бу молларни мен ва Умму Фазлдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Мендаги молнинг йигирма увқияси ўзингизга ўтди деб ҳисоблайверинг», деди Аббос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, у бойлик Аллоҳ сендан бизга олиб берган нарсадир», деб унинг сўзини тўғриладилар. Аббос ўзига, икки акасининг икки ўғлига ва иттифоқдошига тўлов берди. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: «Агар Аллоҳ қалбларингизда яхшилик борлигини билса, сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарса берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир», деб айт!» оятини нозил қилди. Аббос айтди: «Аллоҳ менга Исломда йигирма увқия ўрнига қўлида молу мулки бўлган йигирмата қул берди. Энди Аллоҳнинг мағфиратидан умидворман». Кўриниб турибдики, Аббос розияллоҳу анҳу қалбидаги яхшилик, иймонни Расулуллоҳга айтган. Яъни мен сизларга қарши мушрикларга қўшилиб урушга келишга мажбур бўлдим, аммо аслида мусулмонман, қалбим пок, унда иймон бор, деган.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ